Кўчага чиққан оила сирлари – Ҳафта таҳлили
Таҳлил
−
11 Май
17695Эшитдингизми ё йўқ, ўзимизнинг қўшни Тожикистон Марказий Осиё давлатлари орасида энг камбағал давлат, деб топилибди. “Global Finance” нашри томонидан эълон қилинган дунёнинг энг қашшоқ мамлакатлари рейтингида рўйхатдаги 190 давлат ичида Ўзбекистон 67- ўринни, Тожикистон 43-ўринни эгаллаган. Қирғизистон Ўзбекистондан камбағал мамлакат сифатида 48-ўринни, Қозоғистон бой мамлакат сифатида 128-ўринни эгаллаган. Эътиборлиси шундаки, кўплаб чекловлар борасида тез-тез тилга тушиб турадиган Туркманистон ҳам Ўзбекистондан анча бой мамлакат сифатида эътироф этилиб, 101-ўринни банд этган.
Хўш, энди сизга савол билан юзланмоқчиман. Ойлик ўртача даромадингиз қанча? Топган пулингиз яшашингиз, коммунал тўловлар, дори-дармону фарзандларни ўқитиш, кийиниш, шанба-якшанба кунлари оила билан ташқарига чиқишга, яна жамғариб қўйишга етяптими? Жавобларингизни изоҳларда кутаман. Биз эса Ҳафта воқеалари таҳлилининг навбатдаги сонини бошладик.
Ижтимоий тармоқ катталарнинг дард-ҳасратига тўлиб кетди
Бу томонда марҳум ҳофиз Шерали Жўраевдан оталик ҳуқуқи талаб қилинса, бошқа томонда Алишер Усмоновнинг жиян келини Диёра Усмонова марҳум турмуш ўртоғининг калтаклашларига чидаб яшаганини, унинг ўлимидан 10 йил ўтиб айтиб чиқди. Қозоғистонда эса хотинини дўппослаб ўлдирган вазир устидан суд давом этмоқда. Камига Дубайдаги дипломатнинг рафиқаси ҳам эридан шикоят қилиб чиқди. Буларни эшитган бир танишим менга “Ака, Диёранинг айтганларини эшитдингизми, бой бўлса, ҳамма нарсаси бўлган-ку, шунақа оилада ҳам жанжал бўладими”, дейди.
Мендан буни сўраган йигит ҳали ёш, оила қуриб, бир пиёзнинг бошини олмаган, ҳозир айни романтик ҳою ҳаваслар ёшида. Менам унга ҳазил билан “укажоним, катталарнинг муаммоси ҳам катта, мушти ҳам қаттиқ, қўли ҳам узун, албатта, улар ҳам сизу бизга ўхшаган одам, эр-хотин ўртасида жанжал чиқиши аниқ, фақат жанжални тинчитиш йўллари ҳар хил”, деб жавоб қилдик, худди тепасида томошабин бўлиб тургандек.
Хуллас, узун гапни қисқа қилсам. Хўш, Диёра Усмонова нима деган эди ўзи?
Бобур Усмонов билан турмушидан бир қиз фарзанди бўлган Диёра Усмонова эрининг вафотидан 3 йил ўтиб, 2016 йилда нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиё, Россия ва Туркияда тилга тушган тадбиркор Ботир Раҳимовга турмушга чиқди ва бир ўғил фарзанд кўрди.
У аввалги турмушида турмуш ўртоғининг куч ишлатишлари ҳақида гапираркан, айтаётганлари бугунги ҳаётидан мамнунлиги ифодаси эканини сезиш қийин эмас.
СССРнинг Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қилган ғалабасига 79 йил тўлишидан икки кун аввал – 7 май куни 71 яшар Владимир Путин бешинчи марта Россия Президентлигига қасамёд қилди ва яна 6 йилга тахт бошқарувида қолди
Кремль саройида ўтган маросимда Путин қасамёд қилиб, “инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқ-эркинликларини” ҳимоя қилишга ваъда берди.
Буюк Британия ва Европа Иттифоқи дипломатлари маросимда иштирок этишдан бош тортган.
Россияда президентлик сайловлари 15-17 март кунлари бўлиб ўтган. Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, Владимир Путин сайловда 87,28 фоиз овоз олган.
Россия мухолифати, жумладан, колонияда вафот этган россиялик мухолифатчи Алексей Навальнийнинг рафиқаси Юлия Навальная ҳамда сиёсатчи ва журналист Владимир Кара-Мурза 2024 йилги Россия Президенти сайлови натижаларини тан олмасликка чақирган. Европа парламенти “Россиядаги президентлик сайловлари”нинг ноқонунийлиги тўғрисида”ги резолюцияни қабул қилган.
Инаугурация маросимидан сўнг Путин ушбу лавозимда яна олти йил, 2030 йилнинг майигача фаолият юритиш ҳуқуқига эга бўлди. Бу билан Путин Россияни Иван Грозний ва Екатерина II дан кейин энг узоқ вақт бошқарган ҳукмдорга айланади.
Тошкентда талаба йигит Исроилнинг Ўзбекистондаги элчихонасини ёқиб юборишга уринди
Мазкур ҳолат жорий йилнинг 19 апрель куни Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судида кўриб чиқилганига қарамай, бу ҳақдаги маълумотлар шу ҳафтага келиб очиқланди.
Суд ҳужжатида келтирилишича, 2004 йилда Фарғона вилоятида туғилган, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети 2-босқич талабаси бўлган йигит 2023 йилнинг 19 октябрь куни, яъни Исроилнинг Ғазо секторидаги қирғини бошланганидан 12 кун ўтиб Исроилнинг Тошкентдаги элчихонасини ёқиб юбормоқчи бўлган.
У ўша куни соат 4:30 лар атрофида ўз мақсадини амалга ошириш учун спорт сумкасига керосин солинган шиша идиш, гантель, икки қути гугурт ва мато бўлакларини жойлаб, велосипедда элчихона ёнига келиб тўхтаган. Шунда унинг ҳаракатлари элчихона ёнида жойлашган Яккасарой тумани ИИБ ходимларининг эътиборини тортган.
Ходимлар йигитдан тўхташни сўраган, у эса велосипедини бошқарган ҳолда қочишни бошлаган. Ходимлар хизмат машинасида уни кузатиб бориб, тўхтатган ва ИИБ биноси ёнига олиб борган ҳамда елкасидаги сумкани очиб кўрсатишни сўраган. Талаба йигит шунда ҳам ўз мақсадига етишиш учун ИИБ ходимларини чалғитиб, сумкасидаги керосин солинган шиша идишни ва бир дона гантель тошини қўлига олиб, элчихона биноси томонга югурган. ИИБ ва элчихона биносини қўриқлаётган Миллий гвардия ходимлари йигитни элчихона эшиги ёнида ушлаган. Бу орада у қўлидаги шишани ва гантель тошини девор устидан элчихона ҳовлиси ичига улоқтирган.
Йигит судда берган кўрсатмасида 2023 йил октябрь ойининг ўрталарида Ғазо секторида Исроил ва Фаластин ўртасида бўлаётган қуролли тўқнашувлар акс этган видеоларни кўра бошлаганини, оқибатда Исроил давлатини ёмон кўриб қолганини, ўч олиш мақсадида ушбу давлатнинг Тошкентдаги элчихонасини ёқиб юборишни мақсад қилганини билдирган.
Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди йигитни Жиноят кодексининг 155-моддаси (терроризм) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топиб, унга нисбатан 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаган.
Дастур аввалида қозоғистонлик дипломатнинг рафиқаси эридан шикоят қилиб чиққанини айтган эдик. Шу масалага батафсилроқ тўхталиш фурсати келди
Қозоғистоннинг Бирлашган Араб Амирликларидаги элчихонаси маслаҳатчиси Сакен Мамаш хотинини мунтазам калтаклаб келган ва шу йилнинг 5 май куни хотинининг синглисига нисбатан ҳам куч ишлатган. Бу ҳақда дўппосланиб, юзию кўзи моматалоқ бўлиб кетган Карина Мамаш видеомурожаат қилиб чиқди.
Видеомурожаатдан сўнг, аёл Дубайдан ватанига қайтарилди. Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги турмуш ўртоғи томонидан зўравонликка учраган Карина Мамашнинг мамлакатга қайтишини ташкил қилган.
“НеМолчиKZ” фондининг маълум қилишича, айни вақтда муттасил давом этган зўравонлик учун дипломат Сакен Мамашни жавобгарликка тортиш ҳамда Каринанинг болалари билан яшаш жойини аниқлаш масаласи кўриб чиқилмоқда.
Путиннинг инаугурациясига ҳеч бир давлат раҳбари келмаган бўлса-да, қасамёддан икки кун ўтиб, 9 май куни Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон, Гвинея-Бисау, Лаос ва Куба Президентлари Қизил майдонда ўтадиган ҳарбий парадни томоша қилиш учун Москвага тўпланди.
Россияга ташриф баҳонасида Евросиё иқтисодий кенгашининг кенгайтирилган таркибдаги йиғилиши ҳам бўлиб ўтди. Унда нутқ қилган Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси Президенти лавозимига киришгани муносабати билан Владимир Путин номига йўлланган қутловлар ва эзгу тилакларга қўшилишини билдирди. Шунингдек, у мажлисда иштирок этган барча етакчиларни муҳим сана – фашизм устидан қозонилган Буюк Ғалабанинг 79 йиллиги ҳамда Евросиё иқтисодий иттифоқи ташкил этилганининг ўн йиллиги билан қутлаган.
Шунингдек, Россия ва Ўзбекистон Президентлари ўртасида алоҳида учрашув ҳам бўлиб ўтган. Ўзбекистон Президенти матбуот хизматидан хабар қилинишича, учрашувда Ўзбекистон-Россия кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, шу жумладан савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилган.
Кремлда икки давлат раҳбарлари ўртасидаги алоҳида учрашув акс этган видеотасвирда Путин Ўзбекистондан мева ва сабзавотлар кутаётганини айтган.
Яна ҳалокат. Яна ўлим ва яна Тожикистон фуқароси.
Ҳозирча бу масалани қўя турайлик, яхшиси Тожикистон Президенти Имомали Раҳмоннинг ҳар гап бошини ўз халқини ҳимоя қилишдан бошлаётганига эътибор қаратсак.
Путиннинг таклифига биноан Россияга борган Имомали Раҳмонга Федерация Президенти билан яккама-якка гаплашиш бахти насиб этди. У Путинга “Крокус Сити Ҳолл”да содир бўлган теракт ўз мамлакати обрўсига жиддий путур етказганини айтди.
У ўзини Путинга оқлай кетди ва икки мамлакат разведка хизматлари ўтган йилларда яхши ишлаганига қарамай, “Крокус Сити Ҳолл”даги фожиа юз берганига диққат қаратди. Раҳмоннинг айтишича, Тожикистон 30 йилдан ортиқ терроризм ва экстремизмга қарши курашиб келади ва бу муаммони бевосита билади.
“Тожиклар узоқ тарих, маданият ва цивилизацияга эга қадимий халқдир. Бўлиб ўтган воқеани, албатта, биз учун мутлақо қабул қилиб бўлмайди. Бу эса халқимизнинг қиёфасига, тарихига, маданиятига, урф-одатларига жиддий зарар етказади. Биз бу борада сиз билан яқиндан ҳамкорлик қилишда давом этамиз”, дея қўшимча қилган Раҳмон.
Унинг сўзларига кўра, душманлар давлатлар ўртасида жанжал чиқаришни хоҳлашига қарамай, Россия Тожикистон учун стратегик ҳамкор ва иттифоқчи.
Бундан ташқари, Раҳмон Владимир Путинни меҳнат муҳожирлари масаласини муҳокама қилишга таклиф қилиб, бу мавзуни нозик деб атаган. Албатта нозик, чунки Россияда фаолият юритаётган Марказий Осиёлик мигрантларнинг асосий қисмини тожиклар ташкил қилади.
Имомали Раҳмон Путиндан тожикистонликларга нисбатан муносабат ўзгармаслигини сўраб ортига қайтиб кетганидан бир кун ўтиб, яна фожиали ҳодиса рўй берди. Санкт-Петербург марказида 20 га яқин йўловчиси бўлган автобус дарёга тушиб кетди. Рулда эса Тожикистон фуқароси бўлган.
Ҳодиса оқибатида 7 киши вафот этган. Полиция Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 264-моддаси 5-қисми билан иш қўзғатди. Ҳайдовчи гумонланувчи сифатида ҳибсга олинган. Агар айбдор деб топилса, етти йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.
Жорий йилнинг май ойи бошида “Чегара билмас мухбирлар” (Reporters Without Borders) халқаро нодавлат ташкилоти томонидан эълон қилинган ҳисоботда Ўзбекистон матбуот эркинлиги бўйича 2024 йилги янги рейтингда 180 та давлат ичида 148-ўринни эгаллади
Бу Ўзбекистон 2023 йилги рейтингдаги ўрнидан 11 поғона пастлаганини англатади. Бугунгача расмий Тошкент рейтингда Ўзбекистоннинг ўрни пастлашига муносабат билдирмай келаётган Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Ахборот сиёсати департаментининг раҳбари Комил Алламжонов ниҳоят рейтингда мамлакатнинг ўрни пасайишига муносабат билдирди.
“Матбуот эркинлиги юзасидан рейтингларимизда ўзгариш бор. Лекин биз бугун эркин матбуотни ҳуқуқий майдонга олиб чиқмас эканмиз, муаммолар судларда ҳал бўлишига эришмас эканмиз, тараққиёт ўрнига хаос пайдо бўлиши, журналист ёки блогерман деб турли ноқонуний ҳаракатлар, шантаж, фирибгарлик ҳолатларига йўл қўйилиши натижасида жабр кўрган фуқаролар сони ортиб кетишига сабабчи бўламиз. Афсуски, бундай ҳолатлар бўлди. Рейтинг тузилишида шу каби ҳодисалар ҳам таъсир қилди, деб ўйлайман”, деб ёзди Комил Алламжонов ўзининг Telegram-каналида.
10 май куни Алламжонов нодавлат телеканаллар вакиллари билан учрашув ўтказган. Унда сўз эркинлиги, миллий контент ва болалар учун сифатли медиа маҳсулотларни яратиш масалалари муҳокама қилинган. Амалдорнинг қайд этишича, Президент Мирзиёевнинг матбуот ва сўз эркинлиги борасидаги позицияси қатъий. Учрашувда очиқлик сиёсатисиз тараққиётга эришиш қийинлиги урғуланган.
“Ривожланиш ҳеч қачон силлиқ бўлмайди. Ўйин қоидаси аниқ-равшан ва ҳамма учун тенг бўлсагина, ривожланиш бўлади. Сўз эркинлиги – бу барчанинг ҳуқуқи. Матбуотнинг ҳам, унда акс эттирилаётган шахсларнинг ҳам. Шу мувозанатни ушлаш муҳим. Демак, ортга йўл йўқ – бу аниқ. Фақат олдинга. Олдинга – ҳуқуқ, меъёр ва қонун доирасида, олдинга”, деб ёзган Алламжонов.
У сўзида давом этаркан, ҳали яна кўп муаммолар бўлиши мумкинлигини ҳам айтиб, буни табиий жараён деб атаган.
“Лекин бу муаммолар биз бошлаган ислоҳотларга соя солмаслиги керак. Чунки бугунги даврда матбуот – нафақат кўзгу, балки мудофаа, хавфсизлик масаласи даражасидаги институтдир”, дейди у.
Маълумот учун, “Чегара билмас мухбирлар” (Reporters Without Borders) халқаро нодавлат ташкилотининг ҳисоботида Ўзбекистон тўқ қизил рангда тасвирланган, яъни матбуот ва сўз эркинлиги “жуда жиддий” ҳолатдаги давлатлар қаторидан ўрин олган. Ҳисоботда 2024 йилдан бугунги кунга қадар 4 нафар журналист ҳибсга олингани келтирилган. Расмийлар оммавий ахборот воситаларига қарши репрессив қонунларни тугатиш учун зарур бўлган ислоҳотларни ҳали амалга оширмаган. Цензура, кузатув ва ўз-ўзини цензура қилиш кенг тарқалган.
Шунингдек, ташкилот дунёдаги вазиятга ҳам баҳо бериб ўтган. Билдирилишича, Халқаро миқёсда бу йил журналистларни ҳимоя қилиш тамойилларини, хусусан, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 2222-резолюциясини амалга оширишда халқаро ҳамжамият томонидан сиёсий ирода йўқлиги билан ажралиб туради. Ғазодаги уруш 2023 йил октябрь ойидан бери журналистлар ва оммавий ахборот воситаларига нисбатан рекорд даражадаги қонунбузарликлар билан қайд этилган.
100 дан ортиқ фаластинлик мухбирлар Исроил мудофаа кучлари томонидан ўлдирилган, қотилликларнинг камида 22 нафари иш пайтида содир бўлган.
Абитуриентларга айтар гапимиз кўп. Бу кунни, бу ҳафтани ёдингиздан чиқарманг! Ўзбекистон Олий таълимида ўзгаришлар катта
Ҳукуматнинг фикрича, ҳозирги ОТМларга қабул тизими, квоталарнинг тақсимланиши рақобатни тўлиқ таъминламаяпти. Айрим абитуриентлар юқори балл тўпласа-да, топширган олийгоҳининг квотаси сонига қараб, ўқишга киролмай қолиши мумкин.
Янги тартибга кўра, муайян бир йўналишга ажратилган давлат гранти доирасида юқори балл тўплаган абитуриент, танлаган олий таълим муассасасидан қатъи назар, давлат грантига тавсия этилади. Яъни, юқори балл олган ёшлар ўқишга кирмай қолмайди.
Энди давлат гранти 4 йилга битта талабага берилмай, балки ҳар йили юқори баҳоларга эришган талабалар орасида қайта тақсимланади. Яъни, Олий таълим муассасасига давлат гранти асосида ўқишга кирган, аммо келгусида яхши ўқимаган талабадан давлат гранти олиб қўйилиб, билимли талабаларга берилади.
Шунингдек, давлат гранти асосида ўқиган талабаларнинг 3 йил ишлаб бериш мажбурияти бекор қилиняпти.
Давлат гранти талабалар учун таълим гранти ва ижтимоий-рағбатлантирувчи грант шаклига бўлинади. Таълим гранти талабаларга бир ўқув йили учун ажратилади. Ўз навбатида, бюджетда ўқиган талабаларнинг ўқишни тугатгандан сўнг 3 йил ишлаб бериш мажбурияти бекор бўлади. Ижтимоий-рағбатлантирувчи грант эса мақсадли қабул ва имтиёз асосида қабул қилинган талабаларга бутун ўқиш даври учун берилади.
Магистратура ва докторантурага қабул қилишда хорижий тилни билиш тўғрисидаги сертификат талабига ўзгартириш киритилди. Ўзбекистонда таълим дастурини хорижий тилда якунлаган талабалар учун сертификат талаби бекор қилинади.
Соҳа хусусиятидан келиб чиқиб маданият, санъат, спорт, таълим, соғлиқни сақлаш, ишлаб чиқариш, муҳандислик иши, қишлоқ хўжалиги, ветеринария, архитектура ва қурилиш, физика ва табиий фанлар, транспорт хизматлари йўналишлари бўйича сертификат талаби бир поғона – B1 даражасига туширилади.
Сертификат талаби хорижий тиллар йўналишларида С1 даражада, аниқ фанлар, биология, математика, ҳуқуқ, журналистика, ахборот-коммуникация технологиялари ва иқтисодиёт йўналишларида B2 даражада сақланади.
Россия 6 май куни Украинанинг иттифоқдошларини огоҳлантириб, ядро қуроли бўйича машғулотларни эълон қилди
Федерация Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, машғулотлар Ғарбнинг айрим расмийларининг Россия Федерациясига нисбатан провокацион баёнотлари ва таҳдидларига жавобдир.
Қайд этиш жоизки, Россия стратегик ядровий кучлари мунтазам равишда машғулотлар ўтказиб турса-да, бу тактик ядровий қуроллар бўйича машғулотларнинг биринчи марта очиқ эълон қилинишидир. Бу эълон Украинанинг Ғарбдаги иттифоқчиларига икки йилдан ортиқ давом этган урушга янада чуқурроқ аралашиш ҳақида огоҳлантириш бўлди.
Франция Президенти Эммануэль Макрон ўтган ҳафта Украинага қўшин юборишни истисно қилмаслигини такрорлади, Буюк Британия Ташқи ишлар вазири Дэвид Кэмерон эса Киев кучлари Россия ичидаги нишонларга зарба бериш учун Британиянинг узоқ масофали қуролларидан фойдаланиши мумкинлигини айтди.
Кремль бу изоҳларни хавфли, Россия ва НАТО ўртасидаги кескинликни кучайтирувчи, дея баҳолади. Уруш аллақачон Москва ва Ғарб ўртасидаги муносабатларга жиддий таранглик келтирган.
Машғулотлар “стратегик бўлмаган ядровий кучларнинг жанговар вазифаларни бажаришга тайёрлигини ошириш” учун мўлжалланган ва Президент Владимир Путиннинг буйруғи билан ўтказилмоқда.
Россиядаги ушбу тайёргарликлар фонида Беларусь Россия билан синхронлаштирилган, тактик ядровий қурол ташувчилардан фойдаланган ҳолда кутилмаган текширув ўтказишини эълон қилди.
Лукашенконинг дунёга бераётган месежига кўра, ядро қуроллари "тўхтатувчи ва мудофаа қуроли" бўлиб, "ҳеч ким улар билан бирор давлатга ҳужум қилмоқчи эмас".
У тактик ядровий қурол ташувчиларининг тезкор текшируви мудофаа хусусиятига эга эканлигини айтган.
“Айни вазиятни оловлантираётган нарса – бошқа мамлакатлар хавфсизлигига зарар етказадиган ҳарбий блоклар ва иттифоқларнинг кенгайишидир. Мен яқин ва узоқ хориж халқларига мурожаат қиламан: ақлдан озган сиёсатчиларни тўхтатинг, уларнинг сайёрамизни кулга айлантиришига имкон берманг. Дунё тобора ядровий уруш остонасига яқинлашмоқда”, деган у.
Йил бошидан буён хорижда ишлаб келган 115 минг меҳнат муҳожири Ўзбекистонга қайтди
Бу дегани шунча одамнинг оиласида даромад камайди. Айримларнинг рўзғоридаги кемтик катта тешикка, ғовакка айланди. Йил охиригача яна 250-300 минг киши Ўзбекистонга қайтиб келиши мумкин. Хўш, уларга бу ерда иш, қора қозонини қайнатишга юмуш борми? Менда бу саволга жавоб йўқ. Гап аввалида даромадингиз ҳақида сўрагандим. Хўш, бизни кўраётганлар орасида қайтган ё қайтаётган мигрантлар борми? Ўзбекистонда иш топдингизми ёки қайтсангиз иш топишга кўзингиз етяптими? Қайтгач, нима қилмоқчисиз? Булар ҳақида ҳам, албатта, изоҳларда ёзинг. Келгуси дастурда кўришгунча, саломат бўлинг.
LiveБарчаси