“Demokrat.uz” раҳбари ҳам қўлга олинди
3-саҳифа
−
12 Февраль 19320 3 дақиқа
“Demokrat.uz” интернет нашри раҳбари Меҳмонов Фазлиддинхон Асатиллохон ўғли ва блогерлик фаолиятини юритувчи Ғоипназаров Азиз Абдулла ўғлига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.
Маълум қилинишича, ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан “Demokrat.uz” интернет нашри раҳбари Меҳмонов Фазлиддинхон Асатиллохон ўғли ва блогерлик фаолиятини юритувчи Ғоипназаров Азиз Абдулла ўғлига нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик) 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.
ИИББга кўра, 2025 йилнинг 15 декабрь куни гумонланувчи Ғоипназаров Сергели туманида жойлашган автосалонлардан бирини фаолиятини обрўсизлантирувчи видеоматериал тайёрлаб, интернет тармоғида жойлаштирган. Шундан сўнг “Demokrat.uz” интернет нашри раҳбари Меҳмонов, Ғоипназаровлар томонидан тайёрланган видеолавҳани ижтимоий тармоқлардан ўчириш ҳамда ушбу нашр томонидан тайёрланган, тадбиркорни обрўсизлантирувчи алоҳида видеолавҳани ОАВда жойламаслик эвазига, товламачилик йўли билан жабрланувчидан жами 50 минг доллар талаб қилган.
Меҳмонов жабрланувчидан жорий йилнинг 29 январь куни 3 минг долларни олиб, сўнг жорий йилнинг 10 февраль куни 17 минг долларни олаётган вақтида, далилий ашёлар билан қўлга олинган.
“Ҳурматли фуқаролар, агар сиз мазкур шахсларнинг ҳаракатларидан жабр кўрган бўлсангиз, энг яқин Ички ишлар органларига ёки 102 қисқа рақамига мурожаат қилишингизни сўраймиз”, дейилади бошқарма хабарида.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 16 январь куни “Taftish.uz” сайтининг 4 нафар ходими товламачилик ва фирибгарликда гумонланиб қўлга олинган эди. Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик) ва 168-моддасида (фирибгарлик) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда гумонланиб, 1988 йилда туғилган Ғайрат Абераев ҳамда “Taftish.uz” Оммавий ахборот воситаси ходимлари 1992 йилда туғилган Азизжон Юлдашев, 2000 йилда туғилган Сардор Ҳамидов, 2006 йилда туғилган Маржона Эшқувватова ҳамда 1998 йилда туғилган Дилшод Нишоновлар процессуал тартибда ушланган. Ҳозирда уларнинг қўшимча равишда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат) ҳамда 244-6-моддасида (ёлғон ахборот тарқатиш) кўрсатилган жиноятларга алоқадорликлари текширилмоқда.
Шунингдек, кейинроқ Ўзбекистонда “Xalqparvar Guruhi” журналисти 4 йилга озодликдан маҳрум этилганди. У Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат) 3-қисми “г” банди, 140-моддаси (ҳақорат қилиш) 3-қисми “а” банди, 165-моддаси (товламачилик) 1-қисми, 219-моддаси (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) 1-қисми, 227-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш) 2-қисми “а” банди ва 244-6-моддаси (ёлғон ахборот тарқатиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган.
Live
Барчаси