Давлатларнинг озиқ-овқат хавфсизлиги рейтинги эълон қилинди. Ўзбекистон қайси ўринда?
Жамият
−
23 Апрель 2022
20798Глобал озиқ-овқат хавфсизлиги индексининг (The Global Food Security Index) ўнинчи нашри эълон қилинди. Ўзбекистон ушбу рейтингда 53,8 балл тўплаб, 78-ўринни эгаллади.
Тўпланган балл Ўзбекистонга озиқ-овқат хавфсизлиги ўртача даражада бўлган давлатлар гуруҳида ўз ўрнини сақлаб қолиш имконини берган.
Глобал индекс озиқ-овқат хавфсизлиги ҳолатини тўртта мезон бўйича текширади:
• озиқ-овқат мавжудлиги;
• уларнинг миқдори;
• сифати ва хавфсизлиги;
• табиий ресурсларнинг хилма-хиллиги ва уларнинг барқарорлиги.
Глобал рейтингга Economist Impact журнали томонидан минтақавий хилма-хиллик, иқтисодий аҳамият, аҳоли сони ва бошқа кўрсаткичлар асосида танланган жами 113 та давлат киради.
Таъкидлаш жоизки, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти талабларига кўра, озиқ-овқат хавфсизлиги фақатгина етарли миқдорда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни англатмайди, балки ўз фуқароларининг эҳтиёжларини қондириш учун зарур миқдорда озиқ-овқат маҳсулотларини импорт қилиш имконияти ҳам тушунилади.
Ўзбекистон рейтингда
• озиқ-овқат мавжудлиги бўйича 49,3 балл билан 81-ўрин;
• миқдори бўйича 51,3 балл билан 76-ўрин;
• сифати ва хавфсизлиги бўйича 65,1 балл билан 60-ўрин;
• табиий ресурсларнинг хилма-хиллиги ва барқарорлиги бўйича 55,4 балл билан 30-ўринни эгаллаган.
Маълумот учун, рейтингда биринчи ўринни 84,0 балл билан Ирландия, иккинчи ўринни 81,3 балл билан Австрия, учинчи ўринни 81,0 балл билан Буюк Британия, тўрттинчи ўринни 80,9 балл билан Финляндия ва бешинчи ўринни 80,4 балл билан Швейцария банд қилган.
Рейтингни охирги ўринлардан эса Малави, Судан, Мозамбик, Яман ва Бурунди давлатлари жой эгаллаган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь