Отасини судга берган Бурак, Каъбага кирган Президентлар, ўлган блогер, бузилаётган эшак ҳуқуқлари - Ҳафта таҳлили

Таҳлил

Эшак ҳуқуқлари борми? Агар эшак ҳуқуқлари кодексими, билмадим, шунга ўхшаш ҳужжат ишлаб чиқилганда унга эшакнинг қандай ҳуқуқларни киритган бўлардингиз? Йўқ-йўқ, жавоб беришга шошилманг, ўйлаш учун вақтингиз бор. Гап нима ҳақида кетаётганини ҳам айнан энг охирги хабаримизни ўқиб, кейин изоҳ ёзарсиз. QALAMPIR.UZ’нинг Ҳафта воқеалари таҳлили яна эътиборингиз марказида.

АҚШда 15 яшар ўзбекистонлик отиб ўлдирилди

Таҳлилимизни ҳафта давомида катта шов-шувга сабаб бўлган воқеадан бошламоқчиман. АҚШнинг Нью-Йорк шаҳри Бруклин туманида жорий ҳафтанинг 17 июль куни асли ўзбекистонлик 15 яшар Фаридун Мавлонов тасодифан отиб ўлдирилди. 

Франклин Делано Рузвелт ўрта мактаби ташқарисида 17 яшар йигитча бир гуруҳ ўқувчиларга қарата 7 марта ўқ узган. Дайди ўқ келиб Фаридунга тегган. У оғир аҳволда шифохонага олиб кетилган, шифокорлар уни икки марта операция қилган, бироқ қонни тўхтатишнинг имкони бўлмаган ва 18 июль куни вафот этган. 

Хўш, нимага дайди ўқ деяпмиз? Мазкур иш бўйича терговни олиб бораётган детектив Жеймс Эссигнинг сўзларига кўра, айбланувчининг нишонида Фаридун бўлмаган. Бу кўчадаги назорат камераси тасвирларида ҳам исботини топган. Унда қотил кўчада одам кўп бўлган вақтда ўқ узгани акс этган.

Боланинг отаси Фирдавс Мавлонов бундан 12 йил аввал оиласи билан бирга АҚШга кўчиб борган. Фаридун эса оиланинг 6 фарзандидан бири бўлган. Вафотига қадар бола шаҳардаги Янги Утрехт юқори мактабида таҳсил олган.

Детектив Жеймс Эссигнинг сўзларига кўра, отишмадан икки соат аввал Фаридун ва бир гуруҳ болалар бошқа болалар гуруҳи билан тортишиб қолган. Қарши томондаги 17 ёшли бола Фаридуннинг дўстларидан бири билан жанжаллашиб, дарсдан сўнг учрашиб, муштлашишга келишган. Улар ташқарида учрашган вақтда 17 ёшли ўсмир ёнидан қурол чиқариб, ота бошлаган. 

Боланинг дафн маросимида Нью-Йорк мэри Эрик Адамс қатнашди. У қотилликларни тўхтатиш учун расмийлар кўчаларни ўқотар қуроллардан тозалаши кераклигини айтган.

11 яшар қиз аввал зўрланди, кейин ўлдирилди

Тугаётган ҳафтанинг 20 июль куни Фарғона вилояти Фарғона шаҳрида даҳшатли жиноят содир этилди. 11 яшар қиз зўрлаб, ўлдириб кетилди. Воқеа Янги аср кўчасида жойлашган қурилиши тугалланмаган бинода юз берган. Бино ёнидан 11 ёшли қизчанинг мурдаси зўрлаш ва қотиллик аломатлари билан топилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97- (Қасддан одам ўлдириш), 118- (Номусга тегиш) ва 119- (Жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

Тергов давомида ушбу жиноятни содир этишда 2006 йилда туғилган шахс гумонланаётгани аниқланиб, процессуал тартибда ушланган.

“Воқеа содир бўлган куни гумонланувчининг ёнида бўлган икки нафар шерикнинг ушбу жиноятга алоқадорлиги ҳам текширилмоқда. Содир этилган қилмиш жинсий жиноятлар тоифасига тегишли бўлгани сабабли бошқа тафсилотлар ошкор қилинмайди“, дейилади Бош прокуратура хабарида. 

Шуни алоҳида айтиш ўринлики, 2023 йилнинг ўтган олти ойи давомида Ўзбекистонда вояга етмаган болаларга нисбатан содир этилган жинсий зўравонлик жинояти учун 257 нафар шахс жавобгарликка тортилган. Статистикага кўра, 2022 йилга келиб болаларга нисбатан жинсий эксплуатация ва зўравонликнинг олдини олиш халқаро индексида Ўзбекистон олдинги йилга нисбатан 7 поғонага пастлаган, яъни 59 давлат ичидан 58-ўриндан жой олган.

20 яшар блогер вафот этди

Ҳозир ўлими ҳақида хабар берадиганим блогер йигитни танимас эканман. Жамоамиз билан Telegram гуруҳимизга унинг вафот этгани ҳақидаги хабар келиб тушгач, гуруҳимиз аъзолари уни яхши танир экан шекил, “яна пиар қиляпти” деб қолишди. Ким экан деб Instagram’даги саҳифасига кирсам, ҳақиқатан ҳам бир неча бор дўппослангани, шифохонага тушгани, кўзи кўкариб, юролмай, аравачага михлангани акс этган видеоларни жойлаштирган. Ўлимига мен ҳам ишонмадим очиғи. Камига саҳифасидаги суратлар ва видеолар шу қадар ахлоқ меъёрларидан ташқарида эдики, таърифга тил ожиз. 

Йўқ, афсуски, йигитнинг вафоти рост бўлиб чиқди. Унинг исми Асад, фамилияси Арзиқулов. Instagram’да 1 миллиондан ошиқ кузатувчиси бор бўлган бу йигитнинг ўлими ҳақида Бош прокуратура воизи Ҳаёт Шамсутдинов сўз очгандан кейин биз ҳам бу хабарнинг ҳақиқатлигига ишондик. 

Йигит ўлимидан олдин бошидан оғир тан жароҳати олгани ва бир неча кун давомида шифокор кўригига бормагани маълум бўлди. 

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасидан билдиришларича, 20 яшар Асадбек Арзиқулов бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия лат ейиши, бош субдурал гематомаси, бўйин соҳаси қонталаши, иккала тиззаси ва иккала тирсагида кўкарган жароҳатлари билан Республика шошилинч тиббий ёрдам марказига ётқизилган. 

Гап шундаки, 16 июль куни соат 18:30 ларда Мирзо Улуғбек туманидаги истироҳат боғларидан бирида Асадбек Арзиқулов ва унинг 1997 йилда туғилган таниши ўртасида жанжал келиб чиққан. Блогер жанжал оқибатида оғир тан жароҳати олган. Сўнг улар ўзаро келишиб олгани сабабли воқеа жойини тарк этган. Арзиқулов бу воқеа юзасидан ҳуқуқ-тартибот идоралари ва тиббиёт муассасаларига мурожаат қилмаган. 19 июль куни аҳволи ёмонлашгани боис у шифохонага ётқизилган ва бош қисмида жарроҳлик амалиёти ўтказилган. Шифокорларнинг уринишларига қарамай блогер вафот этган.

Ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми “д” банди билан жиноят иши қўзғатилди. Ушбу модда билан айбланувчи 8 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мирзиёев яна бир бор Каъбага кирди

Тугаётган ҳафтада “Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” форматидаги биринчи саммитда иштирок этиш учун Саудия Арабистонига борган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев яна бир бор Каъбага киришга муяссар бўлди ва Умра амалларини бажарди. Бу Президент Мирзиёевнинг иккинчи бор Умра амалини бажариши. Ўтган йили август ойида ҳам у Қиролликка бориб, Умра қилган эди. 

Бу сафар Мирзиёевга Мусулмонлар идораси раиси Нуриддин Холиқназаров, Администрация раҳбари Сардор Умурзоқов ва куёвлари – Ойбек Турсунов ҳамда Отабек Умаров ҳамроҳлик қилган. 

Шунингдек, Саудиядаги саммитда иштирок этиш учун борган Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ҳам Умра амалини бажарди ва Каъбага киритилди. Бу Жапаровнинг Президент ўлароқ биринчи бор Умра амалини бажариши. Имомали Раҳмонда эса тажриба катта. Умумий ҳисобда Тожикистон раҳбари 5 марта Умра қилган. Навбатдагиси билан қўшиб ҳисобласа 3 марта Каъбага кириш бахти насиб этган. 

Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев эса Умра амалини бажармади, у Мадинага бориб, Масжид ан-Набавийни зиёрат қилиш билан чекланди. Марказий Осиёнинг яна бир мамлакати – Туркманистон Президенти Сардор Бердимуҳамедов эса на Маккага борди, на Мадинани зиёрат қилди. Агар қилган бўлса ҳам бу ҳақда ҳеч қаерда хабар берилмади. 

Саммитга қайтсак. Унда нутқ қилган Шавкат Мирзиёев минтақалар ўртасидаги амалий ҳамкорликни бир қатор йўналишларда кенгайтиришни таклиф этган. Сиёсатдан иқтисодгача, яшил иқтисодиётдан рақамлаштиришгача, экологиядан логистикагача, қатор соҳаларни қамраб олган Мирзиёевнинг нутқи. Ҳа, у кутилганидек диний масалани кўтаришни ҳам унутмади. Тошкентдаги сайловолди чиқишларида Қуръоннинг ёқилишини қоралаган Мирзиёев, энди Ислом ҳамкорлик ташкилоти доирасида дунёда кузатилаётган исломофобия ҳолатларига қарши биргаликда курашиш масаласига алоҳида тўхталди. У дунёни исломофобияга қарши курашга чорлаётган бир пайтда Стокгольмда яна Қуръон таҳқирланди ва мусулмон олами яна оёққа турди. Ўзбекистон раҳбарининг куюниб гапириши бежиз эмаслиги исботини топди. 

Бу масалага бироздан кейин тўхталамиз. Ҳозир эса араб мамлакатларига президентлар серқатнов бўлиб қолгани ҳақиида гаплашсак. Бу ҳафта Туркия раҳбари Ражаб Тойиб Эрдўған ҳам Саудия Арабистони, Қатар ва Бирлашган Араб Амирликларига борди. Лекин Умра зиёратини қилгани йўқ. У уч давлатга ҳам қуруқ қўл билан бормади, валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон, Қатар Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний ва БАА Президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаёнга Туркияда ишлаб чиқарилаётган Togg электромобилини совға қилди. Кўрфаз мамлакатларига қуруқ бормаган Эрдўған у ердан ҳам қуруқ қайтмади. Албатта, учрашувларнинг асосий қисми ёпиқ эшиклар ортида ўтди, уларда нималарга келишилгани ҳам мавҳумлигича қолмоқда. Аммо БАА ва Туркия ўртасида 50,7 долларлик шартномалар имзоланди. 

Жапаров ўз халқини дангасага чиқарди

Қирғизистон Президенти Умра қиладими, Каъбага кирадими, нима қилмасин, барибир одамларнинг кўнглини ололмаётгандек, кўплаб қирғизистонликлар унда хафа. Президент бу ҳафта қовуннинг каттасини туширди. Ўз халқини дангаса деди ва балога қолди. 

Жапаров 18 июль куни Транспорт вазирлигига янги махсус техникаларни топшираётганда ўзи учун Бишкекда қурилаётган янги саройдан сўз очди.

“Сентябргача қурилишни якунлаш режамиз бор эди, октябрда МДҲ давлатларининг саммити бўлади. 12 та Президент келади. Уларни ҳукуматнинг янги биносида кутиб олишни мўлжаллаяпмиз”, дейди Президент.

У ўз нутқида дангаса қирғиз ишчиларидан нолиган. Жапаровнинг айтишича, Ҳукумат уйи биноси қурилишида дастлаб 500 нафар қирғизистонлик ишчи ишлаган, бироқ улар билан муаммолар юзага келган.

“Объектда 500 га яқин қирғизистонлик ишчи ишлаган. Улар кунига 8 соат ўрнига 5 соат ишлади. Шанба иш куни бўлишига қарамай, улар келмайдилар, душанба куни эса ғойиб бўлишлари мумкин. Улар ишлаган беш соатнинг бир соати тушликка, яна бир соати телефонга, бир соати эса чекиш учун танаффусга кетган. Чет элликлар бир кунда тугатадиган ишни биз бир ҳафтада бажара олмаймиз”, дейди Қирғизистон Президенти. 

Президентнинг айтишича, умидсизлик ортидан янги сарой қурилишига Дубайдан келган 800  нафар ишчини ёллашга тўғри келган. Шу гапдан кейин кўринг томошани, Facebook портлади. Аида Сасибаева исмли фуқаро эътироз билдириб, Президентдан қирғиз халқи олдида кечирим сўрашини талаб қилди. 

“Садир Жапаров, менинг исмим Аида Сасибаева. Мен Қирғизистон фуқаросиман. Яқинда халқим ҳақида айтган гапларингиз менга ёқмади. Қирғизларни дангаса дедингиз. Бу менинг миллий қадр-қимматимни камситади ва сиздан кечирим сўрашни талаб қилмоқчиман. Ўз эътирозингиз, баёнотингиз билан юртим ва халқим обрўсига путур етказяпсиз. Бошқа мамлакатларда бундай камситувчи тавсиф туфайли, биз ҳақимизда нохуш фикр пайдо бўлиши мумкин. Бундан ташқари, бундай заҳарли муносабат болаларга салбий таъсир қилади. Болаларнинг ўзлари, ота-оналари, қариндошлари ва бутун халқи ҳақидаги тасаввурларини бузади”, дейилади мурожаатда.

У агар Президент узр сўраб чиқмаса барча ижтимоий тармоқларда флешмоб эълон қилишини айтган.

“Иш ташлаш бутун мамлакат бўйлаб тарқалади. Ташкилот ва корхоналарда уларнинг талабларини қондириш мақсадида ишлар тўхтатилади. Ҳозирча биргина талабимиз бор – сиздан оммавий узр сўраш. Бу сиёсий ёки мудофаа зарбаси эмас. Бу маданий иш ташлашдир. Айтганча, иш ташлашнинг табиати “Италия”, “Польша” ва “Миср” деб аталадиган иш ташлашлардан фарқ қилади. Бу қирғизларнинг зарбаси бўлади. Корхона ва ташкилотлар ходимлари ўзларини айнан сиз таърифлаганингиздек тута бошлайди. Яъни: ишга 2 соат кечикиш, ишдан 1 соат олдин чиқиб кетиш, жума куни умуман чиқмаслик ва душанба куни тушликкача қолиш. Мен ҳам ушбу акцияда иштирок этиш ниятидаман. Сиз бизни “жалкоо эл” (дангасалар) деб атагансиз. Биз мана шундай аниқ иш ташлашни ташкил қилиш орқали сизларга “дангаса халқ” нима эканини кўрсатиб қўямиз”, дейди мурожаатчи. 

Ҳозирча Жапаров гапларини қайтариб олмади, узр ҳам сўрамади. Ўзи шундоқ ҳам фалон миллионга қурилаётган саройи ва у кияётган қимматбаҳо либослар одамларнинг қонини қайнатаётган пайтда Жапаровга шу керакмиди. Ҳа, бу йил битмаса ўша зорманда сарой кейинги йил битар... 

Туркия кучли зилзилага тайёргарлик бошлади

Шу десангиз Истанбул шаҳри менга жуда ёқади. Бир сайёҳга керак бўлган ҳамма нарса бордек, назаримда. Таомлари, тили, дини бизга яқин. Денгизи бор. Энг муҳими шаҳарда кун кечириш қиммат эмас. Яқинда яна боришни режа қиляпман. Лекин катта эҳтимол билан бекор қилсам керак. Чунки шу ҳафтада шаҳар йирик зилзилага тайёрланаётгани расман хабар қилинди. Буни унча-бунча одам эмас, Туркия Экология ва шаҳарсозлик вазири Меҳмет Ўжасеки айтди. 

“Биз жаноб Истанбул ҳокими Экрем Имомўғли ва Истанбул туманларининг раҳбарлари билан шаҳарда юз бериши мумкин бўлган зилзила масаласида учрашиб, принципиал келишувга эришдик. Келаси ҳафтадан офатга тайёргарлик кўриш учун ишни бошлаймиз”, дейди вазир. 

Унинг сўзларига кўра, Истанбул сейсмик фаоллик бўйича дунёнинг энг хавфли ўнта шаҳридан бири саналади. Шаҳарда 5 миллион 800 мингта бино бўлса, улардан 1,5 миллиони хавф зонасида, 600 мингтаси юқори хавф ҳудудида жойлашган. 

12 июль куни туркиялик сейсмолог Нажи Гўюрур Мармар денгизи минтақасида, хусусан 16 миллионга яқин аҳоли истиқомат қиладиган Истанбул шаҳрида 7,2-7,6 балли силкинишлар бўлишини башорат қилганди. Бу гапга унча ишонмаган эдик. Ҳукуматнинг ўзи тараддуд бошлаганидан кўринадики, мутахассисларнинг гапи шунчаки лоф эмас. 

Швецияда исломофобия авж олди

Бояроқ Ўзбекистон Президенти  Шавкат Мирзиёев мусулмон оламини дунёдаги исломофобияга биргаликда қарши курашишга чақиргани ва бу чақирув ғоят муҳим даврда янграганини айтгандик. Мирзиёев бу сўзларни айтган жорий ҳафтада Швецияда яна Қуръон таҳқирланди.

20 июль куни Стокгольм полициясининг рухсати билан Ироқ элчихонаси яқинида акция бўлиб ўтди. Унда 37 ёшли ироқлик муҳожир Сальван Момика мусулмонларнинг муқаддас китоби Қуръон нусхасини тепган ва кроссовкасини Ироқ миллий байроғи ҳамда таниқли давлат арбобларининг суратлари билан артган. Бу шахс бундан 3 ҳафта аввал ҳам Қуръонни ёқиб юборган эди. 

Қуръоннинг таҳқирланиши ортидан Ироқда ҳам намойишлар авж олди. Швециянинг Бағдоддаги элчихонаси олдига тўпланган намойишчилар дипломатик ваколатхона биносига бостириб кириб, уни ёқиб юборган. Бу орада Ироқ ҳукумати Швециянинг Бағдоддаги элчисини чиқариб юбориш ва республиканинг Стокгольмдаги муваққат ишлар вакилини чақириб олишга қарор қилган.

Бу воқеалар халқаро ҳамжамият эътиборидан четда қолмади. Хусусан, Саудия Арабистони Швеция расмийларини бутун дунё бўйлаб миллионлаб мусулмонларга қарши провокацион ҳаракатлар такрорланишига йўл қўйгани учун қоралаб, масъулиятсизликда айблади. Шунингдек, мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги Қуръонни таҳқирлаш ҳаракати юзасидан Швеция расмийларига нота юборилишини маълум қилди.

АҚШ маъмурияти эса Қуръоннинг ёқиб юборилишини қоралаш ўрнига, Ироқдаги Швеция элчихонасига намойишчилар кириб борганини қоралаган. Давлат департаменти матбуот котиби Мэтью Миллерга кўра, Ироқ хавфсизлик кучлари намойишчилар Швеция элчихонасига кириб боришига томошабин бўлиб турган, чора кўрмаган. Миллар Вашингтон буни номақбул деб ҳисоблашини билдирган ва шведларни қўллаб-қувватлашини айтган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш эса Нью-Йоркда Ислом ҳамкорлик ташкилоти элчилари гуруҳи билан учрашувда исломофобия ҳаракатларини қоралаб, мусулмон жамоатчилиги билан бирдам эканини маълум қилган.

Туркия эса Стокгольмда Қуръон таҳқирланишини қоралаган. Расмий Анқара Швециядан ўзининг халқаро мажбуриятлари, хусусан, БМТ, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти ҳамда Европа Кенгашидаги вазифалари доирасида Ислом динига ва миллиардлаб диндорларга қарши нафрат жиноятларининг олдини олиш бўйича чоралар кўришидан умидворлигини билдирган. Шунингдек, Анқара жорий ҳафтада Қуръоннинг ёқиб юборилиши бўйича муҳим қадам ташлади. Бунга бироздан кейин қайтамиз.

Канизани ҳақорат қилган йигит суд қилинди

Шу ўринда кичик эълонимиз бор: ҳазил қилиб ҳам хонанда Канизани ҳақорат қила кўрманг. Охири вой бўлиши мумкин. Тугаётган ҳафтада Канизани Instagram орқали ҳақорат қилган қашқадарёлик талаба судланди ва 6 миллион 600 минг сўм жаримага тортилди. Иш Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судида кўриб чиқилди. Хонанданинг сўзларига кўра, йигит уни бир ой давомида ижтимоий тармоқлар орқали тинимсиз ҳақоратлаб келган.

Талаба Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топилди ва базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баробари миқдорида жаримага тортилди. 

“Kompromat иши” ёпиқ судда кўриладиган бўлди

Тугаётган ҳафтада  “Kompromat иши” бўйича суд мажлиси ўз ишини бошлади. Журналистлар жараёнга билвосита гувоҳ бўлиш учун Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани судига йиғилганига қарамай, судланувчилардан собиқ Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги матбуот котиби Мавжуда Мирзаева ва “Human” ахборот портали директори Хуршид Далиевнинг суд ёпиқ кўрилиши бўйича талаби қондирилган. 

Видео: Навбаҳор Имомова – Америка овози

Жорий йилнинг 27 январь куни “Human” ахборот портали директори Хуршид Далиев ва унинг жияни Аҳмадулло Аҳмаджонов, собиқ Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги матбуот котиби Мавжуда Мирзаева, “Ўзбекнефтгаз” компанияси матбуот котиби Сиёвуш Ҳошимов қамоққа олингани ҳақида хабар берилганди. 

Олий судга кўра, “Kompromat uzb”  Telegram канали иши бўйича жалб қилинган терговга жалб қилинган Аҳмадулло Аҳмаджонов Жиноят кодексининг 139-моддаси 2-қисми, 165-моддаси 3-қисми “а” банди, 25, 165-моддаси 3-қисми “а” банди билан, Сиёвуш Ҳошимов юқоридаги моддаларга қўшимча равишда ЖКнинг 243-моддаси билан, Хуршид Далиев эса худди шу моддалар ва ЖКнинг 184-моддаси 3-қисми билан, Мавжуда Мирзаева эса Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми “а”, “б”, “в” бандлари билан айбланмоқда. 

Мазкур жиноят иши бўйича 19 нафар жабрланувчи ва 10 нафар фуқаровий даъвогар мавжуд бўлиб, жиноят оқибатида уларга жами 5 млрд 138 млн сўм миқдорида моддий зарар етказилгани аниқланган. 

Дарвоқе, жорий йилнинг февралида ҳибсга олинган блогер Абдуқодир Мўминовга оид жиноят иши жиноят ишлари бўйича Миробод тумани судида келаси ҳафта, 25 июль куни кўриб чиқилиши белгиланди. 

У Жиноят кодексининг 141-1-моддаси (шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш) 2-қисми “а”, “б” бандлари, 165-моддаси (товламачилик) 3-қисми “а” банди, 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми “б”, “в” бандлари, 4-қисми “а” банди, 189-моддаси (савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш) 1-қисми ва 28,211-моддаси (пора беришда иштирокчилик) 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

Тасдиқланган айблов хулосасига кўра, мазкур жиноят иши бўйича 14 нафар жабрланувчи мавжуд бўлиб, жиноят оқибатида уларга жами 903 млн 421 минг 567,5 сўм миқдорида моддий зарар етказилгани аниқланган.

Туркия Қуръонни таҳқирлаганларни ҳибсга олмоқчи

Юқорида Туркия Швецияда Қуръоннинг ёқиб юборилишига нисбатан муҳим қадам ташлаганини айтгандим. Шу хабарни давом эттириб қўйсам. Муҳим қадам шундан иборатки, Анқара Бош прокуратураси Швецияда Қуръон ёқиб юборилган намойишларнинг ўн нафар иштирокчисини ҳибсга олишга ордер берди. 

Улар орасида Даниянинг “Қаттиқ келишув” партияси раҳбари – жорий йилнинг 21 январь куни Швеция пойтахтида Қуръонни ёқиб юборган Расмус Палудан ва ўтган бир ой ичида икки марта Швецияда Қуръонни таҳқирлаган ироқлик Сальван Момика бор. 

Уларга аҳолининг бир қисми томонидан қабул қилинган диний қадриятларни омма олдида ҳақорат қилиш айблови қўйилган. Тергов доирасида Бош прокуратура судга Палуданни кўрсатма бериш учун ҳибсга олиш сўрови билан мурожаат қилган. Суд аризани қаноатлантирган.

Дунёнинг кўплаб мамлакатларида, жумладан Россияда исломофобия қораланаётган, мамлакат Президенти Владимир Путин Қуръонни бағрига босиб, Ислом динига ҳурмат кўрсатаётган бир пайттда пойтахт Москвадаги масжидларда рейд ўтказилди ва 21 июль куни одамлар бунга қарши намойишга чиқди. Полициянинг намойишчиларга қаршилик кўрсатгани ва уларни қўлга олгани ҳақда маълумотлар йўқ. 

Маълумотларга кўра, 7 июль куни ОМОН ходимлари Котельник шаҳридаги масжидга намоз вақтида бостириб кирган ва намозхонларга қарата ўт ўчирувчилар пуркагичи ёрдамида сув сепган. Рейддан мақсад ноқонуний мигрантларни қидириш бўлгани айтилмоқда. Воқеадан сўнг бир гуруҳ фуқаролар Путинга мурожаат йўллаб, норозилигини билдирган.

Бундан бир ҳафта ўтиб эса, 14 июль куни Москва вилоятининг Жержинск шаҳрида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳужжатларни текшириш важи билан масжидга келиб, ибодатни бузган. Шунингдек, улар масжид ичига оёқ кийимларини ечмай киргани ортидан кичик жанжал юзага келган.

Юқоридаги икки ҳолатга нисбатан Доғистон ва Чеченистон раҳбарлари Сергей Меликов ва Рамзан Қодиров муносабат билдириб, масжидларда уюштирилган рейдларни қоралаган.

Жаҳонгир Улуғмуродовга чиқарилган ҳукм ўзгаришсиз қолди

Telegramʼдаги 10 кишилик гуруҳга тақиқланган нашид юборгани учун 3 йилга озодликдан маҳрум қилинган Жаҳонгир Улуғмуродовга нисбатан чиқарилган суд ҳукмига нисбатан келитирилган апелляция ортидан тугаётган ҳафтада ўтказилган судда ҳум ўзгаришсиз, шикоятлар эса қаноатлантирилмасдан қолдирилди. 

Мазкур жиноят иши Тошкент вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси Аширматов раислигида ҳамда судьялар – Бердиқличев ва Усмоновдан иборат суд таркибида кўриб чиқилган.

Жаҳонгир Улуғмуродовга Жиноят ишлари бўйича Оққўрғон туман судининг 2023 йил 8 майдаги ҳукмига кўра, Жиноят кодексининг 244-1-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 3-қисми “г” банди билан Жиноят кодексининг 57-моддаси (енгилроқ жазо тайинлаш)ни қўллаб, 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланганди. 

Ҳафталик таҳлилимиз аввалида бежиз эшак ҳуқуқлари ҳақида саволни ўртага ташламадим. Аллақачон жавоб топганингиз аниқ. Кўпчилик бирдан эшак ҳуқуқлари ҳақидаги саволимни эшитиб, гап нима ҳақида кетаётганини тушунган бўлса ҳам керак. Хуллас айтишга тилим ҳам, бетим ҳам чидамайди. Келинг, шу мавзуни билганга очиқ, билмаганга ёпиқлигича қолдирайлик ёки билганлар билмаганларга айтиб берсин. 
 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг