Депутат Ўзбекистонга кўп миқдорда пальма ёғи кириб келишида кимни айблаяпти?
Жамият
−
18 Сентябрь 2019
5118Охирги уч йилда Ўзбекистонга ўртача 50 минг тоннадан ортиқ пальма ёғи импорт қилинган. Бу, ўз навбатида, жорий йилнинг ўтган қисқа даврида пальма ёғи импорти ўтган йилларга нисбатан кескин ўсаётганлигидан далолат бермоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Қаҳрамон Эргашев маълум қилган.
Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан Ўзбекистонга олиб кирилаётган пальма ёғи ва унинг асосида ишлаб чиқарилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг инсон саломатлигига таъсири юзасидан тегишли давлат органларига маълумотлар сўраб сўровлар юборилган ва ўрганишлар олиб борилган.
“Масалан, маргарин ва пишлоқ маҳсулотларида ёғ кислоталаридаги трансизомерлар миқдор кўрсаткичи бўйича 4 фоизгача этиб белгиланган бўлса-да, харид қилинган намуналарда уларнинг миқдори 8,8 фоиз, яъни ушбу маҳсулотлар таркибида бегона ёғларнинг миқдори 2 баробардан юқорилиги қайд этилди. Бу амалдаги “Сут ва сут маҳсулотларининг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламент”да сут маҳсулотлари таркибида сут ёғларидан ташқари бегона ёғларнинг бўлмаслиги шартига зид бўлмоқда”, дейди Эргашев.
Маълумот ўрнида, пальма ёғи инсон саломатлиги учун хавфлилиги тиббиётда аниқланган бўлиб, ҳатто, эркакларнинг бепуштлигини ҳам келтириб чиқариши мумкин экан. Шу боис, бугунги кунда Ўзбекистонда амалдаги санитария қоидалари ва меъёрларига асосан болалар озиқ-овқати маҳсулотлари ишлаб чиқарилишида пальма ёғидан фойдаланиш тақиқланган.
Депутатнинг қайд этишича, “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” Давлат дастури ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг парламент олдидаги ҳисоботида мазкур масала Ҳукумат вакиллари олдига қўйилган. Депутатлар таклифи бўйича манфаатдор вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат махсус Ишчи гуруҳи ташкил этилиб, масалани чуқур ўрганиш ва тегишли хулосалар чиқаришга келишилган.
Сўнгра, жорий йилнинг 19 август куни Вазирлар Маҳкамаси раёсати мажлисининг баёнида Давлат дастурининг ижроси юзасидан импорт қилинаётган пальма ёғининг озиқ-овқат саноатида ишлатиш билан боғлиқ вазиятни ўрганиш бўйича манфаатдор вазирлик ва идораларга вазифалар юклатилиб, тегишли муддатлар белгиланган.
“Мамлакатимизга кириб келаётган катта миқдордаги пальма ёғи қайси мақсадларда ишлатилиб, уни қандай назорат қилиш тартиби бўйича амалга оширилаётган ишлардан депутатлар ўз вақтида хабардор қилинмаяпти.
Бундан ташқари, Ҳукуматнинг ушбу масала бўйича тасдиқланган чора-тадбирлар режасида белгиланган импорт қилинаётган пальма ёғининг озиқ-овқат саноатида ишлатиш билан боғлиқ қонун ҳужжатларини тўлиқ инвентаризациядан ўтказиш натижаси бўйича 16 сентябргача деб берилган топшириғининг ижроси ҳам номаълумлигича қолмоқда", дейди депутат.
У сўзларини давом эттираркан, қатъий равишда “бундан кимдир манфаат кўраётгани аниқ”, дейди.
“Пальма ёғи — импортми? У валюта ҳисобига олиб келинадими? Нима, унинг ўрнини босувчи маҳсулот ўзимизда йўқми? Буни қайсидир идора ўйлаши керакми-йўқми? Соғлиқни сақлаш вазирлиги нега бонг урмаяпти?”, деган ҳақли саволларни ўртага ташлайди депутат.
“Аҳоли соғлини сақлаш учун биз бюджетдан катта-катта пул сарфлаяпмизми? Пальма ёғи зарарининг олдини олсак, турли хасталикларнинг олдини олган бўламиз-ку. Пировардида, бюджет маблағлари иқтисод бўлади...”
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь