Қабристонга айланаётган Ғазо, қўл қовуштириб турган дунё, Туркияда даҳшатли ўлим топган ўзбекистонлик аёл, UzAutoMotors васвасаси — Ҳафта таҳлили

Таҳлил

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видео кўнглимни бузиб юборди. Унда фаластинлик шифокор аёл Гада Абу Аида акс этган. У Ғазодаги Индонезия шифохонасининг тез ёрдам бўлимида ишлайди. Ғазодаги қақшатқич зарбалардан жароҳатланаётганларни шифохонанинг қабул бўлимида кутиб олаётган аёлнинг кўзлари бирдан замбилда олиб кириб кетилаётган қизига тушдию ўзини йўқотди, фарёди бутун шифохонани тутди. Она учун бунданда оғир дард бўлмаса керак. Бугун Ғазода оналар фарёди бутун дунёни тутяпти. Инқирозга юз тутаётган дунё яна бир ҳафтани ортда қолдиряпти ва кўрган кечирганларимизни сиз билан бирга Ҳафта таҳлилида ёдга оламиз. 

Тошкентдаги намойиш ва Фаластин халқи ёнидаги Мирзиёев

Ўтган ҳафтанинг якшанба куни Тошкентда Фаластинни қўллаб-қувватлаш бўйича рухсат этилмаган митинг ўтказиш ва унда қатнашишни режалаштирган фуқаролар пойтахт Тошкентдаги Амир Темур хиёбонига тўпланди. 

Ҳудудга етиб борган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари тўпланганларга Ўзбекистон қонунчилигида рухсат этилмаган митинг ўтказиш жавобгарликка сабаб бўлишини тушунтирган. Шундан сўнг кўпчилик у ерни тарк этган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг талабини бажармаганлар тегишли органларга олиб кетилган. 

Орадан бир кун ўтиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқига, айниқса, ёшларга мурожаат қилиб, уларни турли ёлғон ташвиқотларга берилмасликка, қонунга зид хатти-ҳаракатлар содир этмасликка чақирди. 

Президент Мирзиёевга кўра, Ғазодаги зўравонлик янада авж олаверса, бу халқаро вазиятнинг кенг миқёсда издан чиқишига, қуролли тўқнашувларга янги кучлар тортилишига олиб келади.

Буларнинг барчаси Яқин Шарқ минтақаси билан чекланмай, узоқ ўлкаларга ҳам тарқалиб кетадиган, оқибатини башорат қилиб бўлмайдиган фожиаларга олиб келиши мумкин.

Президент Ғазо сектори аҳолисига баҳоли қудрат ёрдам кўрсатиш учун Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Яқин Шарқ агентлигига 1 миллион 500 минг доллар ажратиш ҳақида қарор қабул қилганини айтган.

Педофил амалдорлар 3 йилга қамалди

Тугаётган ҳафтада Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида Хоразмдаги меҳрибонлик уйида қизларни зўрлаган амалдорларга оид жиноят ишини апелляция тартибида янгидан кўриб чиқиш бўйича суд жараёни якунланиб, суд ҳукми эълон қилинди.

Ҳукм билан педофил амалдорлар – Хоразм Адлия бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган Машарипов ва Янгиариқ тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи бўлиб ишлаган Қурязов Жиноят кодексининг олдинги таҳрирдаги 128-моддаси (ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) 1-қисми ва 128-1-моддаси (ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахсга моддий қимматликлар бериш ёхуд уни мулкий манфаатдор этиш орқали у билан жинсий алоқа қилиш)да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди ва Жиноят кодексининг 59-моддаси (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) тартибида уларнинг ҳар бирига узил-кесил 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Суд ҳукми эълон қилинганидан кўп ўтмай, жамоатчилик орасида яна эътирозлар пайдо бўлди. Уларнинг асосий қисми педофил амалдорларнинг жинояти тергов органи томонидан Жиноят кодексининг 118-моддаси (Номусга тегиш)да малакаланмагани билан боғлиқ.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари Светлана Ортиқованинг тушунтиришича, хоразмлик педофил амалдорлар содир этган жиноятда Жиноят кодексининг 118-моддаси, яъни Номусга тегиш аломатлари мавжуд эмас.

“Қўшимча процессуал ҳаракатлар ўтказилганда икки судланувчининг ҳаракатларида зўрлик, қўрқитиш, жабрланувчининг ожизлигидан фойдаланиш ва шу орқали улар билан жинсий алоқа қилиш ҳолати ўз тасдиғини топмади”, дейди Ортиқова.

Светлана Боймирзаевнанинг айтганларига таянадиган бўлсак, педофил амалдорлар қизларга зўрлик ишлатмаган бўлса, қизларнинг ўзи улар билан алоқа қилишга рози бўлганми? Бу саволлар ҳозирча очиқ қолмоқда ва пана-панада расмий шахслар қизларнинг хулқи ҳақида баҳслашишга уринмоқда. Мен сизга айтсам, ғишт қолипдан кўчиб бўлган. Қизларнинг қандай хулқ-атворга эгалигининг Машарипов ва Қурязов ишига алоқаси йўқ, назаримда. Қизлар қандай хулққа эга бўлишидан қатъи назар давлат ишида ишлаган амалдорлар ўша вояга етмаган қизлар билан ётоққа кирган. Асл ҳақиқат шу. Қолгани эса иккинчи даражали. 

Агар хоразмлик педофилларга нисбатан Жиноят кодексининг 118-моддаси айблови қўйилганда улар энг камида 5 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин эди. 

Шу ўринда бўлган воқеани яна бир бор ёдга олсак: шу йилнинг апрель ойида Хоразмдаги Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари (3 нафар қиз) 10 ой давомида вилоят Адлия бошқармаси бошлиғи Ойбек  Машарипов ва Янгиариқ тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи Анвар Қурязов томонидан зўрлаб келингани маълум бўлганди. Хива туман суди уларга нисбатан 1,5 йил озодликни чеклаш жазосини тайинлаганди. Шунингдек, уларга шароит яратиб берган болалар уйи раҳбари 5 ярим йилга қамалганди. Уч нафар судланувчи ҳукм устидан Хоразм вилояти судига шикоят қилган, лекин апелляция инстанцияси ҳукмни ўзгаришсиз қолдирган.

Кейинчалик Машарипов ва Қурязовларга енгил жазо тайинланганлиги ва бошқа ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанцияси судига протест келтирилган. Иш апелляция тартибида янгидан кўриб чиқиш учун Тошкент шаҳар судига юборилган.

Олимжон Ҳайдаровнинг суди бошланди

31 октябрь куни жиноят ишлари бўйича Фарғона туман судида Авазбек Эргашев раислигида блогер Олимжон Ҳайдаровга оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни бошланди. 

Суд мажлиси очиқ деб эълон қилингач, дастлаб судланувчининг ҳимоячиси томонидан суд жараёни мобайнида аудио ва видеоёзувни амалга ошириш ҳақидаги илтимосномаси юзасидан тарафлар фикри тингланган. Жиноят иши доирасидаги жабрланувчиларнинг шахсига доир маълумотлар оммага ошкор этилишини хоҳламаслиги боис илтимосномани рад қилиш ҳақидаги фикрлари инобатга олиниб, суд судланувчининг ҳимоячиси келтирган илтимосномани рад қилиш ҳақида ажрим чиқарди.  

“Шу ўринда таъкидлаш жоизки, мазкур жиноят иши очиқ суд мажлисида кўрилаётганлиги боис жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари унда кузатувчи сифатида иштирок этишлари мумкин”, дейди Олий суд матбуот хизмати раҳбари Азиз Обидов.

Ҳайдаровга нисбатан Жиноят кодексининг 139-моддаси 2-қисми (оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштириш орқали туҳмат қилиш), 139-моддаси 3-қисми “а” банди (оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишда айблаб туҳмат қилиш), 140-моддаси 3-қисми “а” банди (жабрланувчини ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан боғлиқ ҳолда ҳақорат қилиш), 165-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари (такроран ёки хавфли рецидивист томонидан, кўп миқдорда товламачилик қилиш) билан айб эълон қилинган. 

Олий суд сайтидаги очиқ маълумотларга кўра, даъвогарлар орасида Қўқон шаҳри ҳокими Маъруф Усмонов ҳам бор.

Андижонда руҳий касалларга зулм қилиняпти

Андижон вилоят руҳий соғлиқни сақлаш диспансерида тиббиёт ходими беморни урди.  Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода муассасадаги барча беморлар йўлакда саф тортгани бир “муштумзўр” шифокор уларни бирма-бир сўроқдан ўтказаётгани акс этган. Ҳатто, бир вазиятда у дуч келган беморнинг қорнига мушт туширгани, бемор эса ҳушини йўқотиб ерга йиқилганига ҳам гувоҳ бўлиш мумкин.

Видео ижтимоий тармоқларда тарқалгач, эртаси куни тонгда маъмурият томонидан ички хизмат текшируви тайинланиб, беморга қўпол муомалада бўлган ҳамда унга нисбатан жисмоний куч ишлатган кичик тиббий ходимнинг иши муассаса касаба уюшмаси мажлисида кўриб чиқилган. Эътибор беринг, кичик тиббий ходим! Агар руҳий касалликлар шифохоналарида кичик ходимлар шу қадар қудратли кучга эга бўлса, коридорда беморларни тўплаб, истаганини қилса ,бу шифохоналарда каттаконлар қандай хурмача қилиқлар кўрсатишини тасаввур қилишга қўрқасан киши. 

Хўш, бу кичик ходим шунча кучни қаердан олган? Унинг ортида ким турибди? Доимгидек, майда балиқлар овланиб, наҳанглар жон сақлашда давом этяптими? Нега бундай деганимни исботлаб кетай: мажлисда ўша кичик тиббий ходим эгаллаб турган вазифасидан озод этилиб, меҳнат шартномаси бекор қилинган. Шунингдек, унинг бу ҳаракатларига қонуний баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тегишли ҳужжатлар ҳамда кузатув қурилмаларидаги видеоёзувлардан кўчирмалар тақдим қилинган. 

Ўша куни калтакланган беморга дарров меҳрибончилик қилиниб, вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси шифокорлари томонидан УЗИ, рентген, лаборатория таҳлиллари ва бошқа диганостик текширувлардан ўтказилган. Беморда жиддий жароҳатлар ёки саломатлиги учун хавф туғдирадиган ҳолатлар аниқланмаган.

“Ҳолат бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан суриштирув ишлари бошланган.Андижон вилоят руҳий соғлиқни сақлаш диспансеридаги ҳолатни вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўз назоратига олди”, дейилади Андижон вилояти ССБ баёнотида. 

Кўрамиз, бу назорат қанчага бораркин? Гўё ўша кичик тиббий ходим кетадию вазият ўнгланиб қолади? Шахсан мен бунга ишонмайман. 

Кўпхотинлилик ва юзни тўсиб юришга жазо белгиланди

Ўзбекистонда кўп хотинлилик ва юзни тўсиб турувчи кийимларни кийганлик учун жарима белгиланди. Бу Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 31 октябрь куни имзоланган қонун билан мустаҳкамланди ва шу асосда Жиноят ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Энди икки ёки ундан ортиқ хотин билан эр-хотин бўлиб яшашни тарғиб қилиш, ушбу мазмундаги қарашларни, ғояларни ёки чақириқларни тарқатиш, шунингдек бундай хатти-ҳаракатларни рағбатлантирганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 бараваридан 30 бараваригача (4 млн 950 минг сўмдан, 9 млн 900 минг сўмгача) миқдорда жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси тайинланади. 

Шунингдек, никоҳи қонунда белгиланган тартибда қайд этилмаган шахслар ўртасида, шу жумладан никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга ошириш ҳам базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 бараваридан 30 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Бундан ташқари, жамоат жойларида шахсини идентификация қилиш имконини бермайдиган даражада юзини тўсиб юрган шахсга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан 15 бараваригача (3 млн 300 минг сўмдан 4 млн 950 минг сўмгача) миқдорда жарима қўлланилиши белгиланди. Ушбу ҳолатдан тиббий рухсатнома мавжудлиги, ходимнинг иши ушбу вазиятни тақозо этиши каби баъзи истиснолар мавжуд. 

Лекин бизда бошқа савол туғиляпти, тўғрироғи, бу савол билан бизга ўқувчиларимиз “сўраб, билиб беринг”, деб мурожаат қилишди: чет эл фуқароси Ўзбекистонга келса ва юзни ёпиб турувчи бурқа кийиб олган бўлса, айтайлик араб мамлакатларидан келган фуқаролар ҳам, кўчада юзни ёпиб юргани учун жавобгарликка тортиладими? Ҳурматли депутат ва сенаторларимиз қонунни қабул қилаётганда масаланинг бу жиҳатига эътибор беришмаганми? Нега қонунда чет элликларга нисбатан истиснолар назарда тутилмаган? 

Яна бир ўзгаришга назар ташласак. Эндиликда қонун билан миллий, ирқий, этник ёки диний адоватни тарғиб қилувчи материалларни тарқатиш мақсадида тайёрлаш, сақлаш ёки тарқатиш, шундай қилмишлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса БҲМнинг 300 бараваридан 600 бараваригача жарима ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 1 йилдан 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Бундан ташқари миллий, ирқий, этник ёки диний мансублигига қараб, аҳоли гуруҳларига нисбатан адоват, муросасизлик ёки нифоқ келтириб чиқариш мақсадида миллий шаън-шараф ва қадр-қимматни камситишга, диний эътиқодига ёки дахрийлигига қараб, фуқароларнинг ҳис-туйғуларини ҳақоратлашга қаратилган қасддан қилинган ҳаракатлар, шунингдек миллий, ирқий, этник ёки диний мансублигига қараб, фуқароларнинг устунлигини ёки нуқсонли эканлигини тарғиб қилиш, худди шунингдек миллий, ирқий, этник мансублигига ёки динга муносабатига қараб, фуқароларнинг ҳуқуқларини бевосита ёки билвосита чеклаш ёхуд уларга бевосита ёки билвосита афзалликлар бериш 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Эслатиб ўтамиз, ушбу қонун Президент тасдиқлагандан сўнг, 1 ноябрдан бошлаб расман кучга кирди.

Тошқулов ректор, Раҳимхон директор бўлди

Термиз давлат университети ректори лавозимида ишлаб юрганидаёқ назарга тушиб, эътироф қозонган, кейинроқ Олий таълим вазири бўлган ва Президент маслаҳатчиси курсисигача кўтарилган Абдуқодир Тошқулов бу ҳафта курсисидан “оғи-и-ир қулади” ва яна Термиз давлат университетига “бориб тушди”. У яна ўша қадрдон даргоҳнинг ректори лавозимида иш бошлади. 

У 2022 йил декабрдан то шу пайтгача Президентнинг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганди. Билдирилишича, ҳозирда ушбу лавозим тугатилган.

Бу ҳафта Тошқуловнинг лавозими анча пасайгани кўпчиликни хафа қилган бўлса, собиқ хонанда, ҳозир ҳам нашидлар куйлаб турадиган Сардор Раҳимхоннинг Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фонди раҳбари ўринбосари – “Вақф” хайрия ишлари бўйича директори лавозимига тайинлангани кўпларни хурсанд қилди. 

Кўплаб хайрия лойиҳалари билан танилган Сардор Раҳимхон 2022 йилнинг 4 май куни ўзининг "Юрак амри" хайрия фонди фаолиятини тўхтатганини эълон қилганди. Кейин у мамлакатни тарк этиб, Туркиядан қўним топди. Бу орада Туркияда февраль ойида содир бўлган зилзилада Ҳатай вилоятида хайрияларни амалга оширди, ўзбекистонликлардан тўпланган пуллардан туркларга хайрия қилди. 2023 йилнинг апрель ойида Раҳимхон “Юрак амри” фонди Ўзбекистонда фаолияти тикланганини билдирди, ўзи ҳам мамлакатга қайтиб келди, бироқ ўтган муддат давомида фонднинг бирор иш билан шуғуллангани ҳақида маълумот йўқ. Атрофда эса фонднинг раҳбарияти, молиявий масасаларга бош-қош бўлганлар ўртасидан оламушук ўтгани ҳақида гап-сўзлар болалади. 

“Ҳизбуллоҳ” масхара бўлди

“Ҳизбуллоҳ” етакчиси Ҳасан Насруллоҳ 3 ноябрь, жума кунги баёнотгача Исроилга Ғазодан чиқиб кетишга муҳлат берди. Муҳлат берди, муҳлат келди, Исроил қақшатқич зарбаларини тўхтатгани йўқ, “Ҳизбуллоҳ” эса ҳеч нарса қилолмади ва яна икки соатлик баёнот билан чекланди. Ҳасан Насруллоҳнинг узундан-узун ва фойдасиз нутқи эса тармоқда масхара қилинди. 

“Ҳизбуллоҳ” етакчисининг огоҳлантиришига жавобан Исроил ҲАМАСдан кейин "Ҳизбуллоҳ" билан шуғулланишга ваъда берган.“Ҳизбуллоҳ” жорий ҳафта илк бор дронлар ёрдамида Исроил армияси позицияларига зарба берди. Исроил армияси эса Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида Исроилга ракета ҳужумларидан сўнг, Ливандаги “Ҳизбуллоҳ”нинг бир қатор нишонларига зарба берганини маълум қилган.

АҚШ "Ҳизбуллоҳ"ни Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги урушга аралашмасликка чақирди. 

“Ҳизбуллоҳ" ёки бошқа давлат ва нодавлат кучлари давом этаётган можародан ўз манфаатлари йўлида фойдаланмаслиги керак. Акс ҳолда, 2006 йилги Исроил ва Ливан ўртасидаги урушдан ҳам кўпроқ қон тўкилиши мумкин. Қўшма Штатлар можародан Ливаннинг ҳам жабрланишини истамайди”, дейилади номини яширган АҚШ расмийси баёнотида.

Бу орада эса Исроил мудофаа кучлари Ғазони қуршаб олишни якунлаганини билдирди. Мудофаа кучлари вакили – бригада генерали Даниэль Хагарийга кўра, исроиллик ҳарбийлар ҲАМАСнинг постлари, штаб-квартиралари, учириш майдончалари ва учириш инфратузилмаларига ҳужум қилиб, йўқ қилмоқда.

“Times of Israel” нашрига кўра, Ҳагарий ўт очишни тўхтатиш атамаси ҳозирда умуман муҳокама қилинмаётганини айтган.

Америка Қўшма Штатлари Исроилга Ғазо секторидаги фаластинлик тинч аҳоли ўртасидаги талофатларни минималлаштиришга қаратилган "аниқ қадамлар"ни таклиф қилди. Бу ҳақда Тель-Авивга борган АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен матбуот анжуманида сўз очди. 

“Биз Исроилга ҲАМАС террорчилари ва уларнинг зўравонлик учун инфратузилмасини аниқлаш ва йўқ қилиш мақсадларига эришишда фақат энг яхши дўстлар таклиф қила оладиган тинч аҳоли қурбонларини қандай камайтириш бўйича маслаҳат бердик. Бугун мен Бош вазир Нетаньяху ва бошқа юқори мартабали амалдорлар билан бунга эришиш учун аниқ қадамларни муҳокама қилдим”, дейди Блинкен.

АҚШ Давлат котибининг фикрича, Исроилнинг ҲАМАСни енгиши жуда муҳим ва АҚШ бу борада уни қўллайди. Чунки буни қила олмаслик ҲАМАС ва бошқа террористик гуруҳлар фойдасига ўйнайди. Блинкеннинг ваъда қилишича, Қўшма Штатлар Исроилнинг душманлари, жумладан, “Ҳизбуллоҳ”нинг иккинчи фронтни очишига йўл қўймаслик учун зарур чораларни кўради.

Бутун дунё Ғазода ўт очишни тўхтатиш ҳақида гапираётган бир пайтда қаерда уруш бўлса ҳозиру нозир бўладиган АҚШ бунга қарши чиқмоқда. Мамлакат Мудофаа вазирлиги тугаётган ҳафтада блокададаги Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ғоясини қўллаб-қувватламаслигини маълум қилди. 

Пентагондан генерал Патрик Райдерга кўра, ўт очишни тўхтатиш ҲАМАСнинг "оёққа туриши"га олиб келади. 

"Биз ҲАМАСга қайта тўпланиш учун вақт берадиган ҳамда Исроил халқи ва бошқаларни хавф остига қўядиган ўт очишни тўхтатишни қўллаб-қувватламаймиз", дейди Рейдер.

Исроил уруш қонуниятларини қўпол равишда бузиб, бу ҳафта Ғазо сектори шимолида жойлашган Жабалия қочқинлар лагерига икки марта ҳаво ҳужуми уюштирди ва юзлаб бегуноҳ одамлар қурбон бўлди. Ана энди урушни ва Исроилни ёқлаётган Ғарбнинг айрим мамлакатлари ҳам унинг хатти-ҳаракатларини қоралади. 

Ғазо секторидаги Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабар қилишича,  Жабалия лагерида ҳалок бўлганлар, ярадорлар ва бедарак йўқолганлар сони 1000 нафарга етган.

Боливия Исроил билан алоқаларни узди

Исроил масаласида ким қоралаш билан чекланяпти, ким аниқ қадамлар ташлаяпти. Боливия Исроил билан барча дипломатик алоқаларини узди. Чили ва Колумбия эса мамлакатдаги элчиларини маслаҳатлашув учун чақириб олди.

Мамлакат Ташқи ишлар вазири ўринбосари Фредди Маманининг билдиришича, бу қарор Исроилнинг Фаластин ҳудудларида олиб бораётган кенг кўламли ҳарбий ҳаракатларини кескин қоралаш мақсадида қабул қилинган.

Баҳрайн ҳам Исроил билан иқтисодий алоқаларини узиб, элчисини чақириб олди. 

“Бу қарор Баҳрайннинг Фаластин ишини ва қардош Фаластин халқининг қонуний ҳуқуқларини қўллаб-қувватловчи қатъий тарихий позициясининг тасдиғи ҳисобланади. Бу ҳақда Қирол барча конференциялар ва тадбирларда қайта ва қайта таъкидлаб ўтган эди”, дейилади ТИВ баёнотида. 

Шунингдек, мазкур хабар фонида Исроил элчиси ҳам қиролликни тарк этган. 

Қозоғистонликлар эса Президент Қосим-Жомарт Тўқаевга мурожаат қилиб, Исроилга нефть сотишни тўхтатишни сўради. Икки кун ичида ушбу петицияга 10 мингдан ортиқ фуқаро имзо чеккан. Мурожаат матнида шундай дейилган:

"...нефть каби стратегик аҳамиятга эга ресурсларни можаролар давом этаётган минтақага экспорт қилиш томонлардан бирини қўллаб-қувватлаш билан баробар. Қозоғистон эса ҳамиша халқаро майдонда тинчлик ва барқарорлик тарафдори бўлиб келган. Кўпчиликнинг чақириқларига қарамай, Исроил Ғазодаги ҳарбий амалиётларини давом эттирмоқда. Бундан ташқари, Исроил БМТ Бош Ассамблеясининг зудлик билан сулҳ тузишга чақирувчи резолюциясини рад этди".

Исроилга етказиб бериладиган нефтнинг тахминан 10 фоизи Қозоғистон ҳиссасига тўғри келиб, маҳсулот Озарбайжоннинг Баку-Жейхан нефть қувури орқали юборилади ва у ерда қайта ишланиб, самолётлар учун авиакеросин, танклар учун дизель ёқилғиси сифатида фойдаланилади.

Эронда эса Олий раҳнамо Оятуллоҳ Али Ҳоманаий Исроилнинг Ғазо секторида ҲАМАСга қарши олиб бораётган ҳарбий операцияси фонида Исроилга нефть ва озиқ-овқат экспортини тўхтатишга чақирди. 

Халқаро жиноий гуруҳ раҳбари қўлга олинди

Туркия полицияси Истанбулда “Comanchero” халқаро қуролли уюшган жиноий гуруҳи етакчиларидан бири, Австралия ва АҚШ ҳукумати томонидан қидирувда бўлган Ҳасан Айиқ ҳамда ташкилотнинг яна 37 нафар аъзосини қўлга олди. 

Суд қарори билан Айиқ, шунингдек, ташкилотнинг АҚШ, Австралия ва Янги Зеландия томонидан халқаро ҳибсга олишга ордер берилган яна етти нафар юқори мартабали амалдори ушланган.  

Ташкилотнинг 55 нафар гумонланувчига тегишли 4,5 миллиард турк лираси (тахминан 160 миллион доллар)лик мол-мулки ҳам мусодара қилинган. Ушбу активларга банк ҳисоблари, кўчмас мулк, транспорт воситалари ва 22 компаниянинг акциялари киради. 

Аниқланишича, ташкилотга қарашли жиноий тўдалар етакчилари турк ва хорижлик ташкилотлар аъзолари билан бирга Туркияга келган ва у ерда жиноий фаолиятини давом эттириб, Жанубий Америкадан сотиб олинган гиёҳванд моддаларни Австралия, Голландия ва Гонконгга етказишга уринган, шунингдек, пул ювиш билан шуғулланган.

Ўзбекистонликни ўлдириб, бўлакларга бўлган эркак умрбодга қамалди

Жорий йилнинг 23 март куни Туркиянинг Истанбул шаҳри Боғчалиуйлар туманида яшаган ўзбекистонлик 40 яшар Умида Тўлаганова ўзи билан бирга яшаган 61 ёшли Риза Белер томонидан тош билан уриб ўлдирилгани ҳамда аёлнинг жасади бўлакларга бўлиниб, музлатгичга жойлангани маълум бўлганди. Ушбу даҳшатли жиноят иши бўйича бошланган суд мажлиси якунланиб, қотил “аёл кишини режа тузиб, қасддан ўлдириш” айблови билан оғирлаштирилган умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди. 

Айблов хулосасида Белер Тўлагановани ўлдириш режасини тузиб, воқеа содир бўлган кундан 3 ой олдин уйга пиёдалар йўлагига ётқизиладиган “брусчатка” тошидан олиб келгани, воқеа содир бўлган куни судланувчи Умида Тўлаганова билан уйга бошқа эркакни киритгани сабабли жанжаллашгани, кейин аёлнинг боши, юз ва бўйин соҳаларига ўша тош билан уриб ўлдиргани айтилган.

Белер жабрланувчининг қўлларини бўғим жойидан кесиб, музлатгичга қўйган.

Прокурор Риза Белер аёлни қасддан ўлдиргани учун суддан оғирлаштирилган умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилишни сўради. Судда сўнгги сўзини айтган Белер, воқеадан чуқур афсусдалигини билдирган ва оқлашларини сўраган. 

Суд ҳайъати Риза Белерни “аёл кишини режа тузиб, қасддан ўлдириш” айблови билан оғирлаштирилган умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилган. 

Макрон – Қозоғистон ва Ўзбекистонда!

Жорий ҳафтада Франция Президенти Эммануэль Макрон Марказий Осиёнинг икки йирик давлати, таъбир жоиз бўлса, уранга бой мамлакатлар – Қозоғистон ва Ўзбекистонга илк ташрифни амалга оширди.

Макроннинг Ўзбекистон ва Қозоғистонга келишининг асосий сабаби кўпроқ уран олиш. Бу ҳақда алоҳида дастур тайёрлаганмиз. Уни ҳозироқ YouTube каналимизда томоша қилишингиз мумкин. 

Туркийлар даври бошланди

Тугаётган ҳафтада Туркий Давлатлар Ташкилотининг 10-саммити Қозоғистоннинг Остона шаҳрида ўтказилди. Унда барча аъзо давлатлар Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Туркия ва Ўзбекистон Президентлари, шунингдек, кузатувчи давлатлар Туркманистондан Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов, Венгриядан Бош вазир Виктор Орбан иштирок этди. 

Саммитда келаси йили ташкилотга даврий раисликни Қозоғистон қабул қилиб олиши айтилди. 

 Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга туркий халқлар оиласининг бирлигини мустаҳкамлашга, туркий мамлакатларнинг манфаатлари ва қарашларини халқаро майдонда фаол илгари суришга қўшган улкан ҳиссаси учун юксак мукофот – “Туркий дунёнинг олий ордени” топширилди. 

Йиғилишда нутқ қилган Президент Шавкат Мирзиёев яна Фаластин масаласига тўхталди. Унинг фикрича, бугунги кунда жаҳон миқёсида ишонч инқирози тобора авж олмоқда. Глобал хавфсизликни таъминлашда янги муаммолар юзага келмоқда ва халқаро ҳуқуқ меъёрларидан чекиниш ҳолатлари кучаймоқда. 

“Мазкур муаммонинг ягона ва энг адолатли ечими низони „икки халқ учун икки давлат“ тамойили асосида ҳал этишдир. Фаластин халқи, БМТ резолюцияларида белгиланганидек, мустақил давлат барпо этиш ҳуқуқига эга”, дейди Мирзиёев.

Саммитдан бир неча кун аввал Туркия матбуотида Президент Ражаб Тойиб Эрдўған Остонада Исроилнинг жиноятларини муҳокама қилмоқчилиги, урушни тўхтатиш бўйича оламшумул таклифни илгари суриши ҳақида гаплар тарқалганди. Аммо ушбу саммитда Эрдўған Исроилнинг ҳаракатларини қоралашдан нарига ўтгани йўқ. 

Аксинча, у Туркий Давлатлар Ташкилотига аъзо давлатларда ягона алифбо бўлиши кераклигини таклиф қилди. Арманистонни Озарбайжон ва халқаро ҳамжамият олдидаги мажбуриятларини бажаришга чақирди, Туркиядан ўзга ҳеч бир мамлакат томонидан тан олинмаган Шимолий Кипр Турк Республикасини дастаклаб, яна Туркий Давлатлар Ташкилотига суқишга ҳаракат қилди. 

Хуллас, ТДТнинг навбатдаги саммити ҳам узоқ чўзилмай, ўтди, тугади. Президентлар кундуз куниёқ ортига қайтиб кетди. ТДТ саммити қандай ўтгани, унинг энг муҳим жиҳатлари ва нутқлардаги коса тагидаги ним коса гаплар ҳақида алоҳида дастур тайёрлаяпмиз. Катта эҳтимол билан бу дастурни эртага томоша қилишингиз мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг