Давлатга хиёнатда айбланган МҲҚ раисининг уйидан $17 млн топилди
Олам
−
10 Март 2022
14123Қозоғистоннинг Миллий хавфсизлик қўмитасининг (МХҚ) қамоққа олинган собиқ раиси Карим Масимовнинг уйи тинтув қилинганида 17,2 миллион АҚШ доллари миқдорида нақд пул, шунингдек, кўплаб ҳашаматли буюмлар аниқланди. Бу ҳақда қўмита тергов жараёнидан эълон қилинган маълумотларга таяниб хабар берди.
Қайд этилишича, давлатга хиёнат, ҳокимиятни куч билан эгаллашга уриниш ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилишда гумон қилиниб, қамоққа олинган Масимовнинг иши бўйича давом этаётган тергов давомида кўплаб коррупция белгилари ҳам аниқланган.
“Маҳаллий ишбилармон доиралар ва хорижий субъектлардан кўчмас мулк, қимматбаҳо совғалар, жумладан, маданий бойликларни, катта миқдордаги маблағларни ноқонуний равишда олиш ҳолатлари ҳужжатлаштирилган. Хусусан, Масимов ёпиқ шартномалардан бири бўйича МХҚ раиси лавозимида хорижий давлат вакилларидан 2 миллион АҚШ доллари миқдорида пора олгани юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ушбу маблағларнинг Гонконгдан Қозоғистон Миллий банкига қайтарилиши таъминланди”, дейилади МХҚ хабарида.
Шунингдек, Масимов Бош вазирлик даврида бизнес тузилмаларининг биридан пойтахтда жойлашган, қиймати қарийб 2,5 миллиард тенге бўлган ҳашаматли меҳмонхона ва ер участкаси олгани юзасидан ҳам тергов бошланган.
Собиқ раис ҳибсга олинганидан сўнг, жорий йилнинг январида ушбу меҳмонхонадан 17,2 миллион АҚШ доллари нақд пул, шунингдек, кўплаб ҳашаматли буюмлар – қимматбаҳо соатлар, тилла қуймалари, антиқа буюмлар ва бошқа кўп нарсалар олиб қўйилган.
Бундан ташқари, унга тегишли 11 та қимматбаҳо бизнес-класс автомашиналари мусодара қилинган.
Шу билан бирга, МҲҚ, Масимовнинг Нур-Султондаги иккита ҳашаматли квартираси, Олмаотадаги иккита квартира ва дала ҳовли, Боровое курортидаги кўл бўйида жойлашган 1 гектар ер участкаси мусодара қилинганини ҳам маълум қилган.
Собиқ раиснинг яқинларидан эса 5,1 миллион доллар мусодара қилинган. Масимов ва унинг атрофидагилар томонидан чет элга ноқонуний равишда олиб чиқиб кетилган бундан ҳам йирикроқ маблағларни қидириш, ҳибс солиш ва Қозоғистонга қайтариш бўйича ишлар олиб борилаётгани маълум қилинган. Ҳозирда мазкур фактлар бўйича фаол тергов-тезкор тадбирлари ўтказилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистонда тартибсизликларга айланган оммавий намойишлардан сўнг юқори мартабали махсус хизмат ходимларини ҳибсга олиш бошланди. Дастлаб Масимов Миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбари лавозимидан четлаштирилиб, давлатга хиёнатда гумон қилиниб, ҳибсга олинди, унинг ўрнига Сагимбаев тайинланди. Шунингдек, Миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбарининг ўринбосарлари — Ануар Садиқулов ва Даулет Ергожин ҳам ўз лавозимларидан четлаштирилди. 13 январь куни Масимов ҳокимиятни зўрлик билан эгаллаб олиш ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилишга қаратилган ҳаракатларда ҳам гумон қилинаётгани маълум бо‘лди. Садиқулов ва Ергожиннинг ҳибсга олингани ҳақида ҳам айтилди. Кейинроқ, Масимов ва Садиқулов суд томонидан ҳибсга олинган ва иш “ўта махфий” тоифасига киритилган. 7 февраль куни Ергожин ҳам суд санкцияси билан ҳибсга олинган
LiveБарчаси