Жаҳон чемпиони бўлган Мадримов, “Zeromax” касрига қолган “Бунёдкор” – Спорт дайжести

Таҳлил

Ўзбекистондаги минглаб ёшлар Instagram платформасида, Nexia-2 “легенда” деб, маъно ва мазмуни тушунарсиз изоҳларни ёзиб, вақтини беҳуда сарфлаётган бир пайтда болалигидан спортнинг маълум бир йўналишини маҳкам тутиб, тинимсиз меҳнат қилаётганлар аллақачон жаҳонда ўз ўрнини топиб улгурди. Жумладан, ўзбекистонлик боксчи Исроил Мадримов ўз вазнида WBA йўналишида жаҳон чемпионлиги камарини қўлга киритган бўлса, 19 ёшли гроссмейстер Нодирбек Абдусатторов жаҳон шахмат рейтингида пешқадам бўлиш сари дадил қадам ташламоқда. Кўраётганигиз QALAMPIR.UZ ва спорт дайжести. Биз бошладик.

Исроил Мадримов профессионал бокснинг WBA йўналишида жаҳон чемпиони бўлди

8 март куни супер ярим ўрта вазн тоифасида фаолият олиб бораётган ўзбекистонлик боксчи Исроил Мадримов Бутунжаҳон бокс ассоциацияси (WBA) камари учун россиялик Магомед Қурбоновга қарши жанг қилди.

Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳридаги "Kingdom Arena" мажмуасида ташкил этилган бокс оқшомида Исроил Мадримов рақибини техник нокаутга учратди. 12 раундга белгиланган жангнинг 5 раундида ўзбекистонлик боксчининг кетма-кет зарбаларидан сўнг рефери баҳсни тўхтатди ва техник нокаут қайд этди.

Исроил Мадримов чемпионлик камарини қўлга киритди. Бу унинг фаолиятидаги 10-жангида 9-ғалабаси бўлди.

Абдусатторов халқаро турнирда ғолиб бўлиб, дунё рейтингида 4-ўринга кўтарилди

Ўзбекистонлик гроссмейстер Нодирбек Абдусатторов Чехия пойтахти Прага шаҳри мезбонлик қилган “Prague Masters 2024” турнирида мусобақа тугашига 1 тур қолганда ғолибликни қўлга киритди.

8-турдаги эронлик Пархам Магсудлу таслим этилган ўйинда Нодирбек фарзинни қурбон қилиб жуда чиройли ғалабага эришди ва муддатидан аввал турнир ғолиби бўлди. Ҳозирги вақтга келиб Абдусатторов 7 та имкониятдан 6 очко жамғарган.

Магсудлу устидан қозонилган ғалабадан сўнг 19 ёшли Абдусатторов live рейтинг бўйича амалдаги жаҳон чемпиони хитойлик Динг Лиренни ортда қолдирди ва 2765.5 рейтинг билан 4-ўринга кўтарилди.

Қайд этиш жоиз, Абдусатторов мазкур шахмат фестивалининг олтинчи чемпиони ҳисобланади. Чехия пойтахтидаги муваффақият уни Никита Витиугов, Алиризо Фирузжа, Сем Шанкланд, Пентала Харикришна ва Рей Робсонлар сафига қўшди.

Италияда 3 қиличбоз ўзбекистонлик спортчи қизни зўрлаганликда айбланмоқда

Ортда қолаётган ҳафтада италиялик уч қиличбоз ўзбекистонлик 17 ёшли спортчи қизни зўрлаганликда гумон қилинаётгани ҳақида хабар тарқалди.

Қайд этилишича, мазкур воқеа ўтган йилнинг август ойида содир бўлган. Бироқ Сиена полицияси иш бўйича терговни бошлаганидан кейингина у ҳақдаги баъзи маълумотлар оммага очиқланди.

Тергов маълумотларига кўра, Тоскана вилоятидаги ўқув-машғулот йиғинида уч италиялик ўзбекистонлик қизни зўрлаган.

Айбланувчиларнинг икки нафари ҳозирда тергов қилинмоқда, учинчиси эса вояга етмаган бола экани аниқланган.

Айбловларнинг жиддийлигига қарамай, Сиена прокуратураси дарҳол терговни бошламаган. Бу эса йирик халқаро жанжалга сабаб бўлди.

Иш авж ола бошлагач, Италия қиличбозлик федерацияси тергов билан ҳамкорлик қилишини ва иш судгача борган тақдирда, фуқаровий даъвогар сифатида чиқишга тайёрлигини эълон қилди.

Жабрланган қиличбоз қизнинг юридик вакили айбланаётган спортчиларга нисбатан чора кўрилмаганидан ҳафсаласи пир бўлганини ва учаласига ҳам ҳеч қандай санкция ёки мусобақа фаолиятидан четлатилмаганини таъкидлаган.

Гумонланувчилар ва қизнинг исми ошкор этилмаган.

Бироқ мазкур хабар чиқишидан бироз ўтиб Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси ушбу хабарларни рад этди.

“Ўзбекистон Қиличбозлик федерацияси Италияда ўзбекистонлик қиличбоз билан боғлиқ воқеа ҳақидаги асоссиз маълумотни рад этади. 2023 йил 4-5 август кунлари қиличбозлик бўйича Миллий терма жамоа аъзолари (уч турдаги қуроллар бўйича) ҳеч қандай халқаро ўқув-машғулот йиғинларига бормаганини тўлиқ масъулият билан билдиради”, дейилади хабарда. 

Қайд этилишича, 2023 йилнинг 28 июлидан 5 август кунига қадар асосий жамоа таркиби Жаҳон Универсиадасида иштирок этиш учун Хитойнинг Вуси шаҳрига учиб кетган.

Иштирок этмаган спортчиларнинг қолганлари эса ўз уйларида оилалари билан бўлган.

“Қиличбозлик федерацияси раҳбарияти томонидан йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон миллий терма жамоаси мураббийлари ҳамда федерация масъул ходимлари иштирок этди. Йиғилиш давомида юқоридаги хабардаги маълумотлар муҳокама қилинди ва федерациянинг фикрича, бундай уриниш кучли спортчиларга қаратилган энг кенг тарқалган иғволардан биридир. Бу айни дамда дунёда етакчи ўринни эгаллаб турган ва кимгадир ёқмаётган ўзбек қиличбозларимиз учун қандайдир провокация бўлиши ҳам мумкин”, дейилади муносабатда.

“Бунёдкор” Ривалдо ва Денилсон иши бўйича Швейцария Федерал трибуналига шикоят қилиши мумкин – Никимбаев

Бир неча кун олдин тармоқларда Халқаро футбол ассоциацияси (FIFA) Тошкентнинг “Бунёдкор” клуби бразилиялик футболчилар Ривалдо ва Денилсонга 9,5 миллион евро (120 миллиард сўм) тўлаб бериши борасида қарор қабул қилгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Ўзбекистонлик футбол мутахассиси Алишер Никимбаев мазкур ҳолат бўйича ўз фикрларини билдириб ўтди.

“Буни FIFA эмас, Спорт арбитраж суди (CAS) қарори бўлганидан бошлайлик. Суд мажлисининг ўзи ўтган йилнинг февраль ойида бўлиб ўтган, аммо қарор ҳозирча эълон қилинмаган. Айтганча, ечимнинг ўзи ҳали CAS веб-сайтида мавжуд эмас”, дейди Никимбаев.

Никимбаевга кўра, “қалдирғочлар”га қўйилган қарорни амалга оширмасликнинг имкони йўқ.

“Қарор футбол ҳокимияти томонидан қабул қилинмаган бўлсада, уни амалга оширмасликнинг имкони йўқ, чунки CAS юрисдикциясининг тан олиниши футбол федерациясининг FIFA'га аъзо бўлиш шартларидан биридир. Бундан ташқари, “Бунёдкор”нинг ўзи клубларни лицензиялаш тизимида иштирок этиш учун ариза топшираётганда CAS юрисдикциясини тан олганлиги тўғрисида декларация тақдим этиши керак”, дейилади мутахассис Telegram саҳифасида.

Қайд этилишича, Тошкент клуби ҳолат бўйича фақат Швейцария Федерал трибуналида шикоят қилиш имкониятига эга.

“CAS қарорига фақат Швейцария Федерал трибуналида шикоят қилиш мумкин, аммо шикоят қилиш учун жуда кўп асослар мавжуд эмас – юрисдикциянинг йўқлиги, асосий процессуал қоидаларнинг бузилиши (масалан, адолатли судлов ҳуқуқини бузиш) ёки давлат сиёсатига мос келмаслиги”, деб ёзди Никимбаев.

Кейин нима бўлади? Бир нечта вариант мавжуд:

  •     “Бунёдкор” агар, албатта, асос топса, Швейцария Федерал трибуналига мурожаат қилади.
  •     “Бунёдкор” қарзни тўлиқ ёки қисман тўлайди (клуб Денилсон ва Ривалдо билан шартномадаги рақамларни қисқартириш бўйича музокара олиб борса).
  •     “Бунёдкор” тўлашдан бош тортади ва фаолиятини тўхтатади.

Агар, 2 ва 3-вариантлар амалга оширилса, “Бунёдкор” CAS белгилаган муддатларда қарздорликни ёпмаса, FIFA томонидан клубга вақтинчалик санкциялар (очколарни олиб ташлаш, қуйи лигага тушириш, трансфер тақиқлари) қўлланилади.

Бразилиялик футболчи Ривалдонинг даъволари “Zeromax” компаниясига қаратилган ва унинг маоши бўйича қарздорлик нега “Бунёдкор”га қўйилаётгани номаълум. 

Гап шундаки, Ривалдо ва бошқа хорижлик футболчилар билан уч томонлама шартномалар тузилган: футболчилар, клуб ва “Zeromax”. Футболчилар “Бунёдкор”да ўйнашлари керак эди, бироқ уларнинг маоши ва бошқа тўловлари “Zeromax” томонидан тўланиши керак.

“Пул ўтказмалари “Zeromax”нинг Швейцариядаги ҳисоб рақамларидан футболчиларнинг хорижий ҳисоб рақамларига, яъни Ўзбекистон банк маконини четлаб ўтган. Бу уч томонга ҳам солиқлар, банк ўтказмалари ва ўша пайтда Ўзбекистонда бўлган валюта конвертацияси билан боғлиқ муаммолардан қочиш имконини берган. Хуллас, Ривалдо “Бунёдкор” билан янги шартнома имзолаганида, тўлов мажбуриятлари қандайдир тарзда “Zeromax”дан клубга ўтган. Бундан ташқари, футболчиларга маошни “Zeromax” тўлаб бериши ҳақидаги банд шартномада сақланиб қолган, бироқ компания ўз фаолиятини тўхтатган”, деб ёзди Никимбаев Telegram саҳифасида.

Никимбаевга кўра, Ривалдонинг “Бунёдкор”га қарши даъволари ўринли бўлиб, бу CAS қарори билан тасдиқланган.

Отабек Холматов жароҳат билан жанг қилди – Top Rank

3 март куни ўзбекистонлик профессионал боксчи Отабек Холматов Бутунжаҳон бокс ассоциацияси (WBA) камари учун жангда америкалик Раймон Фордга қарши жанг ўтказиб, мағлубиятга учради.

АҚШнинг Нью-Йорк штати, Верона шаҳрида ўтказилган жанг тўлиқ 12 раунд давом этди. Дастлабки раундларда устунлик Ўзбекистон вакили тарафида бўлди. Раундларнинг иккинчи ярми стартида америкалик боксчи ташаббусдаги мувозанатни тиклади. Охирги раундларда эса Форд устунликни ўз томонига оғдирди ва 12-раундда Раймонднинг кетма-кет йўллаган зарбаларидан сўнг ҳакам баҳсни тўхтатиб, техник нокаут қайд этди.

Шундай қилиб, 25 ёшли Холматов профбоксдаги биринчи мағлубиятини қабул қилиб олди. Форд эса профрингдаги 15-ғалабасини тантана қилди ва WBA камари соҳибига айланди.

Жангни ташкил қилган проумоутерлик компанияси Top Rank'нинг маълум қилишича тўқнашувдан олдин ўзбекистонлик боксчининг жароҳати бўлган. 25 ёшли Холматов тиззасидан олган жароҳати билан жанг қилган.

“Холматов тиззадаги жароҳати билан жанг қилди. Отабек Холматов жангчи”, дейилади компания матбуот хизмати хабарида.

Отабек Холматов WBA камари учун рингга кўтарилиб, имкониятни бой бергандан сўнг ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

“Ассалому алайкум, ҳурматли юртдошлар. Мени қўллаб-қувватлаган инсонларга катта раҳмат. Ҳали ҳаммаси олдинда. Қачондир, барибир юртимизга камарларни олиб бораман”, дейди Холматов.

Қайд этиш жоиз, 25 ёшли ўзбекистонлик боксчи Фордга қарши чемпионлик жанги якунланишига 7 сония қолганида техник нокаутга учради. 11 раунд якунига кўра эса Холматов 106:103, 104:105 ва 106:103 ҳисобида ғалаба қозонаётганди.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг