Давлат статистика қўмитаси 2017 йилдаги ЯИМнинг 53 трлн сўмга “ўстирилганига” изоҳ берди

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда Давлат статистика қўмитасининг турли даврларда эълон қилинган пресс-релизларида 2017 йил учун ЯИМ бўйича келтирилган маълумотларнинг ўзаро мос эмаслиги, маълумотларда 50 трлн сўмдан ортиқ фарқ борлиги тўғрисидаги хабарлар тарқалганди.

Давлат статистика қўмитаси мазкур номутаносибликларнинг келиб чиқиши юзасидан расмий маълумот берди.

Қайд этилишича, 2017 йил учун ЯИМ кўрсаткичи бўйича тафовутлар тармоқлар статистикаси маълумотларини қайта ҳисоблаб чиқиш натижалари билан боғлиқ. Давлат статистика қўмитасининг 2018 йил январь ойида эълон қилинган дастлабки баҳолашларига кўра, Ўзбекистонда ЯИМ ҳажми 249,1 трлн сўмни ташкил этган. Кейинчалик, 2018 йилнинг май ойида Давлат статистика қўмитаси ЯИМ ҳажмига дастлабки аниқликларни киритди ва унга кўра ЯИМ ҳажми 254,0 трлн сўмни ташкил этган. 

Ушбу маълумотлар Давлат статистика қўмитасининг расмий сайтида, шунингдек, Халқаро Валюта Жамғармасининг кенгайтирилган Маълумотларни тарқатишнинг умумий тизими (k-MTUT) доирасида Ўзбекистоннинг йиғма маълумотлар миллий саҳифасида (r-OSRD) жойлаштирилган.

2019 йил январь ойида Давлат статистика қўмитаси томонидан 2017 йил учун ЯИМ кўрсаткичи кенг миқёсда қайта кўриб чиқилди ва бу асосан қишлоқ хўжалиги тармоғи маълумотларидаги ўзгаришлар натижасида келиб чиқди. Бу ўзгаришлар, бир неча йиллар давомида қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқариш ҳажмини ҳисоблашда бозор нархларига нисбатан сезиларли даражада паст бўлган нархлардан фойдаланилганлиги билан изоҳланади.

Таъкидланишича, ушбу муаммони бартараф этиш мақсадида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг барча турлари бўйича ўртача йиллик нархлар қайта кўриб чиқилиб, бозор нархларига ўтказилди. Бунда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш миқдори, яъни натура кўринишидаги ҳажмлари ўзгармаган. Масалан, 2017 йил учун қайта баҳолашга қадар 1 кг доннинг ўртача йиллик нархи 648 сўмни ташкил қилган бўлса, қайта баҳолашдан кейин 1686 сўмни, сабзавотлар қайта баҳолашга қадар – 895 сўмни, қайта баҳолашдан кейин – 2547 сўмни, полиз экинлари қайта баҳолашга қадар – 865 сўмни, қайта баҳолашдан кейин – 1128 сўмни, тирик вазндаги мол гўшти қайта баҳолашга қадар – 5986 сўмни, қайта баҳолашдан кейин – 17470 сўмни; сут қайта баҳолашга қадар – 577 сўмни, қайта баҳолашдан кейин – 1678 сўмни ташкил этган.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ўртача йиллик нархлари қайта ҳисоблаб чиқилганидан сўнг ушбу тармоқнинг ялпи қўшилган қиймати ҳажми 43,1 трлн сўмдан 91,0 трлн сўмга ва мос равишда, ЯИМ ҳажми 254,0 трлн. сўмдан 302,5 трлн сўмга ошган (+47,9 трлн сўм қишлоқ хўжалиги ҳисобига, +0,6 трлн сўм бошқа тармоқларга киритилган аниқликлар ҳисобига). Шу билан бирга, қайта ҳисоблаш натижасида ЯИМнинг ўсиш суръатлари 5,2 фоиздан 4,5 фоизгача пасайган. Шунингдек, қишлоқ хўжалигининг ЯИМ тармоқлари бўйича таркибидаги улуши 19,7 фоиздан 34,0 фоизгача ўсган, саноатнинг улуши 27,2 фоиздан 22,2 фоизгача, қурилишнинг улуши 6,9 фоиздан 5,7 фоизгача, хизматлар соҳасининг улуши 46,2 фоиздан 38,1 фоизгача камайган.

Қайд этилишича, маҳсулотларга соф солиқлар кўрсаткичидаги ўзгаришлар Миллий ҳисоблар тизими ва Давлат молияси статистикаси маълумотлари ўртасидаги ўзаро мувофиқликни таъминлаш мақсадида амалга оширилганлиги билан изоҳланади.


Мақола муаллифи

Теглар

ЯИМ статистика

Баҳолаганлар

18

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг