“Demokrat.uz” раҳбари қамалди

Crime

−

image

“Demokrat.uz” раҳбари Фазлиддин Меҳмонов 10 йил 3 ой муддатга, блогер Азиз Ғоипназаров эса 10 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судлари хабар берди.

Қайд этилишича, Жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида Фазлиддин Меҳмонов (1998 йилда Наманган вилоятида туғилган, муқаддам судланган) ва Азиз Ғоипназаров (1991 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, муқаддам судланган) га оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни тугаган.

Бугун, 11 ноябрь куни эълон қилинган суд ҳукмига мувофиқ Фазлиддин Меҳмонов Жиноят кодексининг 165- (товламачилик), 168- (фирибгарлик) ва 248- (ўқотар қуролнинг, ўқ-дориларнинг, ўқотар қурол асосий қисмларининг, портловчи моддаларнинг, портлатиш воситаларининг ёки портлатиш қурилмаларининг қонунга хилоф муомаласи) моддаларида, Азиз Ғоипназаров ушбу кодекснинг 165-моддасида (фирибгарлик) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган.

Фазлиддин Меҳмоновга 10 йил 3 ой муддатга, Азиз Ғоипназаровга 10 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланган. Тайинланган жазоларни умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланган. Судланувчи Фазлиддин Меҳмоновдан жиноят доирасида жабрланувчиларга етказилган моддий зарар ундирилиши белгиланган.

Билдирилишича, биринчи инстанция судининг ҳукми устидан тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Тошкент шаҳар судининг апеллятия/кассация инстанциясига шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақли.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди “Taftish.uz” таҳририяти ходимлари ва ДХХнинг ОАВ фаолиятини назорат қилувчи бошқармаси зобитларига нисбатан ҳукм ўқиган эди. Хусусан, таҳририят раҳбари Ғайрат Абераев 10 йил 6 ойга, журналист Маржона Эшқувватова 4 йил 1 ойга озодликдан маҳрум қилинганди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends

News on the topic