Давлат идоралари матбуот хизматларининг асосий вазифалари белгиланди
Жамият
−
28 Июнь 2019
4464Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолагани ҳақида хабар берган эдик.
Қарорга мувофиқ қуйидагилар давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот хизматлари, матбуот марказлари, жамоатчилик билан алоқалар бўйича хизматлари (кейинги ўринларда – ахборот хизматлари)нинг асосий вазифалари этиб белгиланди:
• давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти ҳақида оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар, давлат органлари ва ташкилотларининг расмий веб-сайтлари, шунингдек, бошқа ахборот ресурслари орқали, шу жумладан, матбуот анжуманлари, брифинглар, медиатурлар ташкил этиш йўли билан аҳолига мунтазам, тўлиқ ва тезкор равишда ахборот тақдим этиб бориш;
• давлат органлари ва ташкилотларида мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий тараққиёти жараёни ҳақида ахборот бериш ва ёритиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
• давлат органлари ва ташкилотларининг ижобий имижини шакллантириш ва илгари суриш, ижтимоий сўровлар ўтказиш ва бошқа шаклларда жамоатчилик фикрини ўрганиш;
• ахборот сиёсати соҳасида зиммасига юкланган вазифаларни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик) билан самарали амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш;
• оммавий ахборот воситалари билан самарали ҳамкорлик қилиш, ахборот хизматлари билан доимий ишловчи журналистлар ва блогерлар доирасида тезкор маълумотларни тарқатиш, шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини муҳокама қилишда кенг аҳоли қатламларининг иштирокини таъминлаш мақсадида экспертлар гуруҳини шакллантириш;
• мунтазам равишда оммавий ахборот воситаларида давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг чиқишларини ташкил этиш;
• ахборот макони мониторингини олиб бориш ва таҳлил қилиш, танқидий ва кенг муҳокама қилинаётган ахборот хуружларига тезкор муносабат билдириш, оммавий ахборот воситалари ва Интернет тармоғида тегишли давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига алоқадор ахборотни тарқатиш бўйича ишларни ташкил қилиш;
• давлат органлари ва ташкилотлари билан биргаликда маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари орқали тарқатиш учун хабар, маълумот, шарҳ ва бошқа ахборот-таҳлилий материаллар тайёрлаш;
• давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти тўғрисида жамоатчилик фикрини, миллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг позициясини ўрганиш, долзарб таклифлар ишлаб чиқиш ва улар тўғрисида давлат органлари ва ташкилотлари раҳбариятига ахборот бериб бориш;
• давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини хорижий оммавий ахборот воситаларида сифатли ёритиш мақсадида ваколатли вазирликлар ва идоралар орқали Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналарини, шунингдек, хорижий мамлакатларнинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхоналарини ахборот материаллари (босма маҳсулотлар, фото-, аудио-, видеоматериаллар ва ҳ.к.) билан таъминлаш;
• давлат органлари ва ташкилотларининг ваколатига кирувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари ҳамда уларнинг тасдиқланган матнларини белгиланган тартибда ўз расмий веб-сайтларида жойлаштириш;
• давлат органлари ва ташкилотларининг фаолиятига алоқадор матнли, фото-аудио- ва видеоматериаллардан иборат маълумотлар базасини шакллантириш ва янгилаб бориш.
LiveБарчаси