Давлат қарзини нималарга сарфлаш қонун билан белгиланмоқда
Жамият
−
21 Декабрь 2021
2867Давлат қарзи суммасининг ялпи ички маҳсулотга нисбатан энг юқори миқдори 60 фоиздан ошмаслиги керак. Шунингдек, давлат қарзи ҳисобидан фақат ижтимоий ва инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш мумкин. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида кўриб чиқилган “Давлат қарзи тўғрисида”ги қонун лойиҳасида келтирилган.
Янги қонун лойиҳасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Олий Мажлис палаталари, Ҳисоб палатаси, Вазирлар Маҳкамаси, Марказий банк ва Молия вазирлигининг давлат қарзини бошқариш соҳасидаги ваколатлари белгиланади.
Хусусан, давлат қарзини бошқаришда парламент ролини ошириш мақсадида Олий Мажлис палаталарига давлат қарзининг чекланган ҳажмини белгилаш, давлат қарзини бошқариш стратегияси ижросини кўриб чиқиш ҳамда жалб қилинган маблағларнинг мақсадли ишлатилиши тўғрисидаги ҳисоботларни эшитиш ваколатлари берилиши мумкин.
Шунингдек, қонун лойиҳаси билан давлат қарзини бошқариш тизимининг яхлитлигини таъминлаш мақсадида Молия вазирлиги давлат қарзини бошқариш, шу жумладан давлат қарзини жалб қилиш бўйича ваколатли орган этиб белгиланиши ҳамда Вазирлар Маҳкамаси томонидан 3 йил муддатга давлат қарзини бошқариш стратегияси тасдиқланиши кўзда тутилмоқда.
Ушбу ҳужжатда давлат қарзи тўғрисидаги маълумотлар очиқлигини таъминлаш бўйича қоидалар ҳам акс эттирилмоқда. Бунда Молия, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирликларига, Олий Мажлис палаталарига маълумот киритиш ҳамда вазирлик ва идораларга давлат қарзи тўғрисидаги маълумотларни ОАВда ёритиб бориш, расмий веб-сайтларда чоп этиш мажбурияти юкланмоқда. Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим доирасида хусусий шерикка бериладиган кафолатлар бўйича чекловлар ўрнатиш амалиёти жорий этилиши мумкин.
Таъкидланишича, қонун лойиҳаси қабул қилинса, давлат қарзини бошқариш жараёни фрагментациялашувининг олди олинади, давлат қарзини барқарор даражада сақлашга, Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилашга хизмат қилади.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.
LiveБарчаси