Умурзоқов қаерда? Россиядан Ўзбекистонга таҳдид – Ҳафта таҳлили
Таҳлил
−
23 Декабрь 2023
33382Ты теперь пацан, а кругом враги. Бу сўзлар аллақачон сизга таниш бўлса керак. Россиялик киноижодкорлар томонидан суратга олинган “Слово пацана. Кровь на асфальте” сериалида ишлатилган ибора ва қўшиқлар ижтимоий тармоқларда ва ёшлар орасида трендга чиқди. Ўтган асрнинг 80-йиллари охирида Қозондаги ёшлар гуруҳлари ҳақидаги рус жиноий сериали премьераси айнан Ўзбекистонда ва Қирғизистонда давом этаётган жиноий оламга қарши кураш, “Салимбойвачча”, “Бахти Ташкентский”, “Саидазиз Медгородок”, Бузрук номи билан танилган қатор шахсларнинг турли жиноятларда айбланиб, қўлга олиниши даврига тўғри келгани билан ҳам аҳамиятли. Худди атай қилгандек, фильм сценарийси ва ҳаётдаги ишлар ўртасидаги боғлиқлик бордек. Сизлар билан бугун бу сериал ҳақида эмас, сизу биз яшаб, кўриб, жонли гувоҳи ва иштирокчиси бўлиб турган, баъзан сусиб, баъзан панжа ортидан қараб, баъзан эшитмаганга олиб ўтаётганларимиз ҳақида гаплашмоқчиман.
Босқинчилик қонида борлар
Босқинчилик, таҳдид ва тажовуз фақат жиноят олами вакилларига тегишли сифатлар эмас. Баъзан ўқиган, илмли, зиёли одамлардан ҳам шундай нарсалар чиқади. Муҳаммад Юсуф “яхши одам бир кун ёмон бўлару ёмон одам яхши бўлмас ҳеч қачон”, деб айтганидек, тажовуз қилиш, қўрқитиш, бўйин эгдириш, эгаллаб олиш ўша одамларнинг қонида бўладики, илм ҳам, замонавий дунё қонуниятлари ҳам уларни тузата олмайди. Чунки уларга бу сут билан кирган, чиқса жон билан чиқади, чиқмаса авлодига ўтади. Бундайлар руҳан носоғлом ва улар ёлғиз бўлмайди. Албатта, кимдандир, қаердандир мутлақо куч олади.
Россиялик ёзувчи, “Путин жамоаси” ижтимоий ҳаракати аъзоси, Россия гвардияси полк командирининг ҳарбий-сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Захар Прилепин ана шундай одам, десам нима дейсиз? Агар шунақа бўлмаганда собиқ СССР ҳудудларини Россия Федерацияси таркибига қўшиб олиш, буни Ўзбекистондан бошлаш ҳақида гапирармиди?! Унинг фикрича, бундай ҳаракат Россиядаги “мигрантлар муаммоси”ни ҳал қилган бўларди.
Прилепинга кўра, Россияга меҳнат муҳожирлари қайси мамлакатлардан келса, ўша давлатларни Россия таркибига қўшиб олиш керак. Да ладно, ты что сума сошол?
“Уларни рус тилини бу ерда эмас, ўз юртида, дейлик Ўзбекистонда ўқитиш керак. Мен ҳазиллашаётганим йўқ. Биз Совет Иттифоқининг парчаланишини рад этиш мавзусини кўтарамиз, бу бизга исталган вақтда “Сизнинг икки миллион фуқаронгиз бизнинг ҳудудимизда экан, биз сизнинг ҳудудингизга даъво қиламиз. Чунки кўпчилик аллақачон шу ерда ва улар ҳатто бунга овоз берган” дейишга имкон беради. Киевдаги параддан кейин Евросиё ҳудудида бирор нарса қилишни бизга ким тақиқлайди? Ҳеч ким”, деган Прилепин.
Унинг атрофига йиғилган ўзига ўхшаганлар қарсаклар билан олқишлаб, айтганларини маъқуллади.
Ана, энди кўринг Прилепиннинг Ўзбекистонда бирдан машҳур бўлиб кетганини. Лекин бутун бошли Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг саноқли депутатларигина унга жавоб қилишга “духи” етди, холос.
Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Олег Мальгинов эса Ўзбекистон Републикаси Ташқи ишлар вазирлигига таклиф этилди. Ҳа, нотўғри эшитмадингиз, айнан таклиф этилди. Бошқа давлатларда шундай ҳодиса рўй берса, элчилар қатъият билан чақирилса, бизникилар лутфан таклиф қилгани ҳақида баёнот берди.
Унга Захар Прилепиннинг Ўзбекистон ҳудудини Россияга қўшиб олиш зарурлиги ҳақидаги таклифи Ўзбекистонда чуқур ташвиш ҳисси билан қабул қилингани қатъий тарзда етказилган. Ташвиш ҳисси. Кечирасизу мен бир ўзбекистонлик ўлароқ айтаманки, ҳеч ташвишланмадим, аксинча, нафратландим, алам бор эди ташвишдан кўпроқ. Нега ташвишланайки, ахир Ўзбекистон Республикаси ўз хавфсизлигини таъминлаш учун етарли даражада Қуролли Кучларига эга эмасми? Эга, буни ҳатто янги Конституциянинг 153-моддасида ҳам ёзиб қўйилган.
Хуллас, жамоатчиликнинг кескин эътирози ортидан Россия Ташқи ишлар вазирлиги вакили Мария Захарова тилга кириб, Прилепиннинг Ўзбекистон ҳақида айтган гаплари шахсий фикри экани, Россиянинг позициясини ифода этмаслигини айтиб, ишонтиришга уринди. Гап Прилепиннинг айтганида ҳам эмас, унга қарсак чалиб қўллаётганларда. Демак, ўқимишли доирада шу кайфият бор.
Прилепиннинг айтганлари Президент Шавкат Мирзиёевнинг ҳам қулоғига етиб боргани аниқ. Давлат раҳбари эртаси куни, 22 декабрда Маънавият ва маърифат кенгашининг йиғилишида ташқи таҳдидлар масаласига тўхталди.
“Илгари ўз мақсад ва манфаатларини асосан дипломатия ва сиёсат билан ҳимоя қилиб келган дунёдаги қудратли марказлар энди очиқчасига босим ўтказиш, қарама-қаршилик ва тўқнашувлар йўлига ўтганига ҳаммамиз гувоҳмиз.
Афсуски, бундай кенг кўламли ва ўта зиддиятли жараёнларнинг таъсири Марказий Осиё минтақаси ва унинг таркибий қисми бўлган мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмаяпти.
Ана шундай ғоят мураккаб ва таҳликали вазиятда Ўзбекистоннинг миллий манфаатларига жавоб берадиган тўғри йўлни топиш албатта осон бўлмаяпти”, дейди Мирзиёев.
Қамаганлар, қамалганлар, қаматганлар...
2022 йилнинг августидан 2023 йилнинг октябрига қадар Қишлоқ хўжалиги вазири лавозимида фаолият юритган ва кўпчилик наздида тартибли, интизомли, қишлоқ хўжалигида янгиликлар қила олган вазир сифатида тилга олинган Азиз Воитов айни вақтда Давлат хавфсизлик хизмати ҳибсхонасида сақланмоқда.
Маълум бўлишича, собиқ вазир Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-модда (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш)си 3-қисми “а” банди ва 205-модда (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш)си 2-қисми “а” банди билан гумон қилиниб ушланган.
Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судининг жорий йилнинг 14 декабрдаги ажрими билан Бош прокурор ўринбосарининг илтимосномасига кўра, Азиз Воитовга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Қамалган амалдорлар рўйхатида Воитов ёлғиз эмас. Бухоро туманининг собиқ ҳокими Хайрулло Жўраев Жиноят кодексининг 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 2-қисми “а” банди, 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 2-қисми “а” банди, 207-моддаси (мансабга совуққонлик билан қараш) 1-қисми, 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 2-қисми “а” банди ва 229-4-моддаси (ер бериш тартибини бузиш) 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда гумон қилинмоқда ва қўлга олинган.
Жўраев 2020 йилнинг декабридан жорий йилнинг июлигача ҳокимлик қилган.
Наманган вилояти ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Саидаҳмад Султонов ҳам қўлга олинган. У Жиноят кодексининг 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 2-қисми “а” банди ва 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.
Қамоққа олинганлар рўйхатида солиқчилар ҳам бор. Хусусан, Солиқ қўмитасининг Қўшилган қиймат солиғи маъмуриятчилиги бошқармасининг ҚҚС тўловчиларини махсус рўйхатдан ўтказиш бўлими бошлиғи ҳамда қўмитанинг Солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатиш департаменти директори ўринбосари қўлга олинган.
Бундан ташқари, Тошкент шаҳар Солиқ бошқармаси камерал солиқ текширувлар шуъбаси бошлиғи ҳам ушланган. Уларга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ҳамда мансаб сохтакорлиги моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Президент Шавкат Мирзиёев эса Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг йиғилишида сўнгги вақтлардаги “қама-қама”лар масаласига ҳам тўхталиб, шундай деди:
“Ўзини “кўча” деб атайдиган жиноий гуруҳлар бўладими, коррупцияга берилган мансабдор шахслар бўладими, ким қонунга беписанд қараб, давлат ва жамиятга зарар етказадиган бўлса, биз бунга ҳеч қачон жим қараб туролмаймиз. Янги Ўзбекистонда қонун устувор, жиноятга жазо муқаррар бўлиши шарт. Ва албатта шундай бўлади”.
Президент Мирзиёев “кўча” деб кимларни назарда тутаётгани сизга у қадар мавҳум эмас. Мамлакатда криминоген вазиятни яхшилаш бўйича кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирлар ўтказилаётганидан хабарингиз бор. Унда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раисининг ўринбосари, Спорт курашлари ассоциацияси раиси Салим Абдувалиевдан тортиб, “Саидазиз медгородок” номи билан танилган Саидазиз Саидалиев, “Бахти Ташкентский” лақаби билан танилган Бахтиёр Қудратуллаев, Дилшод Тулқинович Шарипов, Анвар Боборажабович Мирзахонов, Тошкентнинг “криминал авторитети” экани айтилган Аббосхон Хўжаев, “Бузрук” номи билан билинадиган Бузрук Бузруков каби шахслар қўлга олинди.
Умурзоқов қаердалиги маълум бўлди?
Собиқ Қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитовнинг ҳибсланиши август ойида Президентнинг махсус топшириқлар бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланиб, Президент Администрацияси раҳбарлигидан кетган ва ўшандан буён умуман кўриниш бермаётган Сардор Умурзоқов ҳақидаги миш-мишларни янада кўпайтирди. Умурзоқов билан ҳаммаси жойида, у нима билан бандлиги жорий ҳафтада қисман маълум бўлди.
Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг собиқ президенти, Президент Мирзиёевнинг Иқтисодий ривожланиш, самарали бошқарув ва халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Сума Чакрабарти Linkedin саҳифасига Сардор Умурзоқов билан тушган суратини жойлади.
“Ўтган ҳафта Тошкентда яқин дўстим, Президент Мирзиёевнинг маслаҳатчиси Сардор Умурзоқов билан жуда яхши суҳбатлар бўлди. Президентни кўргани бирга бориб, 2024 йилга мўлжалланган иш дастуримизни келишиб олдик. Январь ойи бошида Тошкентга қайтаман”, дея суратга изоҳ ёзган Чакрабарти.
Умурзоқовнинг нима учун бу Администрация раҳбарлигидан четлатилгани сабаблари ҳамон жамоатчилик учун жумбоқлигича қолмоқда. Аммо унинг кетиши ортидан Президент Администрацияси раҳбари лавозими ҳам тугатилди. Охирги марта Сардор Умурзоқов жорий йилнинг 18 август куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан учрашувида маслаҳатчи ўлароқ кўриниш берганди.
Ёнғиндан хавфлироқ бало
Авваллари ёнғинга нисбатан “тилсиз қотил” деган таъриф ишлатилар эди. Ёнғинни-ку кўрасиз, сезасиз, жуда бўлмаса аланга ташқаридагиларга белги беради. Албатта, Яратганнинг ўзи бу балодан ҳар биримизни асрасин. Аммо йилларки, ис гази ёнғинданда хавфлироқ бўлиб боряпти. Унинг на белгиси бор, на кўриниши. Бу ҳафтанинг ўзида бу рангсиз, тилсиз бало 13 кишини орамиздан олиб кетди. Уларнинг 4 нафари Фарғонада, 4 нафари Наманганда яна 5 нафари Қорақалпоғистонда. Ўзаро фарқли бўлмаган жиҳат шуки, ушбу кулфат оқибатида уч оила ном-нишонсиз кетди.
Фарғона вилоятининг Ўзбекистон тумани, “Обод” МФЙ ҳудудидаги уйда содир бўлган ҳолатда эр-хотин ва уларнинг икки қизи қурбон бўлди.
Наманган вилоятининг Янги Наманган тумани, “Беруний” МФЙ ҳудудидаги фожиада эса 48 яшар эркак, унинг 41 яшар турмуш ўртоғи ва 19 ҳамда 14 яшар фарзандлари вафот этди.
Қорақалпоғистонда эса оиланинг 7 аъзосидан 5 нафари – 66 яшар отахон, унинг 62 яшар турмуш ўртоғи, уларнинг 37 яшар қизи ва 15 ҳамда 12 яшар набиралари вафот этди. Икки киши тирик қолди.
Шунингдек, тугаётган ҳафтада Тошкентда содир бўлган ёнғин кўпчиликнинг юрагини зада қилди. Яшнобод туманидаги ҳовли уйлардан бирида содир бўлган даҳшатли ёнғинда нафақат хонадоннинг кули кўкка совурилди, балки оиланинг уч аъзоси 1995 йилда туғилган аёл ва унинг 2015 ва 2018 йилда туғилган қизлари ўлимига сабаб бўлди. Мазкур ҳолат юзасидан Яшнобод тумани Ички ишлар бўлими томонидан Жиноят кодексининг 259-моддаси билан жиноят иши қўзғатилди.
24 қаватдан қулаган “қорбобо”
Одамларнинг ўлимига фақат бахтсиз ҳодисалар эмас, баъзан кўнгилхушликлар, аҳмоқона ҳазиллар ҳам сабаб бўлади. Россиянинг Челябинск шаҳрида болаларга "сюрприз" қилиш учун бино ташқарисидан 24-қаватга кўтарилган "қорбобо"нинг ўлими бунга яққол мисол.
“Қорбобо” кийимидаги альпинист 24-қаватдан уйнинг очиқ майдонига тушиши ва болалар билан ўйин-кулги қилиши керак бўлган. Аммо у 24-қават балконидан тушишни бошлаши билан мувозанатини йўқотиб, пастга қулаган. Балконда иккита арқон бўлган, “қорбобо” арқонларни боғлашни унутган.
Қашқадарёда қизлар “бешикдан турибоқ” турмушга чиқадими?
Тугаётган ҳафтада Қашқадарёда 7-синф ўқувчиси, ҳали гўдак қиз турмуш қуришга тайёрнаётгани, унаштирув маросими ўтказилиб, қайнона бўлмиш қиз кўрдига келганда унга тилла занжир тақиб кетгани жамоатчиликнинг тепа сочини тикка қилар даражада муҳокамаларга сабаб бўлди.
Болалар омбудсмани эса воқеага аниқлик киритиб, мазкур ҳолатга берган муносабатида қизнинг ота-онасига таяниб, тарқалган видеода қизнинг унаштирув маросими эмас, туғилган куни акс этганини билдирди. Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмоновага кўра, ушбу видео 22 майда, қизнинг туғилган кунида суратга олинган.
Аммо вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси берган расмий муносабатда "Ўқувчини туғилган куни бўлмаган” деган сўзлар келтирилган. Вилоят ММТБнинг берган мужмал ва тушунарсиз изоҳи кўплаб саволлар туғилишига олиб келяпти.
Шунингдек, қиз Кўкдала туманидаги 68-мактабнинг 7-синф ўқувчиси эмас, 8-синфида ўқиши аниқланган. У ҳозирда мажбурий таълимга асосан ушбу мактабдаги ўқув жараёнида иштирок этмоқда.
Таъкидлаш жоиз, республиканинг бу ҳудудида қизларнинг унаштирув маросимини эрта ўтказиш урф-одатлари қисман бўлса-да сақланиб қолмоқда. Айниқса охирги вақтларда бундай ҳолатлар юз бергани ҳақидаги хабарлар тез-тез янграмоқда.
Масалан, Косондаги мактабнинг 8-синфларидан 9 нафари аллақачон оилали бўлгани, мактаб директори ҳам ёш қизни келин қилгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Кейинчалик Қашқадарё Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бу хабарни рад этиб чиқди.
Салим Абдувалиевнинг ўғли ҳам ИИББга олиб кетилган
Хабарингиз бор, Салим Абдувалиев 20 кундан зиёдки, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раисининг ўринбосари, Спорт курашлари ассоциацияси раиси Салим Абдувалиев Жиноят кодексининг 248-моддаси 1-қисми билан айбланиб, ҳибсда қолмоқда. Салим Абдувалиев қўлга олинган куни унинг Тошкентнинг Файзобод даҳасидаги уйида тинтув ўтказилиб, унинг хонадонидан қуроллар билан бирга қимматбаҳо соатлар ҳам олинган. Бошқа ҳеч нарсага, хусусан Салимбойнинг коллекцияларига тегилмаган.
Шу куннинг ўзида унинг уйида бўлган яқинлари, ишчилари ва ўғли Жасур – жами 20 дан ортиқ киши сўроқ қилиш учун Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасига олиб кетилган.
Улардан қурол кимга тегишлилиги сўралган. Савол-жавоб тугагач, улар уйларига қўйиб юборилган.
Қозоғистонда тақиқланаётган “Слово пацана”
Дастуримизни “Слово пацана. Кровь на асфальте” сериалидан бошлагандик. Якунни ҳам шу билан қилсак. Қозоғистонда ушбу сериал устидан ёшлар онгига салбий таъсири учун текширув бошланди. Ушбу контент конституциявий тузумни зўравонлик билан ўзгартиришга чақириш, фуқароларнинг яхлитлигини бузиш, давлат хавфсизлигига путур етказувчи, уруш тарғиботи, ижтимоий, ирқий, миллий, диний, синфий, уруғ-аймоқчилик, шафқатсизлик ва зўравонлик маданияти, ўз жонига қасд қилиш ва порнография, гиёҳвандликни тарғиб қилса, Маданият вазирлиги ушбу сериални зарарли деб топади. Бундай ҳолатда тегишли чоралар кўрилади. Хўш, сиз кўрдингизми бу сериални? Уни Ўзбекистонда ҳам тақиқлаш керакми? Фикрларингизни изоҳларда ёзиб қолдиринг. Келгуси ҳафтада кўришгунча омон бўлинг.
LiveБарчаси