Дунёнинг ғазабини қўзғатган Исроил, Коля Қирғизнинг хунини сўраётган Жапаров, Миллий гвардиядаги суиқасд — Мотам ҳафта таҳлили
Таҳлил
−
21 Октябрь 2023
11774Ўзбекистонда помидор нархи ошди. Хоразмда эса сув нархи икки баравар кўтариляпти. Бу орада бензин нархи ошиши ҳақида ҳам гап-сўзлар болалаган. Помидор ёки сувга автомобилларнинг қандай алоқаси бор билмадим-у аммо UzAutoMotors Lacetti, Damas, Labo вa Cobalt моделлари нархлари оширилаётганини эълон қилди. Нархлар 4,7 млн сўмдан 9 млн сўмгача қимматлашди. Хўш, сизнингча, бу инсофли оширишми?
Ҳафта давомида содир бўлган муҳим воқеалар таҳлили билан QALAMPIR.UZ’да танишинг.
Дунё Исроилга қарши тиш қайраяпти
17 октябрь куни тунда Ғазо секторидаги баптистлар шифохонасига авиазарба берилиши оқибатида 800 дан ортиқ одам ҳалок бўлди. Исроилнинг ушбу қилмишини халқаро ташкилотлар ва етакчи давлат раҳбарлари кескин қоралаб чиқди.
Исроил Бош вазири Беньямин Нетаньяху буни террорчиларнинг иши деб баҳолашга уринди.
“Бутун дунё билиши керак: Ғазодаги шифохонага Исроил мудофаа кучлари эмас, ваҳший террорчилар ҳужум қилди. Бизнинг болаларимизни шафқатсизларча ўлдирганлар ўз фарзандларини ҳам ўлдирмоқда”, дейди у.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Ғазо секторидаги Ал-Аҳли шифохонасига уюштирилган ҳаво ҳужумини қоралади.
“Ғазо секторидаги Ал-Аҳли шифохонасига уюштирилган ҳаво ҳужуми оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлгани ҳақидаги хабарни чуқур қайғу билан қабул қилдик. Бу даҳшатли зўравонлик ҳаракатини кескин қоралаймиз ва буни халқаро гуманитар ҳуқуқнинг қўпол бузилиши деб ҳисоблаймиз”, дейилади ТИВ баёнотида.
Ўзбекистон ТИВ вафот этганларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирган ҳолда, можаро томонларини зудлик билан ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга ҳамда ўт очишдан тийилишга чақирган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродовнинг фикрича, Ал-Аҳлига қилинган ҳужум “шубҳасиз, халқаро ҳуқуқ ва умуминсоний қадриятлар чегарасидан чиқишдир”. Тинч аҳолининг, болаларнинг хун тўлашини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди.
“Бугун геосиёсий актёрлар масъулиятни олиши, сиёсий манфаатларни талашиш, ўзаро айблаш эмас, минтақада вазиятни нормаллаштириш устида ишлаши шарт”, дейди Бекмуродов.
Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған халқаро ҳамжамиятни Ғазодаги шифохонага ракета ҳужумидан сўнг “мисли кўрилмаган шафқатсизлик”ни тўхтатишга чақирди. У аёллар, болалар ва бегуноҳ фуқароларни ўз ичига олган шифохонага қилинган ҳужумни Исроилнинг “инсоний қадриятлардан бегона” ҳаракатларидан бири эканини урғулади.
Туркия Ташқи ишлар вазирлиги, ўз навбатида, Исроилнинг Ғазодаги шифохонага ракета ҳужумини “варварлик” деб атади ва яҳудий давлатининг халқаро суд олдида жавоб бериши муқаррарлигини эълон қилди.
Эрдўғаннинг кенжа қизи – Аёллар ва демократия жамғармаси Васийлик кенгаши раиси Сумейя Эрдўған эса Истанбулда 39 нодавлат аёллар ташкилоти томонидан ташкил этилган тинч намойишларда қатнашиб, Исроилни қоралаш акциясига бошчилик қилди. У Исроилнинг Ғазодаги бегуноҳ одамларни, аёллар ва болаларни, шифохоналар ва мактабларни нишонга олиб, ўлдираётганини, бунинг 75 йилдан бери давом этаётганини ва ҳеч қандай баҳонаси йўқлигини айтди.
“Ғазода бир неча 10 йиллардан буён қуролланган исроиллик аскарларга қарши бўш қўллари ва улкан юраклари билан Ал-Ақсони ҳимоя қилишга уринаётган, Исроил томонидан уйлари ва ўлдирилаётган гўдакларини ҳимоя қилишга уринган, ҳар қандай қийинчиликлар қаршисида қаддини тик тутаётган фаластинлик қаҳрамон аёлларни кўрмайдилар. Уларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинмайди. Бугун биз Туркиядаги аёллар нодавлат ташкилотлари ўлароқ Фаластин аёллари, болалари ва Фаластиннинг ёнидамиз, деб ҳайқириш учун шу ердамиз. Биз бутун инсониятни бу фожиага қарши овозини баланд кўтаришга чақирамиз”, дейди Президентнинг қизи.
Сумейянинг турмуш ўртоғи, суюкли куёв Селчук Байроқдор эса видеомурожаат билан чиқиб, халқаро ҳамжамиятни Исроилга қарши қарорлар олишга чақирди ва унинг
раҳбарлигидаги “Baykar” компанияси Фаластинга 280 миллион лира (тақрибан 1 миллион АҚШ доллари) ёрдам қилганини айтди.
“Инсониятни Ғазодаги қатлиомларнинг тўхтатилиши учун ҳаракат қилишга таклиф этамиз. Жим туриш бу қатлиомларга шерик бўлишдир”, дейди Байроқдор.
Фаластиндаги қирғин ортидан Президент Эрдўған Туркияда уч кунлик – 19 октябрдан 21 октябргача мотам эълон қилди. Уч кунлик мотам даврида Туркия бўйлаб барча ҳукумат биноларида давлат байроқлари ярим ҳилпиратилади. Бироқ, ҳатто, Туркия ҳам Исроил билан дипломатик муносабатларида узилиш қилаётгани йўқ.
Шунингдек, Фаластиндаги шифохонада қурбон бўлган тинч аҳоли вакиллари хотирасига ҳурмат рамзи сифатида Эронда ҳам бир кунлик мотам эълон қилинди.
АҚШ раҳбариятининг Исроилга кўрсатаётган ёрдами эса АҚШликлар манфаатларини акс эттирмаслиги яна бир бор ўз бўйини кўрсатди. АҚШда минглаб одамлар намойишга чиқиб, Исроилнинг ҳаракатларини қоралади. Намойишчилар Капитолий тепалигидаги мамлакат Конгрессининг энг қадимий офиси бўлган Cannon House биносига бостириб кирди.
Полиция Ғазо секторида ўт очишни тўхтатишни талаб қилаётганларни намойишни тўхтатиш учун огоҳлантирган. Бу талабга риоя қилмаганлар ҳибсга олинган.
Инсон ҳуқуқлари экспортёри эканини даъво қилувчи АҚШ, ўз фуқаролари қаршилигига қарамай, бу сафар Исроил армияси учун мўлжалланган зирҳли техникаларнинг биринчи партиясини Тель-Авивга экспорт қилди.
Россия Давлат Думаси эса Фаластин-Исроил можаросининг кескинлашуви муносабати билан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва бутун дунё мамлакатлари парламентларига мурожаат йўллади.
“Россия Федерацияси Давлат Думаси депутатлари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва дунё парламентларига мурожаат қилиб, Исроил-Фаластин ўртасидаги қон тўкилишини ва тинч аҳолига нисбатан зўравонликни зудлик билан тўхтатишга ҳамда Яқин Шарқда мисли кўрилмаган гуманитар фалокатнинг олдини олиш учун барча чораларни кўришга чақиради”, дейилади мурожаатда.
Россиялик депутатлар Украинадаги шифохонага, фуқаролик инфратузилмасига, одамлар яшаётган уйларга ҳужум қилганини унутган ёки бехабар чоғи, мурожаатда Ғазодаги шифохонага ракета ҳужуми уюштирилгани, оқибатда "юзлаб бегуноҳ тинч аҳоли, жумладан, аёллар ва болаларнинг ҳалок бўлган"и фожиа кўламини янада кенгайтирганини билдирган.
Давлат Думаси, шунингдек, можаро иштирокчилари томонидан халқаро гуманитар ҳуқуқнинг ҳар қандай бузилишини кескин қоралашини маълум қилган. Гап, хусусан, халқаро шартномалар билан тақиқланган ўқ-дорилардан фойдаланиш, ёппасига портлатишлар, фуқаролик инфратузилмасига, биринчи навбатда, тиббиёт муассасаларига, энергетика ва сув таъминоти объектларига ҳужумлар, тинч аҳолини мажбуран кўчириш ҳақида бормоқда.
Мурожаатда уруш ва инсониятга қарши жиноятларни содир этган айбдорлар жавобгарликка тортилиши ва уларга энг оғир жазо тайинланиши лозимлиги айтилган. Бундан ташқари, депутатлар Қўшма Штатлар бошчилигидаги коллектив Ғарбнинг сиёсатини ахлоқсиз ва узоқ вақт давомида уруш оловини алангалатувчи, деб баҳолаган.
Ўзбекистонлик қиз Америкада Гитлерни эслагани учун ишдан ҳайдалди
Сўз ва фикр эркинлиги, инсон ҳуқуқлари ҳимоясичиси бўлган Америкада ўзбекистонлик ижтимоий тармоқдаги шахсий фикри учун ишдан ҳайдалди. Гап Citibank’нинг ўзбекистонлик ходимаси Нозима Ҳусайнова ҳақида кетмоқда. У Instagram ижтимоий тармоғида қолдирган сториси сабаб ишдан бўшатилган.
Гап шундаки, Нозима Ҳусайнова Instagram сторисида ижтимоий ҳуқуқ фаоли Шон Кингнинг Ғазодаги шифохона портлатилишида Исроилни айблаган постини бўлишган. Унда шундай дейилади:
“Ғазодаги баптистлар шифохонаси портлатилиши биланоқ Исроил очиқчасига бу учун жавобгарликни ўз бўйнига олди ва буни шифохона ичидаги “террорчи”ларни ўлдириш учун қилганини айтди. Буни муваффақият деб аташди. Тинч аҳоли қурбон бўлганини кўрсатадиган видеолар пайдо бўлиши билан улар ўз твитини ўчирди ва фаластинликлар ўзларини портлатганини айтди”.
Нозима Ҳусайнова эса постни бўлишар экан унинг тагига “Гитлер нега уларнинг ҳаммасидан қутулмоқчи бўлгани энди ажабланарли эмас”, деб ёзган ва унга табассумли эможи қўшиб қўйган.
Шундан сўнг Ҳусайнованинг сторисидан олинган скриншот Х ижтимоий тармоғидаги @StopAntisemitism саҳифасида пайдо бўлди. Бу эса кўплаб муҳокамалар ва танқидларга олиб келди.
25 ёшли Ҳусайнова интернетда катта репрессияга сабаб бўлганидан сўнг Citibank уни ишдан бўшатди. Чунки кўпчилик фойдаланувчилар унинг иш берувчисини "антисемитизмга тоқат"и учун бойкот қилиш билан таҳдид қилган.
25 ёшли Нозима Ҳусайнова Нью-Йорк шаҳри, Манхэттеннинг қуйи қисмида жойлашган Citibank’нинг Уолл стрит филиалида ишлаган. Маълумотларга кўра, Нозима Ҳусайнованинг бошланғич даражасидаги Citibank ходимининг ўртача маоши йилига қарийб 75 000 долларни ташкил этган.
Исроилда собиқ ўзбекистонликлар ҳалок бўлди
Исроилдаги қуролли тўқнашувлар оқибатида уч нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди, тўрт нафари бедарак йўқолди. Бу ҳақда Исроил Ташқи ишлар вазирлиги хабар тарқатди.
Исроил расмий идораларига кўра, 15 октябрь ҳолатига кўра, Исроилда 148 нафар хориж фуқароси ҳалок бўлган, 143 нафари бедарак йўқолган.
Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси Исроил Ташқи ишлар вазирлиги берган маълумотларни рад этди. Қайд этилишича, қуролли можаролар вақтида Ўзбекистонда туғилган ва 90-йилларда репатриация дастурига мувофиқ Исроилга кўчиб келган 5 киши ҳалок бўлган. Буни Исроил Ташқи ишлар вазирлиги ва полицияси ҳам тасдиқлаган. Лекин ҳалок бўлганлар амалдаги Ўзбекистон фукаролик паспортларига эга эмас.
Миллий гвардия ходими ўзини ўлдирди
Тошкентда, Олмазор тумани прокуратурасида хизмат вазифасини бажараётган Миллий гвардия ходими ўз жонига қасд қилиб, ўзини ўзи отиб қўйди. Воқеа 17 октябрь тонгида содир бўлди.
Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновга кўра, мазкур ҳолат юзасидан Тошкент ҳарбий прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда.
Ҳозирча Миллий гвардия ходими ўз жонига нима учун қасд қилгани маълум эмас.
Миллий гвардиянинг собиқ ходими 15 йилга қамалди
Миллий гвардиядан узоқлашмаймиз. Тузилманинг собиқ ходими педофиллик айблови билан қамоққа ташланди.
18 октябрь куни жиноят ишлари бўйича Бўстонлиқ тумани судида 13 ёшли қизни зўрланган Миллий гвардия собиқ ходими устидан суд ҳукми ўқилди. Унга кўра, судланувчи Жиноят кодексининг 118-моддаси (номусга тегиш) 4-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 15 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Судланувчи 1993 йилда Тошкент вилоятида туғилган. У Қибрай тумани Қўриқлаш бўлими сафдор-ходими сифатида ишлаган.
АҚШ ўзбекистонликларга виза тартибини кучайтирмоқчи
АҚШ ҳукумати Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларининг Европадаги аэропортлар орқали мамлакатга ноқонуний киришидан хавотирланяпти. Шу боис ҳам Вашингтон Европа Иттифоқи давлатларидан транзит виза бериш тартибини кучайтиришни талаб қилмоқда.
Маълумотларга кўра, Жо Байден маъмурияти европаликларга эҳтимолий террорчиларнинг АҚШ ҳудудига кириб келишининг олдини олиш учун Марказий
Осиёнинг айрим давлатларидан келган саёҳатчилар назоратга олиниши кераклигини билдирган.
Хусусан, Вашингтон мамлакатга Европа орқали ўтаётган Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларининг визалари жиддий текширилишини хоҳлаган. Бу билан муҳожирлар оқимини чеклаш ҳамда хавфсизликни таъминлаш масъулиятининг бир қисми Европа Иттифоқининг гарданига тушмоқда.
Бунга Ўзбекистон ва бошқа Марказий Осиё давлатларидан бир гуруҳ мигрантларнинг ИШИД билан алоқадорликда гумонланаётгани ҳам сабаб бўлган.
Ушбу вазиятда Марказий Осиё давлатлари фуқаролари учун виза бериш масаласи тўғридан тўғри Европа Иттифоқига аъзо давлатлар билан муҳокама қилиниши керак.
Шуни айтиб ўтиш керакки, Ўзбекистон фуқаролари сўнгги икки йил ичида АҚШ чегарасини ноқонуний кесиб ўтувчилар орасида учинчи ўринда қайд этилди.
Россия ўзбек мигрантларини “чиқариб юбормоқчи”
Мигрантлар масаласида Россия ҳам Ўзбекистонга нисбатан юмшоқ муносабатда эмас. Депутатлар Ўзбекистон ҳукуматидан мигрантларини олиб кетишни сўрамоқда.
Гап шундаки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Ёшлар сиёсати департаментининг раҳбари Қаҳрамон Қуронбоев Москвага бориб, Россия Давлат Думаси вице-спикери Владислав Даванков билан учрашувда Россия ҳукуматидан ўзбек диаспораси ҳисобидан мамлакатда меҳнат муҳожирларининг фарзандлари учун хусусий боғча ва мактаблар очишда ёрдам сўради.
Бу Россияда ишлаб юрган ва қарамоғида фарзандлари бўлган ўзбекистонлик ишчилар уларни боғча ва мактабларга жойлаштиришда муайян қийинчиликларга дуч келаётгани билан боғлиқ.
Қуронбоев, шунингдек, Россияга келаётган Ўзбекистон ёш фуқаролари учун миграция тартиб-таомилларини соддалаштириш масаласини ҳам қонунчилик даражасида кўриб чиқишни сўраган.
Россиялик депутат Михаил Делягин эса мазкур ташаббус Федерация қонунларига мос келмаслигини айтиб чиқди.
“Ўзбекистон Президентининг маслаҳатчиси Россия Конституцияси ҳақида ҳеч нарса эшитмаган бўлса керак. Бу қонунда одамларни миллатига кўра камситиш тақиқланган. Фақат мигрант болалар учун мактаблар очиш Россия Федерацияси фуқароларига нисбатан камситиш эканлиги аниқ.
Дарвоқе, тожик диаспораси жаноблари фақат тожикларга хизмат кўрсатадиган тиббиёт марказлари очилиши ҳақида гапирганда нимани назарда тутган бўлса, бу ҳам худди шундай маънода”, дейди депутат.
Унга кўра, бу Россияга қарши атайлаб олиб бориладиган сиёсат ва душман кайфиятида бўлган анклавларни яратишга уринишдир.
“Менимча, Ўзбекистон, албатта, болалар боғчалари ва мактабларни қуриши керак, лекин фақат ўз ҳудудида. Улар Россияга сиқиб чиқарган фуқароларини қайтариб ватанига олиб кетиши керак. Чунки, айтайлик, Тожикистон аҳолисининг учдан биридан кўпроғи Россияда яшайди. Бу ҳолат Тожикистон учун ҳам, Россия учун ҳам мутлақо нормал эмас”, дейди Михаил Делягин.
Чегарачилар икки кишини отиб ўлдирди
Тугаётган ҳафтада Фарғона вилоятининг Фарғона туманидаги “Водил” аҳоли пунктида хизмат олиб бораётган чегарачилар спиртли ичимлик таъсирида уларга фаол қаршилик кўрсатган икки фуқарони отиб қўйди.
“Водил” аҳоли пунктида хизмат олиб бораётган Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари “Бўстон” МФЙ ҳудудидан ҳаракатланиб келаётган маҳаллий фуқаролар бошқарувидаги машинани тўхтатиб, белгиланган тартибда кўрикдан ўтказган.
Текширув давомида машинанинг салон қисмида мамлакат ҳудудига ноқонуний равишда олиб кирилган товар-моддий бойликлар борлиги аниқланган. Ушбу ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида икки фуқарога бўлинмага бориш таклиф этилган. Бироқ бу иккиовлон ва уларнинг воқеа содир бўлган ҳудуд яқинида йиғилган ўн нафарга яқин шериклари спиртли ичимлик таъсирида ҳарбий хизматчиларнинг қонуний талабларига бўйсунмаган ва чегарачиларга фаол қаршилик кўрсатиб, уларга нисбатан куч ишлатган.
Оқибатда ҳарбий хизматчилар турли кўринишдаги тан жароҳатларини олган. Қаршилик кўрсатаётган кучлар тенг келмагани боис, чегарачилар огоҳлантирувчи ўқ узишга мажбур бўлган. Огоҳлантиришдан кейин ҳам тўғри хулоса қилмаган фуқароларнинг икки нафарига ҳам ўқ узилган. Уларнинг иккиси ҳам воқеа жойида вафот этган. Айтилишича, ҳозирда ҳолат бўйича тегишли ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан текширув ишлари олиб борилмоқда.
Яна пора, яна “Ўзбекистон темирйўллари”
Ўтган сафарги дастуримизда “Ўзбекистон темирйўллари”нинг Афросиёб поездидан фойдаланган нидерландиялик сайёҳ 15 доллар эвазига эконом классдаги жойини VIP жойга алмаштириб олганини шарманда, деб изоҳлаган эди. Бунинг учун камералар қаршисида ва сизнинг гувоҳлигингизда чин юракдан, афсус ва надомат билан узр сўрайман. Бу шарманда эмас, шаппа-шарманда экан.
Тугаётган ҳафтада Самарқандда БМТ Бутунжаҳон туризм ташкилотининг Бош Ассамблеясининг юбилей 25-сессияси ўтказилди ва бутун дунё нигоҳи Ўзбекистонда бўлди. Унда Туризм соҳасининг энг казо-казолари қатнашди. Шундай нуфузли тадбир ўтаётганда, аксига олиб денг, яна ижтимоий тармоқда туркиялик сайёҳнинг ҳаётида биринчи марта пора бергани, бу Ўзбекистонда содир бўлгани, у Тошкент-Андижон йўналишида ҳаракатланаётган поездга чиққани ва 100 минг пора бериб жойини VIP жойга ўзгартириб олганини айтган видео тарқалди.
“Вагон маъмури келди ва бироз пул эвазига бизга яхшироқ хона бериши мумкинлигини айтди. Ҳаётимизда илк маротаба пора бердик, дўстлар. Тан олиш керак, аввалига ўзимни ёмон ҳис қилдим. Аммо берган пулимизга яраша жавоб олдик. 100 минг сўмга яхшигина купеда Тошкентдан Андижонгача ажойиб манзараларни томоша қилиб кетдик”, дейилади видеода.
Нидерландиялик сайёҳ билан содир бўлган пора ишининг фош бўлиши ортидан поезд бошлиғи ишдан олингани айтилди-ю аммо ҳеч қандай исбот тақдим этилмади. Галдаги ҳолатда эса пора талаб қилган ходим ўз ишининг устаси, пихини ёрган бўлиб чиқди. “Ўзбекистон темирйўллари”дагилар қанча уринмасин, пора олган ходимни топа олмади.
Шу ўринда яна нидерландиялик сайёҳ масаласига қайтсак. Тугаётган ҳафтада у QALAMPIR.UZ’га хат ёзди ва ўзи пора берган поезд раҳбари ишдан бўшатилганидан афсусда эканини билдирди. Унинг билдиришича, поезддан фойдаланганидан бир неча кун аввал чипталарини қонуний йўл билан VIP'га алмаштириб беришларини сўраб, “Ўзбекистон темирйўллари”га мурожаат қилган. Бироқ ёрдам берилмаган. Вокзалда чиптасини алмаштириб бериш учун ёрдам бериши мумкин бўлган одамни қидирган. Аммо инглиз тилини биладиган ходим ҳам, йўловчи ҳам топилмаган.
“Бу воқеа уларнинг поездлари ва қулай саёҳатлари туфайли эмас, балки поезд чипталарини банд қилишнинг мураккаблиги, тил билан боғлиқ тўсиқлар ва мижозларни жуда хафа қиладиган хизмат туфайли содир бўлди. Агар “Афросиёб”нинг станцияда ёки мижозларга хизмат кўрсатиш гуруҳида рус бўлмаган сайёҳларга ёрдам бера оладиган ишчиси бўлганда эди, бундай ҳолат ҳеч қачон юз бермасди.
Ишчини ишдан бўшатиш ва бу билан коррупцияга қарши курашаётганини кўрсатиб қўйиш улар учун "фахрли иш" бўлиши мумкин, аммо "Ўзбекистон темирйўллари" компанияси ҳам ўзини ойнада кўриши керак”, дейди нидерландиялик сайёҳ.
“Ўзбекистон темирйўллари”га билдирилаётган танқидлар ортидан 20 октябрдан тезюрар ва юқори тезликда ҳаракатланувчи поездларининг чипта нархлари мос равишда 50, 100 фоизга оширилиши ҳақидаги қарор бекор қилинди. Билдирилишича, айни вақт ташкилот ставкаларни қайта кўриб чиқмоқда, аммо ҳозирча чипта нархлари қачон ва қандай қийматда қимматлаши аниқ эмас.
Ҳа, бу орада айтиб кетай. Сўнгги икки ҳафта ичида “Ўзбекистон темирйўллари”даги икки коррпуциявий ҳолат бўйича маълумотлар тарқалаётган бўлса ҳам Коррупцияга қарши курашиш агентлиги миқ этмай, сукут сақламоқда.
Сергелидаги портлаш учун 4 киши ҳибсланди
Сергелида омбор портлагани эсингиздан чиққани йўқми? Тугаётган ҳафтада ушбу даҳшатли фожиа сабаб ташкил топган Ҳукумат комиссиясининг билдиришича, 4 киши ҳибсга олинди.
Айтилишича, ёнғин бошланган жой ва портлаш ўчоғи металл ва “сэндвич” панеллардан қурилган омборда юз берган. Ёнғин ва портлаш оқибатида омборнинг металл конструкциялари деформацияга учраб, қулаб тушган.
Ёнғин содир бўлган омборхонада катта миқдорда кимёвий моддалар, қурилиш ва бошқа маҳсулотлар белгиланган талабларга риоя қилинмасдан аралаш ҳолда сақлаб келинган.
Ҳодиса жойидан олинган намуналар асосида ўтказилган кимёвий тадқиқотлар, омборда полиэфирлар, ксилол, углеводородлар, натрий гидроксид, водород пероксиди, этилен гликол ва юқори молекуляр карбон кислота эфирлари каби кимёвий моддаларнинг мавжудлигини кўрсатган.
Портлашга омборхонада сақланаётган кимёвий модда ва материалларнинг ўзаро таъсирланиши ва кимёвий ўз-ўзидан ёниши юзага келиши сабаб бўлган. Ҳолат юзасидан Ички ишлар вазирлиги Тергов департаменти томонидан Жиноят кодексининг 259-моддаси 2-қисми “а” ва “б” бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.
Жиноят иши бўйича 4 нафар шахсга нисбатан “қамоққа олиш”, 1 нафарига нисбатан “гаров” эҳтиёт чораси қўлланилган.
Жапаров ўз корчалонидан “Коля Қирғиз”нинг хунини сўрамоқчи
Бундан бир неча кун аввал Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев криминал авторитет Коля Қирғиз номи билан танилган Қамчибек Кўлбоевнинг ўлими ортидан кимдир бош кўтариб, унинг хунини талаб қилгудек бўлса, ўша кўтарилган бош чопилишини айтган эди. Энди эса Коля Қирғизнинг хунини унча-бунча одам эмас, нақ Президент Садир Жапаровнинг ўзи талаб қиляпти.
У маҳаллий оммавий ахборот воситаларига берган интервьюсида мамлакат Ҳарбий прокуратурасига “Вор в законе” Қамчибек Кўлбоевнинг йўқ қилиниши юзасидан тергов ўтказиш бўйича топшириқ берганини айтган.
Президент Қўлбоевнинг ўлдирилганини ҳамма қатори интернетдан билганини ва дарҳол Бош прокурор Қурмонқул Зулушевга қўнғироқ қилган.
“Мен унга ҳарбий прокурорни ўзи билан олиб боришини, ўша жойга бориб, содир бўлган воқеа ҳақида маълумот беришини айтдим. У бориб, менга қўнғироқ қилиб, воқеа жойида отишма бўлганини, ўлганлар ва жароҳатланганлар борлигини айтди”, дейди Президент.
Жапаровга кўра, Ҳарбий прокуратура Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг махсус операцияси қонуний равишда ўтказилган ёки йўқлигини аниқлаш мақсадида тергов олиб бормоқда.
Аммо мамлакатда аллақачон Коля Қирғизнинг бойликларини талаш бошлаб юборилган. Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Қамчибек Кўлбоевга тегишли зотдор отларни мусодара қилди. Уларнинг тахминий қиймати 500 минг доллардан ошган.
Зато бизда “Tashkent city” бор
Тошкент шаҳрида ҳаво сифат даражаси “нозик гуруҳлар” аллергик ва нафас олиш органларида муаммоси бор аҳоли қатлами учун “носоғлом” деб топилди.
Маълум қилинишича, пойтахт ҳавосининг сифат даражаси “қизил” хавфга эга бўлиб, 18 октябрь куни ЖССТ тавсия қилган йиллик ҳаво сифати меъёридан юқори даражани қайд этган. Шу боис мутахассислар шаҳар аҳолисидан кўча-кўйда чиқишдан олдин ниқоб тақишни сўрамоқда.
Америка Қўшма Штатларининг реал вақт режимида фаолият юритувчи IQАir порталида келтирилишича, айни дамда Тошкент шаҳри – ҳавоси энг ифлосланган дунё шаҳарлари рейтингида 7-ўринни банд этмоқда.
Зато бизда “Tashkent city” бор.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь