Давлат хизматчиси совға олиши мумкин эмас – Акмал Бурхонов
Жамият
−
12 Декабрь 2022
6642Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов давлат хизматчилари 1,5 млн сўмгача совға олиши мумкинлиги ҳақида ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси бўйича тушунтириш берди.
Унинг айтишича, давлат хизматчиси совға олиши мумкин эмас ва бу пора ҳисобланади.
“Ўзбекистон қонунчилигига кўра, айниқса, охирги қабул қилинган ва 10 ноябрдан кучга кирган “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонунга кўра, давлат хизматчиси совға олиши мумкин эмас. Бу бир сўмлик бўладими ёки бир миллион сўмлик совға бўладими – фарқи йўқ. Бу тақиқланган!”, дейди Бурхонов.
Шунингдек, у агентлик томонидан ишлаб чиқилган “Давлат фуқаролик хизматчиси томонидан хизмат сафарлари, халқаро ва бошқа расмий тадбирлар муносабати билан олиниши мумкин бўлган совға қиймати, шунингдек уни тасарруф этиш тартиби тўғрисида”ги Низомга қуйидагича тушунтириш берди.
“Фақат расмий тадбирлар ва хорижий сафарларга борганда бериладиган совғага истисно берилган. Биз шу совға олиш-бериш тартибинининг низоми лойиҳасини ишлаб чиқдик ва эълон қилдик. Афсуски, бу жамоатчиликда, айниқса, ОАВда бошқача талқин қилинди. Энди давлат хизматчиси 1,5 млнлик совға ололаркан, деган хулоса пайдо бўлди. Йўқ, ундай эмас. Масалан, бирор расмий тадбирда хорижий меҳмонларимиз бизга қандайдир совға беришса, биз уни олишнинг тартиби қандайлигини, масалан, ҳамманинг олдида берилиши, расмга олиниши кераклигини тартибга солдик. Агар ўша халқаро ҳамкоримизнинг берган совғаси 1,5 миллиондан қиммат бўлса, қўшимчасини ўша давлат хизматчиси тўлаши кераклигини англатади”, дея қўшимча қилди Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори.
Бундан ташқари, Бурхонов бу қонун лойиҳаси Ташқи ишлар вазирлиги кўмагида 30 та давлатнинг тажрибасини ҳамда Ўзбекистондаги ойлик маошларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилганини таъкидлади.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15