Дарахтларни ноқонуний кесганлик учун жарима кескин оширилди

Жамият

image

Ўзбекистонда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунбузарликлар учун жарима миқдори оширилди. Бу ҳақда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунда белгилаб қўйилди.

Ҳужжат билан Жиноят кодексининг 198-моддасига (экинзор, ўрмон ёки бошқа дов-дарахтларга шикаст етказиш ёки уларни нобуд қилиш) тузатиш киритилди. Унга кўра, оловга эҳтиётсизлик билан муносабатда бўлиш натижасида экинзор, ўрмон ёки бошқа дов-дарахтларга шикаст етказиш ёки уларни нобуд қилиш кўп миқдорда зарар етказилиши ёки бошқача оғир оқибатларга сабаб бўлган экологик ҳуқуқбузарликлар учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравардан 100 бараваригача жарима ёки 240 соатгача соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 1 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади (аввалроқ БҲМнинг 50 бараваригача жарима бўлган).

Бундан ташқари, ўрмон ёки бошқа дов-дарахтларни қонунга хилоф равишда кесганлик учун БҲМнинг 100 бараваридан 150 бараваригача миқдорда жарима ёки 240 соатдан 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 1 йилдан 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 1 йилдан 2 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади (аввалроқ БҲМнинг 50 дан 70 бараваригача жарима билан жазоланган).

Экинзор, ўрмон ёки бошқа дов-дарахтларга қасддан шикаст етказиш, уларни пайҳон қилиш, нобуд қилганлик учун БҲМнинг 150 бараваридан 200 бараваригача жарима 300 соатдан 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 2 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади (аввалроқ БҲМнинг 75 дан 100 бараваригача жарима билан жазоланган). Ушбу санкциялар БҲМнинг 300 бараваридан 500 бараваригача бўлган зарар етказилганда қўлланилади.

Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ҳам ўзгартиришлар киритилди, хусусан, 162-моддада кўрсатилган жавобгарлик 79-моддага киритилди. Дарахтлар, буталар, бошқа ўрмон ўсимликлари ва ниҳолларни ғайриқонуний равишда кесиш, шикастлантириш ёки йўқ қилиш ҳуқуқбузарлигини қайта содир этганлик учун жарима миқдори оширилди — жисмоний шахслар учун БҲМнинг 20 бараваридан 30 бараваригача, юридик шахслар учун эса БҲМнинг 20 бараваридан 30 бараваригача этиб белгиланди, шунингдек улардан ҳуқуқбузарлик содир этишда фойдаланилган қурол мусодара қилинади.

Ҳужжат билан, шунингдек, юридик шахсларга қарашли ёки бириктирилган ҳудудларда дарахтларни муҳофаза қилиш ва асраб-авайлаш чоралари кўрилмаганлиги учун жавобгарлик жорий этилди — мансабдор шахслар учун жарима миқдори БҲМнинг 10 бараваридан 20 бараварича бўлади.

Аввалроқ, мазкур қонун билан белгиланмаган жойга қаттиқ маиший чиқинди ташлаганлик учун жарима миқдори оширилгани ҳақида хабар берган эдик.


Мақола муаллифи

Теглар

дарахт

Баҳолаганлар

46

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг