“Калтакланган” Луиза, тайин бўлган референдум, урушда қурбон бўлаётган ўзбеклар, педофилларга ўлим жазоси – Ҳафта таҳлили

Таҳлил

Дунёда ҳеч бир она фарзанд доғини кўрмасин, ҳеч бир аёл турмуш ўртоғининг ортидан бўзлаб кўз ёш тўкмасин, хорижга тирикчилик дардида кетганлар ҳам ўз оёғи билан қўйни-қўнжи тўлиб, Ватанга қайтсин, аэропортдан уларнинг тобутини ортиб қайтишдан асрасин. Ният холис, умид кесилмас дейишади. Аммо атрофимизда, дунёда бўлаётган воқеа ҳодисалар, ёш жонларнинг завол топаётгани, ўткинчи орзу-ҳаваслар, йўқчилик ва осмон-осмон ваъдаларга алданиб қўлига қурол олаётгани ранжитади бизни. Жаҳл отига миниб, қотилликка қўл ураётганлар эса икки карра аттанг дейишимизга сабаб бўлади. Бошқа томондан эса ўз оёғига билан шифокорга бориб, операция столига ётиб, омон чиқмаётганлар талайгина. Биз эса уларнинг айримларидан хабардормиз, холос. Йўқотишларга тўла навбатдаги ҳафта таҳлили билан танишинг. 

Операциядан омон чиқмаган Фарҳод 

5 мартга ўтар кечаси ижтимоий тармоқларда “Mittivine” тахаллуси билан танилган блогер Фарҳод Маннопов бурун соҳасида ўтказилган жарроҳлик операциясидан сўнг, вафот этди. У пойтахтдаги “Star Med” клиникасида операция қилингани, наркоз таъсиридан чиқмай, 36 соат комада қолгани айтилди.

Унинг ўлими ортидан жиноят иши қўзғатилди. 

Бош прокуратуранинг маълум қилишича, ҳолатга алоқадор шахсларни батафсил сўроқ қилиш, қўп вақт талаб қилинадиган мураккаб экспертизалар тайинлаш ва бошқа бир қатор тергов ҳаракатларини ўтказмасдан қонуний тўхтамга келиш имкони йўқлиги сабабли Жиноят кодексининг 116-моддаси (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган. 

Мен 2019 йилнинг август ойида содир бўлган шунга ўхшаш ҳолатни яхши эслайман. Ўшанда Тошкентдаги “Mont Blanc” хусусий клиникасида пластик жарроҳлик амалиётини ўтказган уч аёл наркоз таъсирида вафот этган эди. Ҳолат бўйича жиноий иш қўзғатилди, лекин натижалари, кимга қандай айблов қўйилгани, суд қандай қарорга келгани ошкор қилинмади. Бу орада клиника фаолияти тўхтатилгани айтилди. 

Фарҳод Маннопов билан боғлиқ ҳолат ҳам аввалгиларидан фарқ қилмаяпти ва бу бизгача етиб келган ҳолат, етиб келмагани қанча, бунисини Худо билади. Ўзи бу клиника қандай клиника эди, бу ердаги шикофорларнинг фаолияти бўйича текширув ўтказилдими? Бу саволларни Бош прокуратурага берганимизда, текширув ўтказиш бўйича хат Соғлиқни сақлаш вазирлигига киритилгани маълум қилинди. “Док-1 Макс” дориси ортидан 20 боланинг ўлимини унутаёзган вазирлик навбатдаги ҳолат бўйича ҳам миқ этмай, орадан неча кун ўтса ҳамки чуқур сукут сақлаб келяпти.

Шу ўринда инобатга олинмаса ҳам бир таклифни билдирмоқчиман: ижтимоий тармоқлар орқали пластик жарроҳлик рекламаларига тақиқ ўрнатилиши керак. Ҳар ҳолда шу орқали Instagram’ни тўлдирган арзонгарўв пластик жарроҳлар хизматлари тарғиботидан қутулармиз. 

ДХХ Россия-Украина урушида ўзбекистонлик ўлганини очиқлади

Украинадаги урушда Россия томонидан ўзбекистонликлар ҳам қатнашмоқда ва ҳалок бўлмоқда. Урушга бир йил тўлгунига қадар бундай маълумотлар расмий идоралар томонидан берилмай келинаётган эди. Аммо жорий ҳафтада биринчи марта Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати Россия-Украина урушида “Вагнер” сафида жанг қилган яна бир нафар ўзбекистонликнинг жасади дафн этилганини расман эълон қилди. 

Қайд этилишича, Россия Федерациясига муҳожир сифатида борган асли 43 ёшли эркак Украина урушида Россия учун қатнашиб, ҳалок бўлган. Унинг жасади жорий йилнинг 30 январь куни Қорақалпоғистоннинг Элликқалъа туманига олиб келинган.

У  2019 йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистондан ишлаш мақсадида Россияга кетган. 2019 йилнинг декабрь ойида ўзи билан ишлаб юрган бошқа фуқаролар билан жанжал сабаб қамоққа тушиб қолган. Оқибатда унга нисбатан 5 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган ва муддати жорий йилнинг март ойида тугаши керак бўлган. Аммо у қамоқхонадалигида  Россия кучлари томонидан Украинада жанг қилиш учун сафарбар қилинган ва у ерда ҳалок бўлган. 

Марҳумнинг жасади уруш ўчоғидан Москвага олиб келиниб, ўша ердан Ўзбекистонга юборилган.

Бу Россиянинг Украинага босқинида ҳалок бўлаётган биринчи ўзбек йигити эмас. Жорий йилнинг январь ойида самарқандлик 26 ёшли Бобур Абдумўминов ва 23 яшар Шаҳриёр Жалолов ҳам урушда қатнашиб, ҳалок бўлганди. Уларнинг жасади жорий йилнинг 19 январь куни Самарқанднинг Булунғур туманига олиб борилган.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги эса Мигрантларнинг жони қолиб, пулидан хавотирда. ДХХ бир ўзбекистонлик урушда ҳалок бўлганини расман эълон қилганига қарамай, агентлик шу ҳафта бу ҳақда миқ этмай, Россияда ишлаётган мигрантлар орасида банк хизматлари билан боғлиқ турли фирибгарликларга дуч келиш ҳолатлари юз бераётганини айтиб чиқди. Хусусан, қариндошларига пул ўтказиш мақсадида мобил иловадан фойдаланиш жараёнида меҳнат мигранти ҳисоб рақамидан пул ечиб олиш ёки унинг номига юқори фоизли кредитлар расмийлаштириш каби муаммолар учрамоқда.

Россиялик журналист Ўзбекистонда вафот этди 

Россия мавзусидан узоқлашмаймиз. Россиялик журналист, “Бюллетень кинопрокатчика” журнали бош муҳаррири Александр Нечаев Тошкентдаги квартиралардан бирида ўлик ҳолда топилди. 

Унинг дўсти ва ҳамкасби Денис Корсаков журналист билан охирги марта 4 март куни ёзишган. Нечаев Тошкентда бўлиб, бу ерга бир неча ой яшаш учун келган ва апрель ойида Москвага қайтишни режалаштирган.

6 мартдан бошлаб Нечаев билан боғланишнинг иложи бўлмаган. Унинг дўстлари тошкентлик танишларидан ҳаммаси жойида ёки йўқлигини текширишни сўраган. Улар уй эгаси билан ижарага олинган квартирага келганида журналист ўлик ҳолда топилган. Ўзбекистон Бош прокуратурасига кўра, журналистнинг ўлими  “сурункали юрак-ўпка етишмовчилиги, юракнинг сурункали ишемик касаллиги”дан келиб чиққан. Унинг танаси кўздан кечирилганда тан жароҳатлари аниқланмаган. 

Маълумот учун, Нечаев 1986 йил 12 майда Саратов вилоятининг Маркс шаҳрида туғилган. 2008 йилда Москвага кўчиб ўтган. Кино мавзусига ихтисослашган журналист Metropolitan Media агентлиги таркибига кирувчи Россия кино бозори ҳақидаги “Бюллетень кинопрокатчика” таҳририятини бошқарган.

Си Цзиньпин Хитойни ҳали узоқ бошқаради 

Си Цзиньпин Хитой Халқ Республикаси Раиси сифатида учинчи беш йиллик муддатга сайланди. Энг қизиғи, ўта “шаффоф ва рақобатга тўла ўтган сайлов”да амалдаги давлат раҳбаридан бошқа номзод қатнашмаган. У мамлакат тарихида учинчи муддатга сайланган биринчи раҳбарга айланди.

Бутунхитой халқ вакиллари кенгашининг 3000 га яқин аъзоси ягона номзод 69 ёшли Си Цзиньпиннинг Раис бўлишини бир овоздан ёқлаган. 

Бундан ташқари, у Хитой Марказий ҳарбий кенгаши раиси этиб қайта сайланган

Си Цзиньпин илк бор 2013 йил март ойида, 2018 йил март ойида иккинчи беш йиллик муддатга Хитой Халқ  Республикаси раиси лавозимига сайланган. 

Илгари конституция бир шахснинг ХХР раислигида икки марта қайта сайланишини чеклаган бўлса, 2018 йилнинг мартида конституцияга киритилган ўзгартиришлардан сўнг тегишли чекловлар олиб ташланган.

Маълумотларга кўра, Си Цзиньпин 13 март куни йиллик парламент сессияси ёпилишидан олдин нутқ сўзлайди. Бу нутқ уч йиллик COVID чекловлари ва Ғарб билан муносабатларнинг ёмонлашуви туфайли юзага келган муаммолар ҳақида бўлади.

Айни вақтда Ғарб ва Пекин муносабатлари кундан кунга чигаллашяпти. Айниқса, Хитойнинг Росситя Украина уруши Россиянинг қўли баланд келиши эвазига тўхтатиш бўйича билдирган 12 банддан иборат таклифи дунё ҳамжамияти томонидан Хитойга нисбатан кескинликни янада оширди.

Қайдан билсин от қадрини от минмаган эркаклар

Россиянинг Украинага нисбатан босқинини оқлаётганлар орасида дағдағалари билан танилган Рамзан Қодиров ҳам бор. Бу ҳафта унинг шахсий ҳаётидан икки муҳим ҳодиса тилга тушди. Бири 17 яшар ўғли Ахмат Қодировнинг тўйи бўлса, иккинчиси отининг ўғриланиши. 

Тўйда 87 та Bugatti ва Rolls-Royce машиналаридан иборат кортеж хизмат қилган. Маросим сабабли вилоятда йўллар тўсилиб, одамларга уни суратга олиш тақиқланган. Бироқ россиялик хонанда Тимати Instagram саҳифасига кортеж видеосини жойлаган.

Шунингдек, тўй арафасида Қодировнинг ўғли Россия Президенти Владимир Путин билан учрашган ва “катта оға” уни яқинлашиб келаётган тўйи билан табриклаган. Рамзан Қодировнинг сўзларига кўра, учрашув норасмий бўлган (Кремль ҳам бу ҳақда хабар бермаган), бироқ у далил сифатида ўз ўғлининг Путин билан унинг кабинетида тушган суратни тармоққа жойлаган.

Узунқулоқ гапларга қараганда, Қодиров ўғлининг тўйи муносабати билан шу куни турмуш қурганларнинг барчасига 100 минг рубль пул тарқатган. 

Хўш, 17 яшар куёв ўзи ким? У “Биринчилар ҳаракати” Бутунроссия болалар ва ўсмирлар ҳаракатининг республикадаги минтақавий бўлими кенгаши раиси ҳисобланади. Россия қонунчилигига кўра, никоҳ 18 ёшдан бошлаб мумкин. Истиснолар фақат узрли сабаблар мавжуд бўлганда тақдим этилади.

Тўй ўтгач, Қодировга кўз тегди. Чехия ғарбидаги Крабчице қишлоғидаги отхонадан Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировга тегишли зотдор от ўғирлаб кетилди. Зазоу номли зотдор инглиз айғирининг қиймати қарийб 400 минг крон (тахминан 18 минг доллар)га тенг бўлган. От “Прага” халқаро санкциялар асосида музлатиб қўйган мулклари рўйхатига киритилган.

Айтишларича, от 2012 йилда сотиб олинган. У 36 та айғирлар пойгасида қатнашиб, шулардан 9 тасида ғалаба қозонган ва эгасига 1,2 миллион евродан ортиқ даромад келтирган.

Қодировнинг ўзи эса бу отнинг нархи камида 10 миллион доллар эканини айтмоқда. 

Келин ўзини нега ёқди?

Андижон вилоятининг Жалақудуқ туманида 23 ёшли келин адирлик ҳудудида устидан бензин қуйиб, ўзини ёқиб юборди. Воқеа жорий йилнинг 6 март куни туманнинг  “Навоий” маҳалласи ўрамида жойлашган адирлик ҳудудида содир бўлган. 

Келинчак ўзи жонига қасд қилаётган вақтда у атрофда бўлган одамлар томонидан қутқариб қолиниб, шифохонага олиб кетилган. Кўрсатилган тез тиббий муолажаларга қарамай, у 7 март куни шифохонанинг жонлантириш бўлимида вафот этган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 103-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Аёлга нисбатан суд-тиббий экспертизаси тайинланиб, қарор ижро этиш учун юборилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жалақудуқ туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда, натижалари ҳақида қўшимча ахборот берилиши маълум қилинди.

Қотил – экология

Бугун одамларнинг ўлимига фақат нобоп операциялар, ўз жонига қасд қилиш ёки қотилликлар сабаб бўлаётгани йўқ. Табиат ҳам аллақачон қотилга айланган. Бироқ бунда ҳам яна айб айланиб ўзимизга келиб тақалади. 

Legatum Institute томонидан ҳар йили тузиладиган Legatum Фаровонлик Индекси рейтингида Ўзбекистон экология билан боғлиқ муаммолар йўналишида энг ёмон натижа қайд этиб, дунёда экологияси энг абгор 6 давлатдан бири бўлди. Ўзбекистон ушбу кўрсаткич бўйича 162-ўринни эгаллаган. Ундан пастги ўринларда Судан, Мавритания, Лесото, Покистон ва Ироқ жойлашган, холос.

Ушбу халқаро рейтинг натижаларини тасдиқлагандек, шу ҳафта республиканинг кўплаб ҳудудларида, хусусан Термиз шаҳрида чанг бўронлар кўтарилса денг. 

8 март куни соат 11:30 лардан Термиз шаҳрида кўриниш масофаси 1000 метрлардан пасаювчи кучли чанг бўрони кузатила бошлаган. Оқибатда Тошкент-Термиз йўналишидаги парвоз қилаётган самолёт Термиздаги аэродромга қўна олмай, ортга қайтган.

Соат 13:00 ҳолатига Термизда кўриниш масофаси 1100 метр бўлиб, чанг бўрони кучли даражадан ўртача кўринишга тушган.

Собиқ ИИБ ходими педофилми?

Самарқанд шаҳрида 38 ёшли эркак, собиқ ИИБ ходими 2009 йилда туғилган вояга етмаган қизни ўғирлаб кетди. Воқеа шу ҳафта 8 март куни содир этилган. 

Эркак маст ҳолда Nexia-3 машинаси билан ўқув маркази олдида турган 2009 йилда туғилган вояга етмаган қизга ўзини киракаш деб таништирган. У қизни уйига олиб боришини айтиб, алдаб машинага ўтиришга кўндирган. Аммо уйига олиб бормасдан, машинани бошқа томонга бошқариб кетган.

Вояга етмаган қиз машинадан тушиб қолмоқчи бўлганда, автомобиль эшикларини қулфлаб қўйган ва машинани Оқдарё тумани Бошдархон маҳалласи, Янги обод қишлоғигача бошқариб борган. Қизнинг бахтига машина шиналари бўшаб қолган, ҳайдовчи эса уни тузатиш учун уловдан тушганда, қиз қочиб кетган ва шу ерда бўлган фуқаролардан ёрдам сўраган.

Ҳолат юзасидан қизнинг яқинлари ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ариза билан мурожаат қилган. 

Самарқанд Ички ишлар бошқармаси Ахборот хизмати бошлиғи Жаҳонгир Сагдуллаевга кўра, эркак собиқ ИИБ ходими бўлган ҳамда салбий ҳаракатлари учун ишдан бўшатилган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида эркак қўлга олиниб, унга нисбатан Жиноят кодексининг 137-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчи процессуал тартибда қамоққа олинган.

Мана энди туушундингизми, ўтган ҳафта “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродовнинг педофилларни кимёвий ва жисмоний бичиш амалиётини жорий қилиш таклифини қанчалик долзарблигини. Бу нафақат Ўзбекистонда, қўшни мамлакатларда, дунёда ҳам долзарб масалага айланиб бормоқда. Қирғизистон ҳам педофиллар билан курашиш йўлларини қидирмоқда, ҳатто, ўлим жазоси тайинланиши ҳам мумкин. Бунга бироздан кейин тўхталамиз. 

Грузия орзуси ушалмади

Бу ҳафта Грузия дунё диққат марказида турди. Аввалига мамлакат парламенти депутатлари хорижий агентлар тўғрисидаги қонун лойиҳасини кўриб чиқиш чоғида муштлашди. Ҳукумат дастаги билан парламентга киритилган қонун норозиликларга сабаб бўлди ва намойишлар йўлини очди. 

Қонун иқтидордаги “Грузия орзуси” партияси томонидан қўллаб-қувватланган. Унга кўра, маблағининг 20% дан ортиғини хориждан оладиган ҳар қандай ташкилот “хорижий агент” сифатида рўйхатдан ўтиши талаб қилинади, акс ҳолда у катта миқдорда жаримага тортилади. Танқидчилар мазкур қонун Россияда 2012 йилда ўзгача фикрни бостириш учун қўлланилган қонунни эслатишини айтган.

Қонун лойиҳаси Грузиянинг Европа Иттифоқига аъзо бўлиш умидига путур етказишидан қўрққан минглаб намойишчилар пойтахт Тбилиси марказида йиғилди. Улар парламент биносини тўсиб қўйди. Намойишчиларни тарқатиш учун келган полицияга молотов коктейли ва тошлар улоқтирилган. Полиция эса сув пуркагич ва кўзни ёшлантирувчи газдан фойдаланган.

Мамлакат Президенти Саломе Зурабишвили намойишчилар билан бирга экани, қонун лойиҳаси тасдиқдаб ўтиш учун унинг маъмуриятига келганда, унга вето қўйишини билдирган.

“Сиз эркин Грузия, ўз келажагини Ғарбда кўрадиган Грузия вакилисиз ва ҳеч кимнинг бу келажакни тортиб олишига йўл қўймайсиз. Бу қонун ҳеч кимга керак эмас. Бу қонунга овоз берган ҳар бир киши конституцияни бузган”, дейди Грузия раҳбари.

Бироқ Бош вазир Ираклий Гарибашвили қонунни қўллаб-қувватлашини тасдиқлаган. Чет эл агентлари ҳақидаги таклиф этилаётган қоидалар “Европа ва жаҳон стандартларига” жавоб беришини айтган.

Намойишлар ортидан “Грузия орзуси – Демократик Грузия” партияси парламентдан чет эл агентлари ҳақидаги қонун лойиҳасини чақириб олишга қарор қилди. 

“Жамиятнинг ҳар бир аъзоси олдида жавобгар бўлган ҳукмрон куч сифатида биз қўллаб-қувватлаган қонун лойиҳасини ҳеч қандай шартларсиз қайтариб олишга қарор қилдик”, дейилади партия баёнотида.

Қайд этилишича, партия чет эл агентлари тўғрисидаги қонунни қабул қилиш нега зарур эканини жамоатчиликка яхшироқ тушунтиришни режалаштирмоқда. Бунинг учун республика бўйлаб аҳоли билан учрашувлар ўтказилади. Бироқ, мухолифат партиялар бу баёнот билан тинчлангани йўқ, улар ҳамон халқни намойишларни давом эттиришга чорламоқда. Мухолифат норозилик нафақат қонун лойиҳаси, балки “Грузия орзуси” партиясининг руспараст табиатига қарши ўтказилиши керак. 

10 март куни Грузия парламенти аъзолари мамлакатда кескин норозиликларга сабаб бўлган “Хорижий таъсир агентлари тўғрисида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда рад этди. Унга қарши 35 нафар депутат қарши овоз берган. 

Россия Давлат Думаси спикери Вячеслав Володиннинг фикрича, Қонуннинг қайтарилиши, мамлакатда сун сайин авж олган норозиликларда АҚШнинг қўли бор. Қонун қабул қилингудек бўлса, Вашингтоннинг Грузия ички сиёсий ҳаётига таъсирини чеклаб қўяди. Шунинг учун ҳам унинг қабул қилиниши АҚШ учун номақбул бўлган.

“Расмийлар лойиҳани қайтариб олишга қарор қилгани сабабли, Грузия суверенитет учун имкониятни бой берган. Агар ҳужжат қабул қилинса, Грузия сиёсий партияларни ёки оддий қилиб айтганда, Грузияга қарши кун тартибини ташкил этувчи мухолифат, оммавий ахборот воситалари, жамоат ташкилотларини молиялаштириш учун четдан келаётган маблағларни назорат қила оларди”, дейди Володин.

У Грузиядаги норозилик намойишлари Вашингтон ёрдами билан уюштирилганини даъво қилган. 

Референдум санаси маълум бўлди

Жорий йилнинг 30 апрель куни 29 йиллик тарихи давомида 16 марта ўзгартирилган ва бугун 65 фоизга янгиланган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси умумхалқ референдумига қўйилади. Бу ҳақдаги қарор 9-10 март кунлари ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида қабул қилинди. 

Олий Мажлиснинг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Жаҳонгир Шириновнинг маълум қилишича, Конституциявий қонун лойиҳаси билан амалдаги Конституциянинг моддалари 128 тадан 155 тага, унинг нормалари эса 275 тадан 434 тага кўпаймоқда. Янги қомус билан Ўзбекистон ижтимоий давлат деб эълон қилинмоқда.

Ялпи мажлисда депутатлар томонидан берилган 16 та таклифдан 9 таси қабул қилинди ва референдумни ўтказиш 30 апрель, якшанба кунига белгиланди. 

Конституциявий комиссия аъзолари қатор чиқишларда, жумладан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ялпи мажлисида ҳам бош қомусда жами нечта модда ўзгараётгани, қайси соҳаларга оид ўзгартиришлар киритилаётганини айтмоқда, бироқ бу ўзгартиришлар қайси шаклда киритилгани ҳақида аниқ маълумотлар мавжуд эмас. Шунингдек, янгиланаётган Конституциянинг ўзи ҳозиргача жамоатчиликка эълон қилингани йўқ. 

“Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси маъқулланди ва лойиҳа амалдаги Конституцияга мувофиқлигини аниқлаш учун Конституциявий судга юборилди.

Қайд этилишича, Конституция 65 фоизга ўзгараётган бўлсада у қабул қилинган кун сифатида 8 декабрни нишонлаш давом этади. 

Қирғизистон педофилларни ўлимга ҳукм қилмоқчи

Қирғизистонда депутатлар референдум ўтказишни таклиф қиляпти. Аммо Конституция бўйича эмас, балки педофилларга ўлим жазоси берилиши бўйича. 

61 нафар парламентарий Президентга педофилларга нисбатан ўлим жазоси тайинлаш бўйича референдум ўтказишни таклиф қилди. Тез орада қарор лойиҳаси кўриб чиқиш учун Жогорку Кенешга киритилади.

Таъкидлаш жоизки, Қирғизистонда олдинроқ ҳам бир неча халқ депутатлари вояга етмаганларни зўрлаганларга жазони кучайтириш таклифини илгари сурган. Хусусан, улар кимёвий бичиш жорий этиш ташаббуси билан чиққан. 

Қирғизистонда ўлим жазосига мораторий жорий этилган. 1998 йилда давлат раҳбари Асқар Акаев Инсон ҳуқуқлари декларацияси қабул қилинганининг 50 йиллиги муносабати билан ўлим жазосига икки йиллик мораторий киритган. Кейинчалик муддат яна узайтирилиб, Қирғизистон Жиноят кодексида ўлим жазоси, умрбод озодликдан маҳрум қилиш билан алмаштирилган.

Туркияда сайлов. Эрдўғаннинг рақиби ким?

Туркияда навбатдаги Президент сайлови жорий йилнинг 14 май куни ўтказилиши Президент Ражаб Тойиб Эрдўған имзолаган қарор билан тасдиқланди. 

Мазкур сайловлар нафақат Туркияни келгуси тақдири, уни ким бошқариши, балки у қандай бошқарилиши, иқтисодиёти қаерга йўналтирилиши ҳамда Украина ва Яқин Шарқдаги можароларни юмшатишда қандай роль ўйнаши мумкинлигини ҳал қилади.

Кўпчилик назарида мазкур сайловлар республиканинг 100 йиллик тарихидаги энг кескин сайлов бўлади. Чунки ҳозирда мухолифат блоки ҳукумат альянсидан бироз олдинда. Блок Эрдўғаннинг иқтисод, фуқаролик ҳуқуқлари ва ташқи сиёсатга оид кўп сиёсатини ўзгартиришга ваъда берган.

Жорий ҳафта 6 партиядан иборат мухолифат альянси – “Миллат Иттифоқи” ҳам Эрдўғанга қарши номзодни эълон қилди. Хабарингиз бор, бундан олдинги ҳафтада Мухолифат альянсидаги “Яхшилик” партияси лидери Мерал Акшенар “Жумҳурият халқ” партияси раҳдбари Камол Қиличдорўғлининг мухолифат альянси номидан Эрдўғанга рақиб бўлишига қарши чиқиб, 6 лик столини тарк этганди. Акшенар жорий ҳафта бошида яна 6 лик столида бўш қолган ўрнига келиб ўтирди ва 74 яшар Қиличдорўғли номзодини Президентликка кўрсатишини билдирди. 

У Қиличдорўғли сайланган тақдирда, ўзи томонидан президентликка кўрсатилган номзодлар Истанбул ҳокими Экрем Имомўғли ва Анқара ҳокими Мансур Яваш вице-президент лавозимини эгаллаши шартлигини айтди. Акшенар қўйган масала бошқалар томонидан ҳам қабул қилинди ва 12 банддан иборат келишув матни “Яхшилик”, “Жумҳурият халқ”, “Саодат”, “Даъво”, “Келажак”, “Демократ” партиялари раҳбарлари томонидан имзоланди. 

Ҳужжатга кўра, мухолифат Қиличдорўғли номзоди сайловларда ғалаба қозонса, мамлакатда парламент тизимини мустаҳкамлаш учун Президент ваколатларининг бир қисмини чеклашни таклиф қилган.

Истанбулда ўлаётган ўзбеклар

Туркиянинг Истанбул шаҳридаги денгиз соҳилидан ўзбекистонликнинг ўлиги топилди. Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси буни тасдиқлади.

Жорий йилнинг 27 февраль куни Истанбул шаҳри Кадикўй туманида денгиз соҳилидан бир кишининг жасади топилган.

Марҳумнинг яқин қариндошлари топилиб, ДНК тести олинган ва шахси аниқланган. 8 март куни қариндошлари томонидан Истанбул-Самарқанд самолёти орқали Ўзбекистонга олиб кетилган.

Шунингдек, Истанбулда ўзбекистонлик бошқа бир ҳамюртини пичоқлади. Икки ўзбекистонлик ўртасидаги ўзаро келишмовчиликнинг сабаби номаълум. Улар бир-бирини танимагани айтилмоқда. Йигитнинг пичоқланиши эса кўчадаги хавфсизлик камералари қайд қилинган. 

Воқеа жойига зудлик билан Истанбул полиция бошқармаси ходимлари ва тез тиббий ёрдам гуруҳи етиб борган. Жароҳатланган ҳолда шифохонага етказилган йигит барча кўрилган чораларга қарамай вафот этган. 

Гумонланувчи жиноят қуроли билан Қоғитхонанинг Челиктепа маҳалласида ушланиб, қўлга олинган. 

Ички ишлар органлари ходимлари томонидан олиб борилган суриштирув ишларида қотил марҳум уни сўкканини, шу боис уни пичоқлаганини айтган. Қотил “қасддан ўлдириш” айби билан ҳибсга олинган. 

Қиз ўзини кўприкдан ташлаб вафот этди

Ҳафта охирлаганда, 10 март куни Олий таълим муассасаси талабаси бўлган 18 яшар қиз Самарқанд вилояти Оқдарё ва Самарқанд туманини боғлаб турувчи Қорадарё кўпригидан ўзини сувга ташлаб, жонига қасд қилди.

Ҳолат кечаси соат 21:25 да содир бўлган. 

Бош прокуратуранинг маълум қилишича, унинг ўлим сабабини аниқлаш учун судга оид тиббий экспертиза тайинланган.

Ҳолат юзасидан Оқдарё тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Дўппосланаётган болалар

Ўтган йилларда Ўзбекистонда болаларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш билан боғлиқ ҳолатларга барҳам берилгандир, аммо ҳамон болаларнинг асосий ҳуқуқлари поймол қилиниши давом этмоқда. Айниқса, болалар оилада зўравонлик қурбони бўлаётган, жисмоний ва психологик босимга учраётган ҳолатлар талайгина. Айрим оилаларда болалар чақалоқлигиданоқ шиддат кўриб улғаймоқда, ота-она, катталар ўртасидаги можароларнинг ярадорига айланмоқда. Аллақачон мамлакатда Болалар омбудсмани институти ташкил этилганига қарамай, бола ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият ҳамон ёмонлигича қолмоқда. 

Болалар вояга етмай арава тортяпти, оғир меҳнат билан шуғулланяпти, тиланчиликка мажбурланяпти ва кўча-кўйда дўппосланмоқда. Ва буларнинг ҳеч бири яширин содир этилаётгани йўқ. Таъсир чоралари эса анча паст. Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этиш, вояга етмаган болани калтаклагани, меҳнатга мажбурлагани учун жавобгарликка тортиш суст десак аяб гапирган бўламиз. 

Ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти Шаҳрихон туманидаги савдо дўконида 13 ёшли бола аёвсиз калтаклангани акс этган видени сиз ҳам кўрган бўлишингиз керак. 

Ушбу воқеа бугун, 10 март куни Шаҳрихон туманида содир бўлган. Мазкур туманнинг “Муллавой” маҳалласида яшовчи 43 яшар эркак укасининг фарзанди 2010 йилда туғилган жиянини бошқа бир фуқаро билан урушганидан хабар топиб, бола ишлайдиган савдо дўконига борган. Оқибатда боланинг юзи ва танасининг турли қисмларига тан жароҳатлар етказган.

Шаҳрихон туман ИИБга кўра, ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Бироқ Болалар омбудсмани ҳолатга умуман муносабат билдирмаган. 

Луиза Расуловани калтаклашдими ё итариб юборишди?

Ижтимоий тармоқларда ўзбекистонлик актриса Луиза Расулова ва унинг онаси калтаклангани ҳақида хабарлар тарқалди. Аммо видеолар уларнинг дўппослангани эмас, балки йиқилиб тушганига ишора қилмоқда. Қайд этилишича, 9 март куни тахминан соат 15:00 ларда Чилонзор тумани, Чилонзор-6 даҳасидаги кўп қаватли уйлардан бирининг уйбошиси 1959 йилда туғилган Луиза Расулованинг онаси ва шу кўп қаватли уйнинг иккинчи қаватида жойлашган ўқув муассасаси раҳбари ўртасида ўзаро низо келиб чиққан.

Низога актрисанинг онаси кўп қаватли уйнинг умумий кириш эшигига кодли қулф қўйиб, иккинчи қаватда жойлашган ўқув муассасасига келган ўқувчиларни киришига тўсқинлик қилган. Шу орада ўқув муассасаси раҳбари унинг қўлидан тортган вақтида аёл ва унинг қизи Луиза Расулова ерга йиқилган.

Луиза Расулова ва унинг онасига тиббий ёрдам кўрсатилиши учун шифохонага ётқизилган. Бирламчи маълумотга кўра, Луизанинг онасида "энса соҳаси юмшоқ тўқималарини лат ейиши", Луизанинг ўзида эса “ўнг билак ва ўнг тизза соҳаси юмшоқ тўқималари лат ейиши" жароҳатлари борлиги аниқланган.

Уларга зарар етказган фуқаро эса профилактика инспектори томонидан ушланиб, яқин орадаги ИИБга олиб борилган. Мазкур ҳолат юзасидан Чилонзор тумани ИИО ФМБ томонидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг