Амалдорларнинг топган-тутгани қандай назорат қилинади? Улар қариндошлар орқали бойлик орттириши мумкинми?

Бу қизиқ 7445
image

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 6 июлда қабул қилган ПФ-6257-сонли "Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонида 2022 йил 1 январдан бошлаб, давлат хизматчилари, давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотлар, давлат корхоналари ва муассасалари раҳбарлари, ўринбосарлари, уларнинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ва мол-мулкини мажбурий декларация қилиш тизими жорий этилиши белгиланган.

Фармонда давлат хизматчиси томонидан декларацияни тўлидириш билан боғлиқ тартиблар бузилган тақдирда, уни қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка тортишга асос бўлиши, хусусан даромадлар ва мол-мулкни декларациялаш жараёнида аниқланган ноқонуний бойлик орттирганлик учун жавобгарлик белгиланиши назарда тутилган.

Фармоннинг 4-бандида амалдорлар ва уларнинг оила аъзолари мол-мулклари ҳам декларацияга киритилиши ва буларнинг барчаси текширувдан ўтказилиши белгиланган. Фармонга бу банднинг киртилиши ва бу ҳақда бот-бот такрорланиши амалдорларга олдиндан ўзига тегишли мол-мулкларини ёки келажакда ортириши мумкин бўлган бойликларини бирламчи эмас, балки иккиламчи қариндошларига расмийлаштириши кераклиги ҳақида эмасми? QALAMPIR.UZ журналисти шу савол билан Корррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхоновга юзланди.

“Декларациялар жорий этилади, деган гапнинг ўзи привинтив чора ҳисобланади. Давлат хизматчиси пора олганидан кейин, шу пулга нимадир сотиб олсам-у қайси маблағ эвазига олганимни исботлай олмасам, деб ўйлайди. Кўпчиликда мол-мулкни қайсидир қариндош уруғининг номига расмийлаштириши мумкин, деган фикр пайдо бўляпти. Бироқ, бир кун келиб ундан фойдаланади-ку. Номида бўлмаса, бўлди деган гап йўқ. Aгар қайсидир мансабдорга тегишли мол-мулк, бошқа кишининг номидалигидан қатъи назар унга тегишли экани исботланса, чоралар кўрилиши ва жавобгарликка тортилишига сабаб бўла олади. Фармонда ҳам бу ҳақда айтилган, 2022 йилнинг 1 январидан бошлаб ушбу тизим жорий этилади. 

Бу ҳам одамларнинг масъулиятини оширади. Қонунга янги норма киритилиши ҳам режа қилинган. Хорижий экспертлар нафақат даромадларни, балки қайсидир суммадан ортиқ буюм сотиб олса ҳам декларацияда кўрсатиши кераклигини таклиф қилишяпти. Aлбатта, бировни номига ўтказиб қўйиш ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Дейлик тилла тақинчоқ сотиб олиб, қариндошига бериб қўймайди-ку”, дейди Акмал Бурхонов. 

Агентлик директорининг сўзларига кўра, ҳар бир инсоннинг Конституциядаги белгиланган мулкий ҳуқуқлари бор. Кимнингдир хатоси учун бошқа бир киши жавоб бериши – инсон ҳуқуқларига зид. Бу тизимнинг ишга тушиши давлат хизматчилари ҳалол бўлишлари, бойлик орттирсалар ҳам қонуний бойлик орттиришларига қаратилган катта привинтив чора ҳисобланади.

Феруза Нажмиддинова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 131
Рейтинг: 2.9
t
×