“Депутатлар низом талабини бузган”. Президентликка собиқ номзод Ортиқхўжаевга сўров юборди
Жамият
−
27 Март 2021
17043Олий Мажлис Сенати Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Наримон Умаров томонидан “Mening fikrim” веб-порталида беш мингдан зиёд овозни тўплаган “Туман ва шаҳарларда янги яшил ҳудудларни яратиш ҳақида”ги электрон жамоавий мурожаатнинг кўриб чиқилгани ва натижаси бўйича қабул қилинган қарорнинг веб-портал модераторига тақдим этилмаганлиги юзасидан Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга асослантирилган тушунтириш беришни сўраб сенатор сўрови юборилди. Бу ҳақда Сенат Ахборот хизмати хабар бермоқда.
Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 4 июндаги қарори билан тасдиқланган 2019-2020 йилларда ободонлаштириш соҳасида ишлар самарадорлигини янада ошириш бўйича “Йўл харитаси”га асосан “Одамлар учун шаҳар”, “Яшил шаҳар” ва “Шаҳар-боғ” моделлари элементларини қўллаган ҳолда кўча-йўл ҳудудларини ташкил этиш, истироҳат боғлари, хиёбонлар ва бульварлар, одамлар учун майдончалар, пиёдалар ҳаракатини ва велосипедда ҳаракатланишни ташкил этиш, минтақа иқлими ва табиий шароитлардан келиб чиқиб, комплекс ландшафт дизайни, тавсия этилган яшил буталарни ҳисобга олган ҳолда ҳудудларни кўкаламзорлаштириш бўйича манзилли дастурларни ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ҳамда амалга ошириш белгиланган.
“Mening fikrim” веб-порталида беш мингдан зиёд овозни тўплаган “Туман ва шаҳарларда янги яшил ҳудудларни яратиш ҳақида”ги электрон жамоавий мурожаат хат билан кўриб чиқиш ва тегишли қарорни қабул қилиш мақсадида халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашига киритилган эди.
Қайд этилишича, Олий Мажлис палаталарининг Кенгашлари қўшма қарори билан тасдиқланган “Mening fikrim” веб-портали орқали электрон жамоавий мурожаатлар бериш ва уларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги низомга асосан белгиланган миқдорда қўллаб-қувватловчи овоз тўплаган мурожаатни кўриб чиқиш ва у бўйича қарор қабул қилиш муддати мурожаат ваколатли давлат органига келиб тушган пайтдан эътиборан олтмиш кундан ошмаслиги (мазкур ҳолат бўйича 2020 йилнинг 21 октябрига қадар) белгиланган.
Бироқ, Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси ўрганганида, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши томонидан юқорида қайд этилган низом талаблари бузилганлиги, мазкур мурожаатнинг кўриб чиқилганлиги ва натижаси бўйича қабул қилинган қарор веб-портал модераторига бугунги кунга қадар тақдим этилмагани аниқланган.
Юқоридагиларни инобатга олиб, Наримон Умаров томонидан Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга асослантирилган тушунтириш беришни сўраб сенатор сўрови юборилган.
Маълумот учун, Наримон Умаров “Адолат” социал-демократик партияси етакчиси ҳисобланади. У 2016 йил Ўзбекистон президентлигига ўз номзодини қўйган, аммо сайловларда мағлуб бўлган. Шунингдек, Умаров 2012 йил “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган.
LiveБарчаси