Дебатлар – сиёсий беллашувнинг муҳим қисми

Бизнес

image

Мамлакатимиз ҳаётидаги катта сиёсий воқеа – Президент сайловларига саноқли кунлар қолмоқда. Бу жараённинг моҳиятини чуқур англаган ҳолда, айтиш мумкинки, сайловолди тарғибот ишлари ҳар доимгидан ҳам қизғин кечмоқда ва фуқароларнинг сиёсий билими сезиларли даражада ошгани кўзга ташланаётир. 

Ўзбекистонда Президент сайлови кампанияси тарихида илк бор тарғибот-ташвиқот ишларининг замонавий шаклларидан бири - партиялараро дебат бўлиб ўтди. Cиёсий партиялар ҳамда президентликка номзодларнинг ишончли вакиллари  ўртасида кечган бу дебат жамиятимиз ва давлатимизнинг демократия йўлидан ривожланиб бораётганини яққол намоён қилди. Шунингдек, у кейинги йилларда ривожланиб бораётган очиқлик сари навбатдаги қадамдир. Мунозараларнинг оммавий ахборот воситалари орқали тўғридан-тўғри намойиш этилиши сайловолди тарғибот ва ташвиқот жараёнининг ошкоралигини кўрсатади ва халқаро демократик стандартлар асосида амалга оширилаётганидан дарак беради, десак, муболаға бўлмайди.

Сайловолди дебатларида кўтарилган масалалар аҳолининг кенг қатлами учун аниқ, содда ҳамда тушунарли ўтказилиши, биринчидан, партиялар дастурларида илгари сурилган ташаббусларни амалга ошириш механизмларининг нақадар ҳаётийлиги ва халқ учун нима беришига аниқлик киритса, иккинчидан, партиялар дастурларида кўтарилаётган муаммоларнинг ечимига турли хил ёндашувлар борлигини кўрсатди. Дебатда сайловчилар учун ҳам катта имкониятлар яратилди. Яъни, мамлакатимиз ҳамда хориждаги ватандошларимиз, бошқача айтадиган бўлсак, кенг миқёсдаги сайловчилар президентликка номзодлар вакилларининг ўзларидан тўғридан-тўғри маълумот олдилар, сайловолди дастурларининг мазмуни билан танишдилар. Бошловчининг аҳолидан келиб тушган саволларни бериши ва унда  кўтарилган масалаларни ечиш  бўйича номзод вакилларининг берган жавоблари айни муддао бўлди.

Авваламбор, бундай форматдаги баҳс нафақат аҳоли, балки хорижий мамлактлардаги экспертлар, мутахассислар, ОАВ вакилларида катта қизиқиш уйғотганлигининг гувоҳи  бўлдик. Дастлабки хабарларга кўра, уларнинг кўпчилиги дебат ўтказилиши бу - демократия сари ташланган катта қадам, деб баҳоламоқда. Шунингдек,  дебатнинг кенг  жамоатчиликка  тўғридан-тўғри етказилиши унинг шаффофлигидан далолат  беради ва сайловолди ташвиқотларининг ривожланган  ва жаҳон миқёсида эътироф этиладиган стандартларига мос келади.

Шубҳасиз, баҳсларда партия вакиллари дадил ҳаракатлар, баъзи ҳолатларда бошқа партиянинг илгари сураётган ғояларига эътироз билдириш орқали ўз номзодларининг дастурини сайловчиларга етказишга ҳаракат қилдилар. Бу ҳолатни, албатта, сиёсий майдондаги катта ўзгаришлардан бири сифатида қайд этиш мумкин. Бўлиб ўтган дебат сайлов жараёнларининг умумийлик, тенглик, кўппартиявийлик, муқобиллик, очиқлик ва ошкоралик, эркинлик, адолат ва ҳаққонийлик каби халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган демократик принциплари асосида ўтишидан дарак беради.  

Дебат давомида ЎзЛиДеП номзодининг вакили ўзининг аниқ фактлари, сўнгги беш йилда амалга оширилган ишларнинг натижаси бўйича чиқишлари билан ажралиб турди. Жумладан, партия вакили томонидан дастурнинг иқтисодий платформасида мамлакатимизнинг ҳозирги ижтимоий-иқтисодий вазиятдан келиб чиқиб, аҳоли ўсиш суръатларини инобатга олган ҳолда аниқ ҳисоб-китоблар асосида камбағалликни қисқартириш, ишсизлик масалалари, нарх-навони барқарорлаштириш, энергетика, коммунал хўжалиги, таълим ҳамда соғлиқни сақлаш соҳасидаги муаммолар ечимига оид ғоялар илгари сурилди. 

Бўлиб ўтган дебат партия вакилларининг иқтисодиётни бошқаришда давлат аралашуви билан боғлиқ ёндашувларида ҳам кескин фарқлар борлигини кўрсатди. Хусусан, ХДП вакили иқтисодиётни бошқаришда давлатнинг ролини кучайтириш лозимлигини таъкидлади, Адолат партияси вакили ҳам ХДПнинг бу ғоясини қўллагандай бўлди. Аммо Экология партияси  бу таклифга нисбатан ўз эътирозларини яшириб ўтирмади. Жумладан, Экология партияси вакили режали иқтисодиётга қайтиш ҳозирги олиб борилаётган сиёсатга нисбатан тескари эканлигини таъкидласа, ЎзЛиДеП вакили ҳам давлатнинг иқтисодиётга аралашуви кучайиши бевосита яна бюрократик иқтисодиётнинг шаклланишига олиб келиши мумкинлигини таъкидлаб ўтди. Дунё амалиётидан кўриш мумкинки, иқтисодиётга давлат аралашуви бозор қонунларининг яхши ишламаслигига олиб келади.

Дебат давомида ижтимоий иқтисодий масалаларнинг  муҳокама этилиши партияларнинг иқтисодий маданияти ўсганини намойиш этди. Янги шароитда улар кўпчиликни қийнаётган мураккаб масалаларни кўтариб чиқиши ва кун тартибига айлантириб, муаммоларни ечиш бўйича ўз таклифларини илгари суришлари мумкинлигини кўрсатди. Ҳақиқатдан ҳам, бугунги баҳсларда партия вакиллари томонидан иқтисодий масалалар бўйича жиддий мунозораларга гувоҳ бўлдик. Бир томондан бир-бирига ўхшаш, бир-бирини тўлдирувчи таклифлар, шунингдек, бир-бирига қарама-қарши бўлган ҳолатларни ҳам кўрдик. 
Хулоса қилиш мумкинки, авваламбор, партияларнинг иқтисодий маданияти ошган. Улар катта-катта иқтисодий масалаларни кун тартибига олиб чиқиш бўйича таклифларни дадил илгари сурибгина қолмай, қатъий ҳимоя қила олди. Иккинчидан, бу ҳолат, менимча, кейинги беш йилда иқтисодий соҳада олиб борилган ислоҳотларга берилган ижобий баҳо, деб қараш керак. Шундай қилиб, буларнинг ҳаммаси партиялар мустақиллиги ошгани, ислоҳотларга таъсири  кучайганини кўрсатади.

Дебат  давомида бир-бирига қарама-қарши фикрлар тўқнашуви кузатилди. Бироқ, Ўзбекистон Либерал демократик партияси вакили бошқа партиялардан кўра кескин фарқ қиладиган ёндашувларини аниқ ҳисоб-китоб ва амалга ошириладиган дастурлар орқали аҳолига тушунарли тарзда очиб берди. Шу билан бирга бу партиянинг марказлаштирувчи сиёсий куч сифатида шакллангани кўзга ташланди. 

Баҳснинг энг юқори чўққисини долзарб масалалар бўйича билдирилган таклиф ва тавсияларда кўрдик, десак, хато қилмайман. Дебат бир томондан ҳар бир партиянинг жамиятдаги ўрни, ўз электорати олдида маъсулиятини намойиш этса, иккинчи томондан, уларнинг дастурларидаги ўхшаш  ва фарқли томонларни кўрсатди. Бу, албатта, иштирокчилар эътиборини тортди. Сайловолди ташвиқотларида Экопартиянинг суст ҳаракат олиб боргани ва оқибатда аҳоли томонидан паст даражада қўлланишини кузатдик. Лекин баҳс давомида Экологик партияни қўллаб-қувватловчилар сони ошди. Демак, баҳс аҳамияти шундаки, электорат номзод кўтарган масалаларни рақибига нисбатан қанчалик ишонарли ва дадил тушунтиришига аҳамият беради. Умуман, жамият ва умумхалқ манфаатлари йўлида дунёқараши, мақсади, фикрлар муштараклиги бир бўлган мамлакат фуқароларининг муайян қисмини ўз сафида бирлаштирган партиялар ушбу сайловда ўз дастурий мақсадларини амалга оширишда янгича ёндашувлар ва ўзига хос ғояларни илгари сурмоқдалар.

Реклама ҳуқуқи асосида


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

22

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг