Депутатлар Ўзбекистон Президенти Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисидаги қонун лойиҳасини кўриб чиқди

Жамият 7007
image

Бугун, 26 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар “Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси веб-сайтида хабар берилди.

Мажлисда таъкидланишича, бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати ўз фаолиятини қонуности ҳужжатлари асосида юритиб келмоқда. Ушбу қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати фаолиятини ташкил этиш учун шаффоф ҳуқуқий асосини яратиш мақсадида ишлаб чиқилган.

Мазкур қонун лойиҳасининг ишлаб чиқилишига МДҲ иштирокчи давлатлар раҳбарлари кенгаши аъзолари томонидан 2008 йил 10 октябрдаги имзоланган МДҲ иштирокчи давлатларининг давлат қўриқловига олинган шахсларнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича ҳамкорлик келишуви ҳам асос бўлиб хизмат қилган.

Қонун лойҳасида қўриқланиши белгиланган шахсларнинг тоифаси, Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг мақоми, асосий вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, қўриқланувчи шахсларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида давлат органлари билан ҳамкорлик қилиш масалалари ўз аксини топган. Шунингдек, лойиҳада Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ белгиланиши баробарида, ушбу хизматнинг фаолиятини назорат қилиш тартиби ҳам назарда тутилган.

Қайд этилишича, лойиҳа Ўзбекистон Республикаси интерактив давлат хизматлари порталига жойлаштирилиб, жамоатчилик муҳокамасига қўйилган. Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда хорижий давлатлар, хусусан, АҚШ, Россия, Корея давлатларининг соҳадаги қонунчилик асослари атрофлича ўрганилган. Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларини МДҲ давлатлари билан имзоланган халқаро шартномаларга мувофиқлаштириш имконини беради.

Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 239
Рейтинг: 2.9
t
×