Тебранаётган Ўзбекистон, ваҳший қотиллик қурбони, ядровий таҳдид — Ҳафта таҳлили
Таҳлил
−
25 Март 2023
16497Уйингиз қанчалик зилзилага бардошли эканини биласизми? Буни билиш учун қаерга мурожаат қилишни-чи? Шахсан мен билмайман, билиш ҳаракатидаману лекин аниқ жавоб берадиган одамнинг ўзи йўқ. Халқ тилида "новостройка" дейиладиган янги уйларда яшайман, лекин шу кунларда уйимиз қандай қурилиш маҳсулотларидан қурилганию қанчалик зилзилага бардошли экани мени ўйлантиряпти. Туркияда 50 минг кишининг ёстиғини қуритган зилзилалар тез унутдик, шу ҳафта ўзимизда содир бўлган кичик, ҳар ҳолда Туркиядагидек бўлмаган зилзилалар одамни хавотирга солиб қўйди. Тебраниб турган люстри остида ётарканман, кўз ўнгимдан бутун ҳаётим лентадагидек ўтди. Яратганнинг ўзи асради, бизда талафотлар, жароҳатланганлар ва қурбонлар бўлмади. Қўшниларимиз борасида эса бундай деёлмайман. Титраётган замин, воқеа ҳодисалардан жумбушга келган дунё бу ҳафтани қандай ўтказди? Тугаётган ҳафта воқеалари таҳлили билан танишинг.
Автомобилларга навбатни йўқатолмаган Умурузоқов ҳоким бўлди
Ўтган ҳафта таҳлилимизни пойтахт Тошкентнинг собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Вазирлар Маҳкамасида Бош вазир Абдулла Ариповнинг маслаҳатчиси ўлароқ иш бошлагани ҳақида хабарлар тарқалганини айтишдан бошлагандим. Бу хабарлар-ку ўзининг исботини топмади, аммо Тошкентга бу ҳафта янги ҳоким тайинланди. Ким-ким собиқ прокурор, Ўзбекистонда монопол ташкилотлар ҳақида гап кетганда рўйхат аввалида келадиган “Ўзавтосаноат” раиси Шавкат Умурзоқов Ортиқхўжаевдан қолган ўринни эгаллади.
Ҳозирча у ҳам Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи. Умурзоқов бу ўринда кўп вақт ишлайдими, вазифасини бажарувчиликдан ҳоким деган номни тўлиқ оладими, буниси ҳозирча мавҳум. Ортиқхўжаевнинг тарихига қарасак, у 2018 йилнинг апрелида Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланган бўлса, орадан саккиз ой ўтиб, ўша йилнинг декабрида мутлақ ҳоким бўлган. Ва маълумингиз ким, шу йилнинг 16 январ куни лавозимини бўшатиб берди.
Унинг ўрнини эгаллаган биринчи ўринбосари, тўғрирори Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи бўлган 64 яшар Бахтиёр Раҳмонов бу лавозимда узоқ қолмади. Тошкентни бор-йўғи 67 кун бошқарган Раҳмонов бу муддат ичида кўпларни жазолашга ҳам улгурди. Энди эса ўзининг тақдири савол остида турибди. Чунки унинг аввалги – ҳокимнинг биринчи ўринбосари лавозимини аллақачон бошқа одам эгаллаб бўлган. Раҳмоновнинг эса қаерга кетгани маълум эмас. Ҳокимлик сайтининг раҳбарият бўлимидан эса унинг номи буткул ўчирилди.
Шавкат Умурзоқовнинг Тошкентга ҳоким бўлиши Ортиқхўжаевнинг ўрнини Раҳмонов эгаллашидан кўра кўпроқ шокка туширди. Жамоатчилик “Ўзавтосаноат”даги навбатларни ҳал қилолмаган Умурзоқов Тошкент муаммоларини қанчалик еча оларкин деган саволни кўндаланг қўймоқда. Унинг биринчи иш куниданоқ танқидлар ёғилди.
Шахсий фикрларим билан ўртоқлашсам: Мен Умурзоқов шахси билан таниш эмасман. Ортиқхўжаев яхшими ё ёмон, ўзидан тарих ёзиб кетди. Ундан доғ қолдими ё боғ, йиллар ўтгани сайин англаб бораверамиз. Лекин шаҳар ҳам, шаҳарликлар ҳам кўп ўзгаришларга гувоҳ бўлгани аниқ. Бу ўзгаришларни ким ижобий, ким салбий қабул қилиши шахсий қарашларига боғлиқ.
Энди Ортиқхўжаевни қўмсаб қолдингизми, сиз-ку унга энг кўп мухолиф бўлган, деманг. Аксинча, биз унга фикрлар, танқидлар билан ёрдам беришга ҳаракат қилдик. Ва ҳамиша шахсиятига нисбатан ҳурматни сақлаб қолдик. Қилган яхши ишларини ҳеч қандай манфаатсиз кўпиртириб ёзган пайтларимиз ҳам бўлди. Аммо ҳеч қачон стол атрофида ҳамфикр бўлолмадик.
ОАВнинг Ортиқхўжаев билан муросасизлигига келсак, бунга 60-70 фоиз айбдор унинг атрофидагилар бўлди, Матбуот хизмати, у ерда ишлаган айримларнинг наглости, ўзини ҳокимдек тутиши, “игнор” қилиши сабаб бўлган. Оқибатда эса кичик муаммо ҳам катталашиб, тўғридан тўғри Ортиқхўжаев шахси билан боғланаверган.
Майдонда энди Умурзоқов. У матбуотга ёпиқ қоладими, журналистларга душман бўладими ё шаҳардаги муаммоларни улар билан баҳам кўрадими, вақт ўтса кўрамиз. Факт шу, Ортиқхўжаев кетди, муаммолар ечилмади.
Ҳа дарвоқе, Ўзавтосаноатнинг раислик курсисига унинг собиқ раиси, Индонезияга элчи қилиб юборилган Улуғбек Розуқулов қайтиб келди.
Собиқ ҳоким 4 йилга қамалди
Ҳокимлар мавзусидан узоқлашмай турамиз. Жорий ҳафтада жиноий жавобгарликка тортилган икки ҳокимга суд томонидан ҳукм ўқилгани маълум бўлди.
Давлат манфаатларига 60 млрд сўмдан зиёд зарар етказишда гумонланиб ҳибсга олинган Қарши шаҳрини 2016 – 2019 йилларда бошқарган Жамшид Фозилов Жиноят кодексининг 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 2-қисми “а” банди, 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 2-қисми “а” банди, 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 2-қисми “а” банди ва 229-4-моддаси (ер бериш тартибини бузиш) 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга Жиноят кодексининг 59-моддаси (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) га асосан 2 йил муддатга мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Айни пайтда судланувчи Жамшид Фозилов томонидан ушбу ҳукм устидан берилган апелляция шикояти Қашқадарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида кўриб чиқиш учун расмийлаштирилмоқда.
Шунингдек, Андижон вилоятининг Асака тумани ҳокими лавозимида Мансуржон Алихоновга Жиноят ишлари бўйича Пахтаобод туман судининг 2023 йил 27 январдаги ҳукми билан 2 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 3 йил 1 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Алихонов суднинг қарори нисбатан апелляция шикояти билан мурожаат қилди. Жиноят иши 30 март кунига апелляция инстанциясида кўриб чиқилади.
Қайд этилишича, Жиноят ишлари бўйича Пахтаобод туман судининг 2023 йил 27 январдаги ҳукми билан Мансуржон Алихонов Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а” банди, 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 2-қисми “а” банди, 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 2-қисми “а” банди ва 229-4-моддаси (ер бериш тартибини бузиш) 2-қисми “а”, “б” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган.
Диққат, зилзила!
Бу хабарни айтмасам ҳам ўзингиз бошингиздан ўтказдингиз. Жорий йилнинг 21 март куни Тошкент вақти билан соат 21:47 да Афғонистонда кучли зилзила содир бўлди. Мазкур зилзила Ўзбекистон ҳудудларида ҳам сезилиб, 5-6 баллни ташкил қилди. Зилзилалар оқибатида вайроналар, қурбонлар ва жароҳатланганлар қайд этилмади.
Шунингдек, 23 март куни Тошкент вақти билан соат 01:07 да Тожикистонда зилзила содир бўлди. Ушбу ер силкини ҳам Ўзбекистонда сезилди ва яна 5-6 баллни ташкил этди. Зилзила эпимаркази Тошкент шаҳридан 217 км жануби-шарқда экани айтиллди. Бундан ташқари, тонги соат 07:53 да ҳам республика ҳудудида 2-3 балли зилзила қайд этилди.
Ўша куни Тожикистонда 6 та зилзила содир бўлгани айтилди.
21 март куни Афғонистонда содир бўлган 6,6 балли зилзила оқибатида Покистон шимоли-ғарбидаги Хайбер-Пахтунхва вилоятида камида тўққиз киши ҳалок бўлди, 44 киши жароҳат олди. Афғонистон шарқидаги Лағмон вилоятида эса икки киши ўлган.
Ўзбекистонда сезилган зилзилалар ортидан ижтимоий тармоқларда турли чақириқлар, афтершоклар, 9 баллгача кучли зилзила содир бўлиши ҳақида ёлғон хабарлар тарқалди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги вакили Самандар Ҳикматуллаевнинг QALAMPIR.UZ’га маълум қилишича, яқин кунларда Ўзбекистонда кучли зилзилалар бўлиши эҳтимоли йўқ. Ушбу видеоинтервьюни QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги каналида томоша қилишингиз мумкин.
Хонанда Дилмурод Далиев хотинини ўлдирди
Тугаётган ҳафтанинг 23 март куни соат 01:55 да фарғоналик 36 ёшар хонанда Дилмурод Далиев рафиқасини пичоқлаб ўлдирди. Бу ҳақда Бош прокуратура Матбуот хизмати QALAMPIR.UZ'га маълум қилди.
Қайд этилишича, Риштон туманида яшовчи 36 ёшли Дилмурод Далиев унинг 31 яшар рафиқаси ўртасида оилавий масалада жанжал чиққан. Шу вақтда Далиев ошхона пичоғи билан аёлига бир неча маротаба жароҳати етказган. Оқибатда аёл ҳодиса жойида вафот этган.
Ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчи процессуал тартибда ушланган.
Ўзбекистонлик аёл Истанбулда даҳшатли тарзда ўлдирилди
Туркияда ҳам ўзбекистонлик 40 яшар Умида Тўлаганова ўта даҳшатли жиноят қурбони бўлди. Мамлакатнинг ўзбекистонликлар энг кўп истиқомат қиладиган Истанбул шаҳри Боғчалиуйлар туманида яшаган ўзбекистонлик Тўлаганова турмуш ўртоғи 61 ёшли Риза Белер томонидан тош билан ўлдирилган. Аёл қотиллик қурбони бўлгани етмагандек, унинг жонсиз танаси бўлакларга бўлиниб, музлатгичда сақланган.
Воқеа 23 март куни эрталаб соат 05:30 да 4 қаватли турар-жой биносининг 3-қаватидаги хонадонда содир бўлган.
Риза Белер узоқ вақт бирга яшаган Умида Тўлагановага банкдан 17 минг турк лираси (тақрибан 891 АҚШ доллари) кредит олганини айтган. Иккови ўртасида кредит қарзи ва олдинги қарзлар юзасидан келишмовчилик чиққан. Жанжалдан сўнг Риза Белер Тўлагановани тош билан ўлдириб, жасадини бўлаклаб ташлаган. Белер Умиданинг кесилган бўлакларини ахлат қопларига солиб, музлатгичга қўйган.
Эр-хотиннинг уйидан жанжал овозларини эшитган қўшнилар полицияга хабар берган. Чақириқ бўйича уйга келган полиция гуруҳлари ўлдирилган аёлнинг жасадини музлатгичдан топиб, гумондор Риза Белерни қўлга олган.
Ҳолат бўйича бошланган тергов-суриштирув доирасида Белер аёлини ўлдиришни режалаштириб юрганини, ушбу жиноятни содир этганини тан олган.
У қўлга тушмаслик учун аёлнинг жасадини бўлакларга бўлиб, уни қопларга солган, вақти-вақти билан уларни ташқарига улоқтирмоқчи бўлган.
Ўзбекистоннинг ўзида қотиллик қурбони бўлаётган аёллар йўқ деб ўйлайсизми? Юзлаб топилади. Болалар-чи? Ўххў, болаларга нисбатан зўравонлик, айнан жинсий зўравонликлар ҳақида қанчадан қанча аянчли воқеаларни эшитдик. Январь ойида пойтахтнинг, "хавфсиз" дейилган пойтахтнинг Янги ҳаёт туманида 12 яшар қизалоқ уйида уста бўлиб ишлаган 29 яшар йигит томонидан зўравонликка учраб, сўнг ўлдириб кетилганини эсланг. Насиб бўлса энди бундай ҳаракатларгача бўлган кичик зўравонликлар ҳам жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. Бу 23 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик кодексларига аёллар ҳамда вояга етмаганларни зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича ўзгартиришлар тўплами билан мустаҳкамланди.
Унга кўра, номусга тегиш ёхуд жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш, шахсни жинсий алоқа қилишга мажбурлаш, ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш, уларга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатларни содир этиш, вояга етмаган шахс иштирокидаги порнографик маҳсулотни тайёрлаш ва тарқатиш билан боғлиқ жиноий хатти-ҳаракатлар учун жазо чоралари оғирлаштирилмоқда.
Мазкур жиноятларни содир этган шахслар учун жазо тайинлашни енгиллаштирувчи ҳолатлар, шу жумладан, жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилишни қўллаш тақиқланмоқда.
Ногиронлиги бўлган шахсларга, вояга етмаганларга нисбатан жинсий дахлсизликка ва эркинликка қарши жиноятларни содир этганлик, шунингдек, ушбу жиноятларни жабрланувчини тарбиялаш, ўқитиш ёки унга ғамхўрлик қилиш мажбуриятларини бажараётган шахс томонидан содир этиш учун жавобгарлик кучайтирилмоқда.
Яна бир муҳим янгилик – оилавий (маиший) зўравонлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик киритилмоқда. Бундан тушуниладики, энди оиладаги уруш жанжаллар нисбатан таъсирчан чоралар қўлланилади. Хусусан жисмоний зўравонлик билан бир қаторда иқтисодий ва руҳий зўравонлик учун ҳам маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланмоқда.
Шахс ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи, шаъни, номусини камситувчи маълумотларни ошкор қилганлик, шаҳвоний шилқимлик қилиш, вояга етмаган болаларига васий ёки ҳомий тайинлаш борасидаги мажбуриятларини бажармаслик каби ҳаракатлар учун жавобгарлик киритилмоқда.
Алимент мажбуриятлари бажарилишини таъминловчи чора сифатида ҳақ тўланадиган жамоат ишларига мажбурий равишда жалб қилиш каби янги маъмурий жазо чораси киритилмоқда.
Шу билан бирга илгари вояга етмаганларга нисбатан жинсий жиноятларни содир этган шахсларнинг болаларга таълим, тарбия бериш, уларни соғломлаштириш, болалар спорт, ижодий ташкилотларда ишлашини тақиқловчи норма киритилмоқда.
Ўзбекистон Президентининг тўнғич қизи – Президент Администрацияси Ижро этувчи аппаратининг Коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шўба мудири Саида Мирзиёева эса буни фуқаролик жамияти ва фаолларнинг ғалабаси деб билмоқда.
“Бу нафақат Ўзбекистон аёлларининг, балки барча тафаккурли, илғор инсонларнинг ғалабаси!" дейди Мирзиёева. Саида Мирзиёев ҳақида айтар гапларимиз ҳали кўп. Унга бироздан кейин тўхталамиз.
Си Цзиньпин Россияга нега келди?
Яқиндагина учинчи муддатга Хитой Халқ Республикаси раиси лавозимини эгаллаган Си Цзиньпин илк давлат ташрифини Россиядан бошлади. У 20-22 март кунлари Россия раҳбари Владимир Путиннинг азиз меҳмони бўлди. Цзиньпинни аэропортда Путин кутиб олмади. Давлат раҳбарлари Кремлнинг биринчи биносидаги ваколатхонасида бир-бирларини қаршилади. Россия Президенти ва ХХР раиси ўртасидаги музокаралар яккама-якка форматда бўлиб ўтди, шундан сўнг улар кечки овқат пайтида мулоқотни давом эттирди.
Учрашувда Путиннинг айтишича, Хитой иқтисодиёти бошқа кўплаб мамлакатларга қараганда анча кучлироқ. У Хитой сўнгги йилларда ўз тараққиётида улкан сакрашга эришганини юқори баҳолаган ва унга ҳасад қилишини қистириб ўтган.
Си Цзиньпин эса Кремлдаги учрашувда Путинни “қадрдон дўст” деб атади. Келаси йил Россияда бўлиб ўтадиган Президент сайловида рус халқи яна Путинни танлашига ишонишини айтди.
Шунингдек, у Путин билан норасмий учрашувда Хитой Украина инқирозига сиёсий ечим топишда конструктив роль ўйнашда давом этишга тайёрлигини билдирди.
У аксарият давлатлар оловга мой қуйишга қарши экани, тарихан қарама-қаршиликлар ҳамиша мулоқот йўли билан ҳал этилгани, қийинчилик ва муросасизликлар қанча кўп бўлса, тинчлик учун бўш жой қолдириш шунчалик муҳим эканини айтган.
Си Цзиньпин Хитойда бўлиб турганида Оқ уй уни Путинга босим ўтказишга, Украина суверенитетини ҳурмат қилишни ва Украинага қарши урушни тугатишни айтишга чақирди.
Хитой раҳбари Пекинга қайтмай туриб, ижтимоий тармоқларда икки раҳбар кечки овқатга нима тановул қилгани маълум бўлди. Раҳбарнинг кечки овқати етти таомни ўз ичига олган.
Биринчи таомга Узоқ Шарқ денгиз маҳсулотлари берилган. Етакчилар кейин бедана ва қўзиқоринли креп, пирог билан cтерлядь балиқ шўрваси, анор шарбатини татиб кўрган.
Шундан сўнг, уларга сабзавотли "Печора" нельмаси ёки олча соуси билан кийик гўштини танлаш таклиф этилган. Десертга эса "Павлова" ширинлиги тортилган.
Кечки овқатга Россиянинг "Усадьба Дивноморское" вино заводидан иккита “Шарқий ёнбағир” ва “Ғарбий ёнбағир” винолари ҳамроҳ бўлган.
Хитой раҳбарининг Россияга ташрифидан кейин эса бирдан Европа Иттифоқи Ташқи идораси раҳбари Жозеп Боррель, Европа Комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен ва Франция Президенти Эммануэль Макрон Хитойга борадиган бўлиб қолди. Маълумотларга кўра, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Европа Иттифоқи Хитойни ёлғизлатиб қўймасликка чақирган.
Ядровий уруш бошланадими?
Буюк Британия Мудофаа вазири ўринбосари баронесса Аннабель Голди Британия ҳукумати Украинага зирҳли транспорт воситаларини йўқ қилиш самарадорлигини оширадиган, таркибида уран бўлган снарядлар етказиб беришини эълон қилди. Бу эса ўз ортидан қатор хавотирли баёнотларни бошлаб келди. Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгунинг айтишича, Британиянинг ҳаракати ядровий тўқнашув тобора яқинлашаётганини кўрсатади.
Россия Давлат думаси спикери Вячеслав Володин эса агар Буюк Британия айтганида турса, биринчи навбатда Европага таъсир қиладиган глобал фожиа содир бўлишини айтди.
Унинг эслатишича, Вашингтон Югославия ва Ироқда ҳам худди шундай снарядлардан фойдаланган, бу эса ҳудуднинг ифлосланишига, шунингдек, одамлар орасида саратон касаллигининг кескин кучайишига олиб келган.
У уранли ўқ-дорилар етказиб берилгандан сўнг, Киев ифлос бомба ёки тактик ядро қуролидан фойдаланиши мумкинлигини, агар бу содир бўлса, ортга қайтиб бўлмаслигини тахмин қилди.
Британиянинг фикрича, снарядларнинг етказиб берилиши можаронинг ядровий кучайишига олиб келмайди.
“Ядровий эскалация йўқ. Ядровий жиҳатлар ҳақида гапирадиган ягона давлат – бу Россия. Мазкур ҳолат Россияга ҳеч қандай таҳдид солмайди, бу Украинага ўзини ҳимоя қилишда ёрдам беради, холос”, дейди Британия Таълим ва ташқи ишлар вазири Жеймс Клеверли.
Шунингдек, Британия Мудофаа вазирлиги снарядлар таркибидаги уранни ўнлаб йиллар давомида қўлланилаётган зирҳли тешувчи ўқ-дориларнинг стандарт компоненти деб атаган ва Москванинг уларни Украинага етказиб беришга муносабатини қасддан йўлдан оздиришга уриниш деб баҳолаган.
Россия хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведевнинг фикрича, Украинага чет эл қуроллари етказиб берилган ҳар бир кун, охир-оқибат, худди шу ядровий апокалипсисни яқинлаштирмоқда.
Рус ва Ўзбекистон ҳамиша бирга бўлади – Шавкат Мирзиёев
21 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Янги Ўзбекистон” боғида Наврўз байрамига бағишланган тантанали маросимда иштирок этди. Байрам тантаналаридан сўнг Шавкат Мирзиёев қозоқ, қирғиз, турк, озар, немис, татар, украин, рус ва бошқа халқларнинг миллий маданият марказлари кўргазмаларини бориб кўрган.
Президент Рус маданият маркази кўргазмаси олдига келганида уни Ўзбекистон ва Россия дўстлиги ҳақидаги қўшиқ билан кутиб олишган. Шавкат Мирзиёев марказ вакилларини қутлар экан, икки халқнинг тинч ва осойишта яшаётгани катта ютуқлиги, рус ва Ўзбекистон оғир кунларда доим бирга бўлгани ва бундан кейин ҳам шундай бўлишини айтган.
“Қўшиқда тўғри айтилган: Рус ва Ўзбекистон – улар доимо бирга бўлган ва бўлади. Энг оғир дамларда биз бирга бўлганмиз ва бирга бўламиз”, деган Президент.
Бунгача у Рус маданият маркази кўргазмаси ёнида жойлашган украин маданият маркази кўргазмасида марказ вакиллари билан суҳбатлашган. У ерда Мирзиёевга “Пидманула” қўшиғи куйланган.
Медведев Германияга ракета ҳужумлари билан таҳдид қилди
Хабарингиз бор, жорий йилнинг 17 март куни Гаага халқаро жиноий суди Россия Президенти Владимир Путин ва Президентнинг Болалар масалалари бўйича комиссари Мария Львова-Беловани ҳибсга олиш бўйича ордер берди. Дунёнинг кўплаб мамлакатлари, ҳатто, АҚШ ҳам суднинг ушбу қарорини бажара олмаслигини айтиб чиқаётган бир пайтда Германия уни сўзсиз адо этишини билдирди. Бу ҳақда мамлакат Адлия вазири Марко Бушман айтди. Унинг сўзларига кўра, Берлин суд қарорини бажаради ва Россия раҳбари Германия ҳудудига келган тақдирда ҳибсга олади.
Бу эса Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведевнинг эътирозига ва таҳдидига сабаб бўлди. Унга кўра, агар Берлин Россия етакчиси Владимир Путинни ҳибсга олса, Россиянинг барча ракеталарини Германияга учади.
“Aгар Германияда Россия Президенти ҳибсга олинса, бу уруш эълон қилиш билан баробар бўлади ва бизнинг барча ракеталаримиз Бундестагга ва канцлер офисига учиб кетади”, деган Медведев.
Германия эса Медведевнинг пўписасига жавоб беришни ҳам лозим топмади. Мамлакат Вазирлар Маҳкамаси расмий вакили Штеффен Хебештрайт бу провакацияга жавоб беришни истамаган.
Саида Мирзиёева БМТ минбарига чиқди
Президент Мирзиёевнинг тўнғич қизи сўнгги кунларда диққат марказида бўлиб турибди. Куни кеча Тошкентдаги Бунёдкор стадионида ўтказилган U-20 футбол мусобақасини Президентнинг ёнида ўтириб томоша қилган ва ўғли билан тушган суратлари тармоқларда трендга чиққан Саида Мирзиёева тугаётган ҳафтада АҚШга борди. Ташриф бемақсад эмас. У БМТнинг бош қароргоҳида Сув масалаларига бағишланган конференциянинг юқори даражадаги ялпи мажлисида Ўзбекистон номидан асосий меҳмон сифатида иштирок этди, Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йилда нутқ қилган минбарга минбарга чиқди. Ўшанда ҳам Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеяси сессияси Орол масаласини кўтариб чиққан эди. Саида Мирзиёеванинг чиқишини ҳам Орол мавзуси қамраб олди.
У Орол денгизи фожиасининг оқибатлари, уларни юмшатиш бўйича Ўзбекистон томонидан амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ва бу борадаги халқаро саъй-ҳаракатларни бирлаштиришда Ўзбекистоннинг етакчилиги хусусида сўз юритди.
Мирзиёева Оролбўйидаги Мўйноқ илгари йирик ишлаб чиқариш қувватларига эга порт шаҳар бўлгани, кейинчалик мувозанат бузилиб, денгизнинг ўлик қирғоқлари кемалар қабристонига айланганини таъкидлаб, қорақалпоқ элининг атоқли шоири Ибройим Юсупов ижодидан денгизнинг кўз очиб юмгунча саҳрога айланиши тасвирланган сатрларни ўқиб берган. Эътиборлиси шундаки, тарихда биринчи марта БМТ минбарида қорақалпоқ тили янграган.
Минтақанинг оғир шароитида, айниқса, аёллар кучли ғамхўрлик ва кўмакка муҳтожлиги, улар учун имкониятларни кенгайтириш зарурлигини айтган.
Ушбу йиғилишга Оролга оид муҳим янгилик янгради. Евроосиё тараққиёт банки бошқаруви раиси Николай Подгузовнинг конференцияда маълум қилишича, банк уч йил ичида Марказий Осиё сув-энергетика комплексига камида 400 миллион доллар сармоя киритмоқчи.
Саида Мирзиёевага келсак, у Нью-Йоркда Наврўз байрами муносабати билан ўзбекистонликлар учун дастурхон ёзган. Унда Нью-Йорк мэри Эрик Адамс ҳам қатнашган.
Тадбирга АҚШда истиқомат қилиб, кўплаб ютуқларга эришган ўзбекистонликлар, жумладан Ўзбекистон халқ артистлари Изро Малаков ва Муҳаббат Шамаева ҳам қатнашган. АҚШда яшадиган ушбу икки санъаткор билан суҳбатда бўлган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гулбаҳор Эрқулованинг Фейсбукда ёзишича, Саида Мирзиёев ўзи уюштирган тадбирга келган меҳмонларнинг ҳар бирига алоҳида ҳурмат кўрсатиб, улар билан суҳбатлашган.
Ўзбекистон "Толибон" билан нимага келишди?
Тугаётган ҳафтада Президентнинг қизи АҚШга сафар қилган бўлса, Президентнинг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили Абдулазиз Комилов ва Афғонистон бўйича махсус вакил Исматулла Иргашевдан иборат делегация Қобулда бўлди. Меҳмонлар Афғонистон Бош вазири ўринбосари вазифасини бажарувчи Мулла Абдул Ғани Бародар, Ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Амирхон Муттакий, Мудофаа вазири вазифасини бажарувчи мулла Ёқуб Мужоҳид, муваққат ҳукуматнинг бошқа аъзолари ва иқтисодий тузилмалар вакиллари билан учрашган.
Учрашувда вакиллари расмий Тошкент “Толибон”га сиёсат, иқтисодиёт, хавфсизлик ва бошқа соҳаларда ёрдам беришга тайёрлигини билдирган.
“Толибон” Мудофаа вазирлиги ушбу учрашувда икки томонлама чегарани ҳимоя қилиш, хавфсизликни таъминлаш ва муносабатларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинганини билдирди.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига кўра, томонлар савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, Афғонистон ҳудуди орқали турли транзит юкларни ташиш ҳажмини ошириш каби масалаларни муҳокама қилган.
Ўзбекистон делегацияси аёллар ҳуқуқларини ҳурмат ва ҳимоя қилиш, қизларнинг таълим олишини таъминлаш зарурлигини билдирган.
Ташқи ишлар вазирлиги учрашувлар доирасида сув-энергетика соҳасидаги ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди, дегану лекин айнан қайси сув ҳақида гап кетаётганига аниқлик киритмаган.
Аммо биз тагига етдик. "Sputnik Афғонистон"нинг ёзишича, учрашувда Ўзбекистон Амударё ҳавзасида қурилаётган Қўштепа канали бўйича "Толибон" билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини маълум қилган.
Ўзбекистон томони Афғонистоннинг Амударё сувларига бўлган ҳуқуқини тан олиш ва унга каналнинг барча афзалликларидан фойдаланиш учун техник ёрдам кўрсатиш истагини билдирган.
Бунга жавобан "Толибон" вакили лойиҳа бўйича ўзаро ҳамкорлик қилишга тайёр эканини маълум қилиб, унинг воситасида икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлашга умид қилаётганини айтган.
Аввалроқ бир қанча экспертлар томонидан ушбу канал Ўзбекистон ва Туркманистоннинг катта қисмида сув тақчиллигини келтириб чиқариб, бу мамлакатларда қишлоқ хўжалигини оғир аҳволга солиб қўйиши ва катта эҳтимол билан "Толибон" ва Ўзбекистон ўртасида ихтилофларга сабаб бўлиши мумкинлиги маълум қилинганди.
Мазкур каналнинг узунлиги 280 километр, чуқурлиги 8,5 метр ва кенглиги 100 метр бўлиб, сониясига 650 метр/куб сув ўтказиш имкониятига эга. "Толибон" ҳукумати ўтган йил уни қуриш учун 77 миллион доллар сарфлаган.
Франция оғир тебраняпти
Франция ҳукуматнинг пенсия ёшини 62 ёшдан 64 ёшга кўтариш қарори туфайли юзага келган инқироз давом этмоқда. 23 март куни бутун мамлакат бўйлаб миллиондан ортиқ одам пенсия ислоҳотига қарши намойишларга чиқди. Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, пойтахтда Парижда юз мингдан ортиқ намойишчи кўчаларга чиққан, полиция билан тўқнашувлар бошланган. Бордо мэриясига ўт қўйилган.
Бутун мамлакат бўйлаб тартибсизликларга алоқадорликда гумон қилинган 457 ортиқ киши ҳибсга олинди. Тўқнашувларда ҳуқуқ-тартибот органларининг 441 ходими яраланган.
Бу Франция президенти Эммануэль Макрон мутлақо зарур деб ҳисоблаган ислоҳотга қарши намойишларнинг тўққизинчиси. Қонун январь ойида кўриб чиқиш учун таклиф қилинган ва ўтган ҳафта мамлакат раҳбари уни парламент овозисиз маъқуллаган, бу эса инқирозни кучайтирган.
Президент Эммануэль Макрон халқ ғазаби оловига мой қуйган. У 22 март куни телевидениега берган интервьюсида ҳукуматни ҳимоя қилиб, пенсия ислоҳотлари зарур эканини таъкидлаган эди.
Франция касаба уюшмаларининг маълум қилишича, тартибсизликларда 3,5 миллионга яқин мухолиф қатнашган.
Ҳукумат ўзгаришлар 2030 йилда пенсия тизимидаги 13,5 миллиард евролик бўшлиқнинг олдини олиш учун зарурлигини таъкидламоқда. Аммо касаба уюшмалари дам олиш кунларида кўпроқ ҳаракат қилишга чақирган. Ташкилот томонидан 28 март куни яна бир умуммиллий митинг ўтказилиши эълон қилинган. Уюшма аъзолари ислоҳотни рад этиш фикрида қатъий қолмоқда.
Иноятов нима деяпти?
Вазир лавозимига ўтирганига кўп бўлмагану аммо аллақачон айтган гаплари билан танқидлар остида қолишга, ҳатто, кулги бўлишга улгирган Соғлиқни сақлаш вазири Амрулло Иноятов тугаётган ҳафтада ҳам яна диққат марказида бўлди. Иноятов Янгиланаётган Конституция референдум тарғибот тадбирларида иштирок этиб, 15-20 йил муқаддам тиббиёт жуда оғир аҳволда бўлганини айтди
Иноятов вазир бўла туриб ҳали ҳам шифохоналарда дорилар етишмаслиги, айни илмий-амалий марказ мақомини олган тиббиёт муассасаларида даволаниш отнинг калласидек нарх туришини ё билмайди, ё бу жойларга бориб ҳам кўрмаган. Боринг кордиологияга, эндокринологияга. Одамлар қандай навбатда турганини, навбатларни ошиб ўтиш учун нималарга тайёр бўлаётганини бир кўринг. Бундай шифохоналар кўп ва уларга чўнтакни тўлдириб бормасангиз, дарвозадан ҳам киролмай, шувут бўлиб турасиз. Тўғри, пулни шифокорлар чўнтагига солинмайди, миллион-миллионларни давлат шифохонасиида давлат қўйган кассага бориб тўланади. Бошимдан ўтгани учун гапиряпман, сиз билмасангиз мен жуда яхши билан жаноб Иноятов. Гапиринг, аммо эви билан гапиринг.
Иноятовнинг гаплари нафақат менда, балки бошқаларда ҳам қатор эътирозларни пайдо қилди. Жамоатчилик сиз ёмон деб айтаётган, тиббиётимиз оғир деган даврларда 20 та бола доридан вафот этмаган деб “Док-1 Макс” препарати билан боғлиқ воқеани эслади. Ижтимоий тармоқларда майдонларга чиқиб гапиришни билар экансиз, нега бу масалада сукут сақлаб келяпсиз, деган ҳақли савол ўртага ташланди.
Тармоқнинг яна бир фойдаланувчиси “Star Med” клиникасида блогер Фарҳод Манноповнинг операция столида ўлганини эслаб, вазирдан қайси тиббиётни оғзи тўлиб мақтаётганини тушунтириб беришини сўраган.
Лондонда Рамазон Янги йил каби қаршиланди
Лондоннинг маданий маркази – West End'да тарихда биринчи марта Мусулмон олами учун муқаддас Рамазон ойи катта тантана билан қаршиланди. Кўча 30 мингдан ортиқ байрамона чироқлар билан ёритилди.
Буюк Британия пойтахтининг машҳур тумани фонус ва ярим ой шаклидаги, шунингдек, “Рамазон ойи муборак” ёзуви туширилган юлдузли чироқлар билан безатилди. Чироқларни Рамазонни нишонлаётган Лондондаги 1,3 миллион мусулмондан бири бўлган Лондон мэри Содиқ Хон ёқди.
Қайд этилишича, бу ҳудуд Буюк Британия пойтахти умумий аҳолисининг қарийб 15 фоизини ташкил этувчи Лондондаги Форс кўрфази давлатларидан келган сайёҳлар ва мусулмонлар орасида машҳур. Бу ерда дунёга машҳур савдо, овқатланиш ва кўнгилочар масканлар жойлашган.
Муқаддас ойда West End'га ташриф буюрувчилар сони кескин ошади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь