Музлаган Ўзбекистон, “оёғидан осилган Эрдўған”, тилини тишлаган вазирлар, сарсон таълим – Ҳафта дайжести

Таҳлил

Ўқишмиш, ўқишмасмиш. Қишда ўқиш бўлмасмиш. Ўқиш бўлса қишмасмиш. Ўқишга борганларга совуқ таъсир қилмасмиш. Қарорни ўзгартириш вазирликка ишмасмуш. Ўқишми, ўқишмасми Вазир ўзи билмасмиш! Муаллифи сизу биз билан ҳамнафас бўлиб яшаётган одамларимиз бўлган ушбу тез айтиш бу ҳафта трендга чиқди ва айрим мансабдорларнинг уқувсизлиги, бошқарувдаги оқсоқликларига ойна тутгандек бўлди. Бугун ўтаётган энг совуқ ҳафтанинг қайноқ воқеаларини биргаликда таҳлил қиламиз. 

Сарсон таълим – ҳайрон муаллим! 

9 январь куни Ўзбекистонга кутилган ва огоҳлантирилган совуқ кириб кела бошлади. Биз уни аномал дейишга одатландик, гўё қишда қуёш чарақлаб, пешонамиздан тер чиқиши керакдек. Кўпни кўрган кексалардан сўрасангиз, бу аномал совуқ эмас, чилла. “Биз ёшлигимизда бўй баравар қорлар ёғарди”, деяпти катталар. Хуллас, чиллами, аномал совуқми, бу муҳиммас, муҳими, ану шу инқирозли дейилаётган вазиятдан қандай ўтаётганимиз. Кўпчилик энергетика тизими биринчи кунларнинг ўзиданоқ ҳасса таяниб қолса керак, деб ўй-хаёли шунда бўлганди. Аммо таълимдаги иниқрозли қарорлар энергетикадаги муаммоллардан ўтиб тушиши мумкинлигини билмаган эканмиз. Шуниси панд берди. 

Ўзбекистонга 10-15 январь кунлари аномал совуқ ҳаво кириб келаётгани, айрим ҳудудларда ҳаво ҳарорати -27 гача пасайиши ҳақидаги огоҳлантириш ортидан юқори идораларда ўтирган мансабдорлар шошиб қолиб, барча мактаб, лицей, профессионал таълим муассасалари, университет ва институтларда қишки таътилни 9 январдан 17 январгача узайтириб юборди. Мактабларда 2022/2023 ўқув йилининг III чораги биринчи ўқиш куни 18 январь этиб белгиланди.

Аммо, бу – Ўзбекистон! Унда чиқарилган қарорлар эса исталган вақтда, исталган соатда ўзгариши мумкин. Бунга нафақат об-ҳаво, балки кайфият ҳам таъсир қилади. 

Гап шундаки, 10 январь куни бирдан айрим вилоятлардаги мактабларда ўқиш бошланиши ҳақида узунқулоқ гаплар чиқа бошлади. Биринчилардан бўлиб Андижон вилоятида Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг буйруғига зид равишда узайтирилган қишки таътил бекор қилиниб, барча мактаблар 11 январдан иш бошлаши айтилди. Кун қораймай рўйхат анча кенгайди. Қаторга Сурхондарё, Хоразм Бухоро қўшилди. 

Куни билан миқ этмаган Вазирлик шу куни қош қорайганда, тўғрироғи, соат 20:23 да бутун масъулиятни бўйнидан соқит қилиб, қишки таътил даврини узайтириш ваколати ҳудуддаги об-ҳаво шароитларини инобатга олган ҳолда, маҳаллий ҳокимликларга берилганини айтиб чиқди.

Машмаша ана шундан кейин бошланди. Жамоатчилик Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ва ҳокимликларни ўқитувчилар ва ўқувчиларни ўйинчоқ қилишда, куннинг исталган вақтида қарор олиш ва уни бекор қилишда, тутруқсизликда айблади. Айниқса, ижтимоий тармоқларда ўқитувчиларнинг ўқувчиларга эртадан дарслар бошланиши ҳақидаги эълонни кеч соатларда қандай етказиши ҳақида эътирозли постлар пайдо бўла бошлади. 

Республика жамоатчилигининг нигоҳи эса – пойтахт Тошкентда! Хўш, бу вазиятда пойтахт қандай йўл тутади? Иш вақти тугагунича маълумот берилмаганига қараганда, пойтахт ҳокимлиги вилоятлардан фарқли ўлароқ 11 январдан мактабларда “дарсларни бошлаш челенжи”га қўшилмаслигига умид қилинди. Йўқ, чучварани хом санабмиз. Пойтахт ҳокимлиги кўпчилик уйқуга кетганда, соат 22:47 да “даҳшатли туш” янглиғ баёнот билан чиқди.

Унда айтилишича “11 январдан бошлаб Тошкент шаҳридаги умумтаълим мактабларида уларнинг шароити, ишлашга тайёрлигига қараб, босқичма- босқич ўқув  жараёнлари бошланади. Бу борадаги қарор мактаблар раҳбарияти томонидан ота-оналар кенгаши билан келишган ҳолда қабул қилиниши тавсия этилади”.

Айрим туманларда мактаблар ҳали Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги баёноти берилмай туриб мактаб ўқувчиларининг ота-оналари Telegram гуруҳларига 11 январдан ўқиш бошланиши ҳақида хабарлар юборган. Хўш, бунинг номи маслаҳатлашувми ёки юқоридан олинган буйруқни маромига етказиб бажаришми? Икки ўртада ўқитувчилар сарсон. Аввалига мактаб директори ходимларга қўнғироқ қилиб, ўқувчиларга хабар беришни, эртага давоматни таъминлашни талаб қилади. Бироздан кейин “шошмай туринглар” деган сигнал келади. Ўқитувчи бечора ўқувчининг уйига бир неча марта қўнғироқ қилиб, охири ўзи дарс бераёттган муштдек ўқувчидан “устоз, нима деяпсиз, бир қарорга келиб олинглар, борайликми ё йўқми”, деган таънали жавоб олади. Ва эртага яна шу ўқитувчи синфга кириб, ўқувчиларга дарс ўтади. Дарсларнинг бундай ноқулай шароитда бошланганининг сабабини сўрашганда эса ўзи ҳам ишонмайдиган баҳоналарга ўқувчиларни ишонтиришга ҳаракат қилади. Мана, бугунги таълимдаги вазият, мана, ўқитувчини сарсон, субутсиз қилишнинг яққол намунаси.

Хўш, охири нима бўлди, дейсизми? 11 январь куни расман ўқиш бошланди. Лекин ўқувчилар майнавозчилик даражасига чиққан қарорларга бойкот эълон қилиб, дарсга бормади. Айрим мактабларга фақат 5-10 ўқувчи борган, холос. Telegram’да эса ўқитувчи шўрлик битта ўқувчига дарс ўтаётгани ёки бўш синфхонада ўтиргани акс этган видеолар тарқалди. Ўқувчилари дарсга келмаган ўқитувчилар эса муз устида сирпанчиқ учиб, вақтичоғлик қилишди. Мактаблар очилиши ҳақида хабар эълон қилинган туннинг ўзидаёқ тармоқларда мактабларнинг қишга тайёргарлигини текшириш челлежи авж олди. Ҳатто, Хоразмнинг Шовот тумани ҳокими Одилбек Ортиқовнинг тармоқдан узилган иситиш тизимини гўё текшириб, унинг “иссиқ”лигидан мамнун бўлаётгани акс этган суратлар ҳам тарқалди. Буларнинг ортидан ҳокимлик яна айтган гапидан тониб, мактаб бошланишини 18 январга қолдирди. Ўша куни минглаб, миллионлаб болаларнинг ишончи синди. Мактаб ва мактабгача таълим вазири Ҳилола Умарова ҳолат бўйича ҳеч қандай тушунтириш бергани йўқ. Бу унинг вазирлик фаолиятидаги илк муваффақиятсизлиги бўлди, десак муболаға бўлмайди. 

Шу ўринда айтилган гапни қайтариб олиш амалиёти Иброҳим Абдураҳмонов бошқариб келаётган олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигида ҳам кузатилди. Вазирлик 10 январь куни тушда 11 январдан Олий таълим муассасалари ва лицейларда таълим жараёнлари бошланишини эълон қилди. Табиийки, кўплаб талабалар бунга эътироз билдирди. Чунки айнан вазирликнинг ўзи бундан бир неча кун аввал талабалардан ўқиш жойларига қайтмаслик, ҳатто, темир йўл ва авиачипталарни алмаштиришни сўраган эди. Лекин олий таълим билан боғлиқ барча эътирозлар мактаб ўқувчиларининг ўйинчоқ қилиниши фонида қолиб кетди. 

Дарвоқе, таълим муассасаларида ўқиш бошланиши билан боғлиқ қарорлар аслида фақат вазирлик ва ҳокимиятларнинг ташаббуси эмас. Мактабгача таълим ва мактаб вазирлигининг маълум қилишича, бу қарор Вазирлар Маҳкамасига бориб тақалади. 

Тошкент 50 йиллик рекордни янгилади

Жорий ҳафтада пойтахт Тошкентда давом этаётган аномал совуқ сўнгги 50 йил ичида январь ойида кузатилган энг паст кўрсаткични тақдим этди. 13 январь тонгида 50 йил ичидаги энг паст ҳарорат қайд этилди, у -19,8 даражани ташкил этди. 

Тошкентда 2008 йил қишида ҳаво ҳарорати -17,4° совуқгача, 1974 йилнинг январь ойида -18,6° совуқгача пасайган. 

Тошкент шаҳрида 1969 йил қишда термометр устуни 23,1° совуқгача тушган бўлса, минимал ҳаво ҳароратининг мутлақ рекорди 1930 йил декабрь ойида 29,5° совуқни ташкил этган.

9 январь куни кечаси пойтахтда қор ёға бошлади. 10 январь тонгида бутун шаҳар қорга бурканган эди. Ҳа-ҳа, бутун шаҳар ва ваъда қилинган қор тозалаш жараёнларига гувоҳ бўлмадик. 

10 январь куни автомобиллар ҳаракатланиши ўта оғир даражага тушиб қолди. Шаҳар бўйлаб ўнлаб йўл-транспорт ҳодисалари қайд этилди. Йўлларни тозалашни, бунинг учун бир неча тонна воситалар ва техникалар тайёрланганини ваъда қилган Ободонлаштириш хизматининг йўлларни тозалаётган автомобилларига кўзимиз тушгани йўқ. Ҳатто, туманлардаги асосий кўчаларни ҳам ободонлаштириш ходимлари белкурак билан тозалаётганига гувоҳ бўлдик ва бу пойтахт аҳолисида, жамоатчилик орасида “қани ваъданинг бажарилаётгани, қани қор тозалайдиган мосламалар”, деган ҳақли саволларни келтириб чиқарди. 

Мен сизга айтсам ҳам, айтмасам ҳам ўзингиз яхши биласиз, пойтахтда қор ёғган биринчи кундан эътиборан умуман қор тозалайдиган техника ҳам, қум ё туз ҳам, боринг ана белкурак кўтарган ходимлар ҳам етиб бормаган кўчалар бор. Айтайми, қаер? Тошкент тиббиёт академиясининг шифохонасига олиб келувчи асосий йўл. Бу ерга кунига ўнлаб тез ёрдам машиналари кириб-чиқади. Энг ёмони улар шошилинч ҳолатда ҳам музлаган йўлда тирмашиб юришга мажбур. Қизиқ, бу кўчаларда содир бўлган ЙТҲлар учун ким жавоб бераркин? Қолаверса, камералар музлаган йўллардаги ҳолатларни ҳам муҳрлармикин ё бу пайтда кўз қисиб турадими? Бунга ва Тошкентдаги бошқа ҳодисаларга бироздан кейин тўхталамиз. 

Эмаклаётган энергетика

Жорий ҳафтада автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари фаолияти қисқа муддатга вақтинча тўхтатилди. Энергетика вазирлигининг маълум қилишича, Республика бўйича аномал совуқ давом этаётгани сабабли қувурларда газ босимининг кескин пасайиши кузатилмоқда.

Шу мақсадда, айрим йирик ишлаб чиқарувчи саноат корхоналарига табиий газ етказиб бериш ҳажми кескин камайтирилган.  

Табиий газни биринчи навбатда аҳоли хонадонлари, электр энергияси ишлаб чиқарувчи корхоналар ҳамда ижтимоий соҳа объектларига етказиб бериш чоралари кўрилаётгани айтилди.

Шунингдек, ортадиган талабни тўлиқ қондириш мақсадида автобензин ва дизель ёнилғиси маҳсулотлари қўшимча миқдорда, шу жумладан, захиралар ҳисобидан сотувга чиқарилиши айтилди. Бунинг ортидан бензин қуйиш шохобчаларида навбатлар ҳар қачонгидан кўпайди. Айрим ҳудудларда бензин нархи ошиши кузатилди.

Бу саволга собиқ вазир Мусаев жавоб бериши керак

Ўзбекистонда 20 боланинг вафоти ва кўплаб болаларнинг соғлиги ёмонлашиб, жонлантириш бўлимига тушишига сабаб бўлган “Док-1 Макс” дори воситаси билан боғлиқ машмашалар бу ҳафта ҳам тингани йўқ. 

Ҳиндистон жорий ҳафтада ушбу дори ишлаб чиқарувчи бўлган “Marion Biotech” компаниясининг лицензиясини тўхтатди. Компания биологик ва биологик бўлмаган дори воситаларини ишлаб чиқариш учун иккита турдаги лицензияга эга бўлган. 

Жорий йилнинг 11 январь куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти дунё аҳолисини “Док-1 Макс” ва “Амбронол” суюқ дориларидан сақланишга чақирди.

ЖССТ бу дорилар бошқа мамлакатларда ҳам расман сотилаётган ёки норасмий бозорлар орқали кириб борган бўлиши мумкинлигини таъкидлаб, дунё миқёсида соғлиқни сақлаш бўйича барча регуляторларни мазкур дорилар айланмасининг олдини олишга чақирган. 

Уни ишлаб чиқарувчи “Marion Biotech” компанияси ЖССТга ушбу маҳсулотларнинг хавфсизлиги ва сифати бўйича кафолат бермаган.

Ўзбекистон ЖССТга ушбу дори воситалари бўйича огоҳлантиришни 2022 йил 22 декабрда маълум қилган. 

Шунингдек, инсонлардан ўзлари ёки яқинлари ушбу дори воситаларидан фойдаланганидан сўнг ножўя таъсирлар сезилса, зудлик билан шифокорга учрашиши ва ҳолат ҳақида миллий фармакологик марказларга хабар беришлари сўралган.

Вашингтондаги “The Diplomat” нашрининг ёзишича, 2022 йилнинг октябрь ойида Ғарбий Африкада ҳам “Док-1 Макс” дорисидан ўлим қайд этилган. Шу муносабат билан ўша ойда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ушбу дори бўйича расмий огоҳлантириш эълон қилган. Аммо шунга қарамай, “Док-1 Макс” ва бошқа йўталга қарши Ҳиндистон дорилари Ўзбекистонда 22 декабргача истеъмолда бўлган. Хўш, нега Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига ЖССТнинг огоҳлантириши етиб келганми? Агар етиб келган бўлса, нега чоралар кўрилмаган? Бу саволга бизнингча ҳозирда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири бўлиб ишлаётган собиқ Соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев жавоб бериши керак. “The Diplomat” қўйган айбловларга расмий идоралар миқ этгани йўқ. 

Тугаётган ҳафтада Тошкент туманлараро иқтисодий судида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг  "QURAMAX MEDIKAL” МЧЖга фармацевтика фаолиятини амалга ошириш учун берилган лицензиясини бекор қилиш ва қўллаш учун яроқсиз дори воситаларини муомаладан чиқариб, йўқ қилиш тўғрисидаги аризасини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни бўлиб ўтди. 

Суднинг ҳал қилув қарори билан “QURAMAX MEDIKAL” МЧЖга фармацевтика фаолиятини амалга ошириш учун берилган 2019 йил 10 декабрдаги П6580-сонли лицензия бекор қилиниши ва қўллаш учун яроқсиз дори воситалари муомаладан чиқарилиб, йўқ қилиниши белгиланди.

Мазкур иқтисодий иш бўйича тарафлар эълон қилинган ҳал қилув қарори устидан қонунчиликда белгиланган тартиб ва муддатда шикоят қилиш мумкин.

Шунингдек, мазкур иқтисодий ишга доир ваколатли идора ва мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги юзасидан қонун талаблари бузилганлиги бўйича ҳуқуқий баҳо бериш ҳақида хусусий ажрим чиқарилиб, Тошкент шаҳар прокуратурасига юборилиши белгиланди. 

Бироқ, "QURAMAX MEDIKAL” МЧЖ адвокати суд ўтказилиши, даъво аризаси киритилгани бўйича корхона аввалдан огоҳлантирилмагани, ариза билан танишиб чиқилмаганини айтмоқда. Суд эса ариза нусхаси почта орқали "QURAMAX MEDIKAL” МЧЖ манзлиги юборилганини айтди. Адвокатга кўра, корхона муҳрланган ва уларга ҳеч қандай хабарнома келиб тушмаган. Шу боис у судья раддия эълон қилди, бироқ судья ўзгаргани йўқ. Суд адвокатга суд мажлисининг ўзида даъво аризаси билан танишиб чиқишга 20 дақиқа вақт берган. Иш бўйича "QURAMAX MEDIKAL” МЧЖнинг ҳам айтар гаплари бор.

YouTube каналимизда суд залидан тайёрланган алоҳида лавҳани томоша қилишингиз мумкин. 

Ошкентга айланган Тошкент

Жорий ҳафтада нафақат об-ҳаво борасида, балки қатор муаммолари билан ҳам пойтахт кўплаб қишларда кузатилмаган рекордларни қайд этди, десак хато бўлмайди. Аномал совуқ кунлари пойтахт туманлари бўйлаб газ босими тушиб кетди, айрим ҳудудлар буткул газ ва электр энергиясисиз қолди. 

12 январь куни Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг туман ҳокимлари ва сектор раҳбарларига оталарча меҳрибонлик ва хушмуомалалик билан, сен эмас, сиз деб мурожаат қилгани аудиоёзуви тарқалди. Унда ҳоким келгуси икки кунда Тошкент ва барча ҳудудларда газ босими кескин тушиб кетиши ҳақида огоҳлантириб, завод ва фабрикалар, қолаверса, газ қуйиш шохобчалари газ ва электр энергиясидан узилишини маълум қилган.

У барча сектор раҳбарларини яна бир бор огоҳлантириб, қош қўяман деб, кўз чиқармасликка чақирган ва халққа ҳокимлар айни кунларда кераклигини айтган. 

Шу куннинг ўзида жаноб Ортиқхўжаев ташаббуси билан Тошкент ошкентга айланди. Шаҳарнинг барча туманларидаги ресторанларда, шунингдек маҳаллаларда катта қозонларда кунига уч маҳал ош дамланди. Ош аввало кам таъминланган оилалар, Ички ишлар, ободонлаштириш ходимларига тарқатилиши белгиланди. Ортиқхўжаевнинг бу ташаббусини қўллаб-қувватлаганлар қаторида халққа ош эмас, иссиқлик таъминоти, электр энергияси, газ ва қордан тоза йўллар кераклигини айтганлар ҳам топилди. Айримлар ҳокимликлар қайси маблағлар ҳисобига дастурхон ёзаётгани, булар маҳаллий кенгашлар билан келишилгани ё йўқлигини савол остига қўйди. Ҳокимлик бу танқидлар ва саволларга жавоб берганича йўқ. 

Тошкентда 17 машина иштирокида ЙТҲ 

Боя қордан тозаланмаган йўллар, яхмалаклар ва автомобилларнинг аварияга учраши мумкинлиги ҳақида гапиргандик. Айтганимиз эҳтимоллигича қолиб кетмади. 12 январь куни пойтахт Тошкентнинг Юнусобод тумани “Янги шаҳар” кўчасида нақ 17 та автомобиль иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. 

Унда 2 та Nexia 3, 2 та Nexia 1, 1 та Mercedes-Benz, 1 та Best tune Т 33, 1 та Damas, 5 та Matiz, 2 та Spark, 1 та Kia К 5, 1 та Volkswagen ва 1 та Isuzu юк автомобили зарарланган. 

Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 1 нафар ҳайдовчи ва йўловчи тан жароҳати олган. Ҳолат юзасидан шаҳар ИИББ ЙҲХБ томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилаётгани айтилди. Қизитқ, бунда йўллар музлагани ва тозаланмагани учун масъул идоралар жавобгарликка тортилармикин? 

Рафиқ Нишонов вафот этди

Тугаётган ҳафтанинг 11 январь куни собиқ Ўзбекистон ССР Коммунистик партияси марказий қўмитасининг биринчи котиби Рафиқ Нишонов 96 ёшида вафот этди. 

Рафиқ Нишонов 1956 йилда Ўзбекистон Компартияси Тошкент шаҳар қўмитаси бўлимларидан бирининг мудири бўлган. 

1985 йилда Рафиқ Нишонов Ўзбекистон ССР Ташқи ишлар вазири лавозимини эгаллаган. 1988 йил 12 январдан 1989 йил 23 июнгача – Ўзбекистон ССР Компартияси Марказий Қўмитасининг биринчи котиби бўлиб фаолият юритган. Шундан сўнг, у Москвага кетган ва у ерда яшаган. 1991 йил сентябрда СССР Президенти Михаил Горбачёвга маслаҳатчи бўлган ва Москвада яшаган. Нишонов қаерга дафн қилингани маълум эмас. Бирламчи маълумотларга кўра, оила аъзолари уни Ўзбекистонга ёки рафиқаси мангу ором топган Женевадаги қабристонга дафн қилишни режалаштирган. 

Россия Президенти Владимир Путин Нишоновни “Александр Невский” ордени билан тақдирлаганди.

Муртазо Раҳимов билан видолашган Путин

Бошқирдистоннинг Биринчи Президенти Муртазо Раҳимов ҳам 11 январь куни 88 ёшида вафот этди. 

Бошқирдистон парламенти раиси ўринбосари Рустам Аҳмадинуровга кўра, Раҳимов узоқ давом этган оғир касалликдан сўнг вафот этган. У 2022 йил июль ойи охирида Раҳимов оғир аҳволда шифохонага ётқизилган.

У ҳудудни 20 йилдан ортиқ бошқарган. Дастлаб Бошқирд Автоном Совет Социалистик Республикаси Олий Кенгашининг раиси, кейин 1993 йил 25 декабрдан Бошқирдистон президенти лавозимида ишлаган ва 2010 йилда ўз аризаси билан Президентликни тарк этган. 

Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ҳам Муртазо Раҳимов билан видолашув маросимида қатнашди. Шу учун у йўл босиб 13 январь куни Уфага келди. 

Путин Бошқирдистон давлат концерт залига бориб, мотам лентаси билан боғланган қизил атиргуллар гулдастасини Раҳимов тобути ёнига қўйди ва тобут олдида сукут сақлаб, Муртазо Раҳимовнинг жонсиз жасадига таъзим қилди.

Номи тириклигидаёқ ўчирилаётган Назарбоев

Қозоғистон парламенти депутатлари шу ҳафта палаталарнинг қўшма мажлисида “Қозоғистон Республикасининг биринчи президенти – Элбоши тўғрисида”ги қонунни бекор қилди. 

Қозоғистон Конституциясининг 46-моддаси ва “Қозоғистон Республикаси Президенти тўғрисида”ги конституциявий қонуннинг 6-бобида белгиланган умумий кафолатлар энди биринчи президентга ҳам татбиқ этилади. Унда мамлакатнинг собиқ раҳбарларига тегишли алоҳида қоидалар мавжуд.

Хусусан, 34-моддада собиқ президент, унинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлиги белгиланган. Шунингдек, 36-моддада собиқ давлат раҳбари республика президентининг ваколатларини амалга ошириш билан боғлиқ ҳаракатлар учун жавобгарликка тортилиши мумкин эмас, давлатга хиёнат қилиш ҳоллари бундан мустасно, деб ёзиб қўйилган. 

2000 йилда қабул қилинган “Биринчи Президент тўғрисида”ги қонун кўра, Элбоши унвонини олган  Нурсултон Назарбоев алоҳида мавқега эга эди – биринчи президентни ҳибсга олиш, ушлаб туриш, тинтув қилиш, сўроққа чақириш ва қамоққа олиш мумкин эмас. Қонун Назарбоев ва унинг оила аъзоларига тегишли мулк ва банк ҳисоб рақамлари дахлсизлигини кафолатлаган. Уларнинг барчасига умрбод ҳимоя, алоқа, транспорт ва бошқа имтиёзлар берилган. 

Қозоғистон Адлия вазири Азамат Ескараевнинг сўзларига кўра, биринчи президент ҳақидаги қонун бекор қилинганидан кейин унинг оила аъзоларига дахлсизлик ҳуқуқи берилмайди. Шунингдек, жорий ҳафтада Нурсултон Назарбоевга илгари берилган фахрий сенатор мақоми парламент регламентидан олиб ташланди.

Ўғри-муттаҳам тамғасидан қутулган Акаев

Қирғизистон Бош прокуратураси мамлакатнинг биринчи президенти Асқар Акаевга нисбатан “Қумтор” олтин кони билан боғлиқ жиноий иш бўйича терговни тўхтатди. Акаевга қўйилган барча жиноий айбловлар олиб ташланган. 

Акаев 1990 йил октябрь ойида Қирғизистон ССР раҳбари этиб сайланган. 1991 йил август ойида у республиканинг биринчи президенти бўлди ва 2005 йилгача мамлакат бошида қолди. Акаев мамлакатда бўлиб ўтган Лола инқилоби натижасида ҳокимиятдан маҳрум бўлди. Инқилоб даврида у лавозимини тарк этди ва оиласи билан мамлакатдан чиқиб кетди. Ўшандан бери Қирғизистоннинг биринчи президенти Москвада яшаб, дарс бериб келади. 

Ўтган йили ва ундан олдинги йили Акаев “Қумтор” иши бўйича гувоҳлик бериш учун ватанига келган. Бу кон Қирғизистоннинг шимолий-шарқий қисмида жойлашган бўлиб, йилига 15 тоннага яқин олтин қазиб олинади. Илгари уни ўзлаштириш билан канадалик инвесторлар шуғулланган, кейинроқ кон давлат томонидан ўзлаштирилди. 

2005 йил апрель ойида Акаев ва унинг оила аъзоларига нисбатан бир неча жиноий иш қўзғатилган, шу жумладан коррупция моддаси бўйича, ҳозирда уларнинг барчаси тўхтатилган ёки тугатилган.

Оёғидан осиб кетилган “Эрдўған”

11 январь куни Туркия ва дунёнинг кўплаб мамлакатларида террорчи гуруҳ саналган Курдистон ишчилар партиясининг юзлаб тарафдорлари Стокгольмда митинг ўтказди. Улар партия рамзлари ва етакчиси Абдулла Ўжаланнинг портретларини намойиш қилиб, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғанни ҳақоратловчи сўзлар айтган. Шаҳар марказида, мэрия яқинида содир бўлган намойиш иштирокчилари ҳокимият олдидаги устунга Эрдўғанга ўхшаган қўғирчоқни оёғидан осиб қўйган. 

Туркия ҳукумати бу ҳаракатни қоралади. Швециянинг Анқарадаги элчиси Туркия Ташқи ишлар вазирлигига чақирилиб, унга нисбатан норозилик билдирилди. Туркия парламенти спикери Мустафо Шентоп Швеция парламенти раҳбарининг 17 январга мўлжалланган Анқарага ташрифини бекор қилди, унда шимолий мамлакатнинг НАТОга кириши масалалари муҳокама қилиниши режалаштирилган эди.

Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли эса Швециянинг Курдистон Ишчилар партияси тарафдорлари томонидан Стокгольмда ўтказилган митингни қоралаши етарли эмаслигини айтди.

“КИПнинг Швециядаги провокацияларини ҳаммамиз кўрдик. Улар фақат қоралаш билан қутулолмайди, Швеция аниқ чоралар кўриши керак. Бунга қарши курашиши керак. Бу ҳаракат шаҳар марказида, шаҳар ҳокимияти яқинида бўлиб ўтди”, дейди Чавушўғли.

Ушбу ҳодисадан сўнг, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг адвокати Ҳусайн Ойдин Анқара прокуратурасига Швецияда Туркия раҳбарига қарши намойиш ташкилотчиларига нисбатан жиноий иш қўзғатиш талаби билан мурожаат қилди.

Туркияда Президентни ҳақорат қилиш жиноят ҳисобланади. Маҳаллий Жиноят кодексининг 229-моддасига кўра, у тўрт йилгача озодликдан маҳрум қилишни назарда тутади. 

Афғонистонда даҳшатли портлаш содир этилди

11 январь куни Афғонистон пойтахти Қобул марказида мамлакатда ҳокимиятни қўлга олган “Толибон” ҳаракати томонидан тузилган муваққат ҳукуматдаги Ташқи ишлар вазирлиги биноси ёнида портлаш содир бўлди.

“Толибон” ҳукуматидаги Бош вазир идораси раҳбари ўринбосари Аҳмадуллоҳ Муттақий ўзининг Twitter’даги саҳифасида маълум қилишича, Ташқи ишлар вазирлиги биносига худкуш-террорчи ҳужум уюштирмоқчи бўлган. 

Портлаш оқибатида 21 киши ҳалок бўлди, 40 ортиқ киши жароҳатланди. Худкуш-террорчининг исми Хайбар Қандагари бўлиб, у Ташқи ишлар вазирлиги ходимлари ва қўриқчилари орасида ўзини портлатган.

Портлаш учун жавобгарликни ИШИД ўз гарданига олди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг