Давлатнинг бир сўмига хиёнат қилмадим, чарчадим... – Жаҳонгир Ортиқхўжаев
Жамият
−
16 Февраль 2022
21916Тошкентнинг Яккасарой туманидаги Космонавтлар майдонида Владимир Жонибеков ҳайкали атрофи Тошкент шаҳар маданий мерос бошқармасидан хулоса олинмай туриб таъмирлаш ишлари бошлангани ҳақида хабар берган эдик. Бугун, 16 февраль куни Тошкентдаги қурилиш ва таъмирлаш ишлари юзасидан пойтахт ҳокимлигида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Анжуманга тўсатдан Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳам кириб келиб, ҳокимлик лавозимини эгаллаб келаётганидан буён 35 машинасидан 6 та қолгани, ҳаммасини сотиб, Тошкентга тиккани, ўзи эса давлатнинг бир сўмига ҳам хиёнат қилмаганини айтди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ мухбири Феруза Нажмиддинова хабар бермоқда.
“Ҳозир “Нима мақсад бор?”, Нима қуряпти?”, деб ҳомийлар тўғрисида гап кетди. Тўғриси, мен ҳам бу нарсадан чарчадим. Очиқчасига айтаманки, мен катта компаниянинг раҳбари бўлганман. Мен ўзи ёшлигимдан сиёсатчи бўлмаганман. Биласизлар. Хоҳлайсизми, хоҳламайсизми, менинг тарихим ишлаб чиқариш билан боғлиқ. Мен сиёсатчи бўлмаганман. Ҳокимлик масаласига келсак, мен мана шу юртни фарзандиман. Бозорим ҳам, мозорим ҳам шу ер.
Уч ярим йиллик фаолиятим бўйича, қўлдан келганча олдинги ишлаган компаниям ёрдам бериб, ҳомийлик қилиб келди. Агар бугунги ҳомийликни очиқ-ойдин айтсанг, савобини бу дунёда оласан. Қилаётган яхшиликларингни айтсанг, савоб бўлмайди, риё бўлади дейишган. Шу сабаб бугунгача айтмадим, лекин бугун кўпчилик суриштирди.
Мен ишлаган компания AKFA, ARTEL кўп нарсалардан воз кечяпти: фақат ишлаб чиқаришни олиб қолиб, магазин, супермаркетларини сотишга қарор қилдик. Бу йил Ecobozor’ни сотди, унинг пулини ярмини бозор қарзларига бердик, қолганини шаҳарга ҳомийликка бермоқчи. AKFA MEDLINE компаниямиз ўтган йили 75 нафар юрак нуқсони билан хасталанган болаларни текинга операция қилиб берган бўлса, бу йили 200 нафарини [операция] қилади. Буларни айтмоқчи эмас эдим. Айтиш керак экан. Айтишга мажбур қилишяпти. Айтмаганим гуноҳ.
Ўзбекистондаги энг қийналган болларни операция қилишди. Бундан ташқари, бу йил ҳам AKFA, ARTEL компанияси ёрдам бериш мақсадида “Нима ёрдам қилайлик? Чунки сиз бизда ишлагансиз”, дейишди. Улар ўз мол-мулкларини сотмоқда. Ярмини банкнинг кредитларини қутилишга беряпти, ярмини шаҳарга парклар, аллеялар, операция ва камбағалларга ёрдам беришга сарфламоқда.
Бу йил менга “80 млрдлик ёрдам бераман”, деди. Шунга асосланиб, уларга ўз илтимосларимни айтдим. Мен бошқа ҳеч нарса дея олмайман. Мен чарчадим. Мен уч ярим йил ишлаган бўлсам ҳам давлатдан бир сўм пул олиб хиёнат қилмаганман.
Бир сўм пул билан шаҳарга хиёнат қилган бўлсам, фарзандларимнинг хунига қолай. Олдимдан қўшган бўлсам, қўшдим. Топганимни берган бўлсам, бердим. Бир сўм пул олмадим.
Мен шаҳар ҳокими бўлишимдан олдин 35 та машинам бор эди. Мен машиналарни жуда яхши кўраман. Ҳозир 6 та машинам қолди. Яқинда яна бир машинамни аукционга қўяман ва унинг сотилган пули билан юрагида нуқсони бўлган болаларни операция қилишга ёрдам бераман. Агар булар гуноҳ бўлса, мен розиман.
Агар “Ишлатманг, булар гуноҳ”, десангиз, бунга ҳам розиман. Лекин мен шу кунгача давлатга бир сўм хиёнат қилмадим. Буни 100 фоиз биламан. Лекин менинг айбим, айтмаганим. Қилган нарсаларни айтиб туриш керак экан.
Сергелидан уйи йўқ, подвал, поездларда яшайдиган одамларга бир вақтлар 400 та квартира хайрия қилган эдик. Айтмагандик, айтиш керак экан. Бугун афсусланяпман.
Лекин бемалол ишонсанглар бўлади. Мен давлатга бир сўм хиёнат қилмаганман. Биронта халқнинг пулини чўнтагимга тиққаним йўқ. Борим шу. Раҳмат.
”, дейди Ортиқхўжаев.
Материал тўлдирилмоқда
LiveБарчаси