Декабрь охирида Мирзиёев Путин билан учрашади

Олам

image

Жорий йил декабрь ойи охирида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан учрашув ўтказиши кутилмоқда. Етакчилар бугун, 11 декабрь куни бўлиб ўтган телефон орқали мулоқотда олий даражадаги учрашувларга тайёргарлик кўриш нуқтаи назаридан минтақавий ташкилотлардаги кўп томонлама ҳамкорлик юзасидан фикр алмашди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

"Ўзбекистон-Россия кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашнинг долзарб масалаларини муҳокама қилдилар. Россия Президентининг жорий йил май ойида Ўзбекистонга давлат ташрифи давомида эришилган келишувларни етакчилар томонидан тасдиқланган "йўл харитаси" асосида амалга ошириш масалалари атрофлича кўриб чиқилди", дейилади хабарда.

Шунингдек, суҳбат давомида куни кеча Москва шаҳрида ўтган Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг навбатдаги йиғилиши ва икки томонлама музокараларнинг натижалари юқори баҳоланган. Бундан ташқари, Ўзаро товар айирбошлаш кўрсаткичлари ўсишини таъминлаш, саноат, энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги ва бошқа тармоқларда кооперация лойиҳаларини жадаллаштириш, Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари ҳамда ишбилармон ташкилотлари даражасида фаол мулоқотларни давом эттиришга қаратилган ўзаро мувофиқлаштирилган чоралар кўриш муҳимлиги таъкидланган.

"Инновациялар, сунъий интеллект, таълим ва тиббиёт соҳаларида ҳамкорлик кенгайиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Ноябрь ойида Россияда Ўзбекистон маданияти кунлари доирасидаги тадбирлар муваффақиятли ўтказилди", дейилади хабарда.

Президентларнинг учрашуви қаерда ва қачон бўлиши айтилмаган, бироқ у Мустақил Давлатлар Ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг норасмий саммити доирасида бўлиб ўтиши мумкин. 

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Кремль матбуот хизмати Мирзиёев ва Путин телефон мулофотида Сурия ва Украина атрофидаги мавжуд вазият юзасидан ҳам фикр алмашганини хабар қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг