Дастин Порье ва Шавкат Раҳмонов ўртасида жанг ўтказилиши мумкин
Спорт
−
07 Август 2023
5023Ҳали мағлубиятга учрамаган қозоғистонлик UFC жангчиси Шавкат Раҳмонов америкалик таниқли спортчи Дастин Порье билан жанг қилишга келишиб олди. Бунга ҳар иккала спортчи ўзининг Х (Тwitter) саҳифасида ўзаро қисқа суҳбат орқали аниқлик киритган.
Гап шундаки, Дастин Порье эндиликда ярим ўрта вазн тоифасида жанг қилиш истагида эканнини маълум қилган. Мазкур дивизион рейтингининг 6-поғонасидаги қозоғистонлик жангчи Шавкат Раҳмонов у билан октагонда учрашишга рози бўлганини қисқа, “Ок”, деб изоҳлади.
Раҳмоновнинг 17 сентябрь куни Лас-Вегасда бўлиб ўтиши керак бўлган жанги, рақиби Келвин Гастелумнинг машғулотлар вақтида жароҳат олгани сабабли, бекор қилинди. Шундан сўнг спортчи турли ижтимой тармоқларда рақиб излаш билан оввора бўлиб юрган эди. Агар Порье билан жанг ташкил этиладиган бўлса, бу қозоғистонлик спортчининг фаолиятида энг шов-шувлиси бўлади.
Маълумот учун, Шавкат Раҳмонов профессионал ММА'даги фаолияти давомида 17 та жангда иштирок этиб, барчасида ғлалабага эришган. Уларнинг 8 тасида муддатидан олдин, 9 таси ҳакамлар қарори билан қўлга киритилган. Дастин Порье эса жами 37 жанг ўтказган бўлиб, уларнинг 29 тасида рақибларини мағлубиятга учратган, 8 марта имкониятни бой бериб қўйган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШнинг Солт-Лейк Сити шаҳрида ўтказилган UFC 291 турнирида маҳаллий спортчилар Дастин Порье ва Жастин Гетжи UFC ташкилотининг BMF камари учун ўзаро жанг олиб борган эди. Порье баҳснинг иккинчи раундида Гетжи томонидан йўлланган даҳшатли оёқ зарбаси билан чуқур нокаутга учраб, мағлуб бўлганди.