Давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизими: кеча ва бугун
Жамият
−
21 Май 2021
6520Янги тизимга илк қадам
Давлат хизматлари ҳар бир инсон ҳаётининг ажралмас қисмига айланмоқда. Мисол учун, ҳар куни фуқаролар боланинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасини олиш, уни болалар боғчасига, кейинчалик эса кейин мактабга жойлаштириш, турли хил маълумотлар, бизнес очиш ва уни ривожлантириш учун турли лицензиялар олиш заруриятига дуч келмоқдалар.
Бугунги кунда ушбу жараёнларни битта жойда — Давлат хизматлари марказида амалга ошириш мумкин.
Буларнинг барчаси давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан 2017 йил 12 декабрда давлат хизматлари миллий тизимини ислоҳ қилиш бўйича туб қадам ташланган пайтдан бошланди. Шу заҳотиёқ янги давлат тузилмаси яратилиб, унга бюрократияни олдини олиш, шунингдек, фуқароларнинг давлат органларига ишончи ва умидини оқлашдек юксак вазифалар юклатилди.
Билдирилган ишончнинг самараси
3 йилдан ортиқ вақтдан буён Давлат хизматлари марказлари халқимиз тезкорлик, қулайлик ва сифат тамойилларига асосланган энг зарур давлат хизматларини олиши мумкин бўлган ягона жойга айланиб улгурди.
Бугун мамлакатимизнинг ҳар бир туман ёки шаҳарида биттадан жами 205 та Давлат хизматлари марказлари фаолият юритмоқда. Аҳоли фикрини ўрганиш амалиёти доимий равишда йўлга қўйилган бўлиб, уларнинг истакларига кўра кўрсатилаётган хизматлар сони ортиб бормоқда.
Масалан, 2018 йилгача бўлган даврда Давлат хизматлари марказлари орқали фақат тадбиркорлик субъектларига 37 турдаги давлат хизматлари кўрсатилган бўлса, бугунги кунда ушбу хизматлар сони 157 тага етди.
2017 йилда тадбиркорларга 120 мингдан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилган бўлса, бугун жисмоний ва юридик шахсларнниг давлат хизматлари кўрсатиш бўйича 28 миллиондан ортиқ мурожаатлари қабул қилинди. Яъни, 219 баробарга кўпайди.
Бугунги кунда давлат хизматлари соҳасига оид 110 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари ишлаб чиқилиб, 70 дан ортиқ хизматлар тўлиқ қайта кўриб чиқилди. Бу, ўз навбатида, фуқаролар томонидан тақдим этиладиган ҳужжатлар сонини 167 дан 79 га, хизмат кўрсатилиши учун талаб этиладиган муддатни эса 2 баробардан кўпроқ — жами 499 кунлик муддат 271 кунга қисқаришига имкон берди.
Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларидан фойдаланишда янада қулай шароитлар яратиш, бу борада бюрократик тўсиқларни қисқартириш мақсадида давлат раҳбарининг тегишли Фармони билан давлат ҳокимияти органлари томонидан аҳолидан 17 турдаги маълумотнома ва ҳужжатларни талаб қилиш бекор қилинмоқда.
Бу билан фуқароларнинг давлат хизматларидан фойдаланишда сарфлайдиган ортиқча маблағлари тежалишига эришилиб, оворагарчиликлари олди олинади.
Сарфланган меҳнат эътиборсиз қолмайди
Давлат хизматлари кўрсатишда илк бор умумреспублика бўйича хизмат кўрсатишнинг экстерриториал тамойили ҳамда тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш билан бир вақтда банк ҳисобрақамларини очиш механизми йўлга қўйилиб, муҳр ва штамплардан фойдаланиш мажбурияти бекор қилинди.
Натижада Жаҳон банкининг эълон қилинган “Бизнесни юритиш 2020” рейтингининг Давлат хизматлари агентлиги масъул бўлган “Бизнесни рўйхатдан ўтказиш” индикаторида Ўзбекистон Республикаси 190 та давлатлар ичида 8-ўринни эгаллади. Мустақил Ўзбекистон тарихида биринчи бор топ-10 таликка кирди.
Давлат хизматлари ҳар бир хонадонда
Давлат хизматлари агентлиги ҳар бир одам, яшаш жойидан қатъий назар, сифатли давлат хизматларидан фойдаланиши учун имкон яратишга алоҳида эътибор қаратади.
Хусусан, давлат идоралари ичидан биринчилардан бўлиб, Агентлик томонидан “мобиль”, яъни сайёр давлат хизматлари тушунчаси халқ орасида танитилди.
Дам олиш кунлари ДХМ ходимлари махсус техника билан жиҳозланган транспорт орқали бориш қийин бўлган чекка ва тоғли ҳудудда яшовчи аҳоли учун сайёр хизматларни кўрсатади. Шу кунгача мақбул, қулай ва шаффоф услублардан фойдаланган ҳолда республика бўйича 645 мингдан ортиқ сайёр хизматлар кўрсатилди.
Туман марказидан узоқда (100-300 км) жойлашган ҳудудларда ҳамда аҳолининг эҳтиёжларидан келиб чиқиб, давлат хизматлари марказининг 116 та филиали фаолияти йўлга қўйилди, улар орқали кўрсатилган хизматлар сони қарийб 100 мингдан ошди.
ФҲДЁ соҳасида “ҳужжатлар ҳаракатланмоқда”
Барчага маълум, ДХМларнинг асосий вазифалари қаторида фуқароларнинг давлат идоралари вакиллари билан алоқасини имкон даражада камайтириш. Буларни амалга оширишнинг асосий мезони эса — давлат идораларининг архив ҳужжатларини рақамли кўринишга ўтказиш ҳамда давлат хизматлари кўрсатиш жараёнида зарур бўлган маълумотларнинг электрон тизимларини яратишдан иборат.
Бошқа идораларга ўрнак бўлган ҳолда, ДХА рақамлаштириш ишларини ФҲДЁ органларидан бошлади. Бунинг учун махсус рақамлаштириш ускуналари ишга солиниб, бугунги кунда никоҳ тузиш, никоҳдан ажралиш, туғилиш ва ўлим тўғрисидаги ФҲДЁ архивларида сақланаётган қоғоз шаклидаги 60 млн. архив маълумотлар рақамлаштирилди. Натижада, фарзанд туғилганлигини расмийлаштириш учун ФҲДЁ органларида композит хизматлар кўрсатиш йўлга қўйилди. Яъни, туғилишни қайд этиш, болани поликлиникада рўйхатга қўйиш, турар жойи бўйича ҳисобга олиш, бир марталик нафақа пулини тайинлаш ҳамда давлат мактабгача таълим муассасасига навбатга қўйиш хизматлари бир вақтнинг ўзида амалга оширилмоқда. Композит давлат хизматлари кўрсатилишининг йўлга қўйилиши билан талаб қилинадиган 15 дан ортиқ ҳужжат қисқариб, 4 та идорага боришга чек қўйилди.
Хизмат сифати доимий назоратда
Давлат хизматларини кўрсатувчи ваколатли органлар маълумотлар базалари яратилиб, давлат хизматларини кўрсатиш платформасининг ишга туширилиши давлат хизматларини кўрсатиш тартиби ва муддатларига риоя этилиши аҳволини мониторинг қилиш имконини яратди.
Эътиборли жиҳати шундаки, Ўзбекистон Республикаси Қонунига асосан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги қонун ҳужжатларини бузишда ифодаланадиган ҳаракатлар учун жавобгарлик белгиланди. Давлат хизматлари агентлиги директори ва унинг ўринбосари ҳамда ҳудудий бошқармалар бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарларига айбдор мансабдор шахсларга нисбатан бевосита маъмурий жавобгарлик чораси қўллаш ваколати берилди.
“Қарши тажрибаси”
“Қарши тажрибаси” асосида электрон давлат хизматларидан фойдаланиш кўникмаларини маҳаллаларда, шунингдек ёшларда тўлиқ тушунча ҳосил бўлишига ҳаракат қилинмоқда.
Давлат хизматлари марказларида интернетга уланган компьютерлар ёрдамида марказларга ташриф буюрган фуқароларга, уларнинг хоҳишига кўра, электрон хизматлардан фойдаланиш тартиби тушунтирилмоқда. Электрон давлат хизматларидан фойдаланиш билим ва кўникмаларини шакллантириш ва ривожлантириш бўйича жойларда маҳалла фуқаролари йиғинлари ҳамда таълим муассасалари масъул ходимлари, талабалар, ўқувчилар учун “ДХМ —Маҳалла — Фуқаро” тамойили асосида дарслар йўлга қўйилди. Мақсад - давлат хизматларидан масофадан туриб фойдаланиш кўламини кенгайтириш.
Албатта соҳада ўз ечимини кутаётган масалалар ҳам бор. Давлат хизматлари агентлиги тартиб-таомилларни соддалаштириш ҳамда давлат хизматлари кўрсатиш сифатини ошириш бўйича ишларни давом эттиради.
Ишонч телефони: 1148
электрон почта манзили: info@davxizmat.uz
Батафсил маълумот учун сайтимизга ташриф буюринг.
Facebook’да дўстларингиз билан бўлишинг.
Instagram’да янгиликлардан бохабар бўлинг.
Telegram каналимизга аъзо бўлинг.
Давлат хизматлари агентлиги
LiveБарчаси