Данияда аёллар учун мажбурий ҳарбий хизмат жорий этилди

Олам

image

Кеча, 1 июлдан бошлаб Дания фуқароси бўлган аёллар ҳарбий рўйхатда туриши ва зарурат туғилганда муддатли ҳарбий хизматни ўташи шарт бўлган тартиб кучга кирди. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.

Янги тартибга кўра, ҳарбий хизматга чақиришда аввало ҳар икки жинс вакиллари бўлган кўнгиллиларга устуворлик берилади. Қолган ўринлар эса махсус “лотерея” асосида, жумладан, аёллар иштирокида тақсимланади.

Бунгача Дания аёллари фақат кўнгилли асосда ҳарбий хизматни ўташи мумкин эди. Шунингдек, чақириқ асосидаги хизмат муддати ҳам ўзгартирилиб, илгари тўрт ой бўлган бўлса, энди бу муддат 11 ойгача узайтирилмоқда, шундан 5 ойи ўқув-тайёргарлик босқичига ажратилади.

BBC хабарига кўра, бу ўзгаришлар Даниянинг НАТО аъзоси сифатидаги ҳарбий харажатларни ошириш мажбуриятлари билан боғлиқ. Европадаги хавфсизликка таҳдидлар кескин ортган бир пайтда Дания мудофаа салоҳиятини кучайтиришга интилмоқда. “Associated Press” эса бу ислоҳотни Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши билан боғлиқ деб баҳолайди.

Дания ҳарбий хизматга чақирув дастури раҳбари полковник Кеннет Стромнинг сўзларига кўра, чақирилувчилар сонининг ошиши мамлакатнинг ҳарбий салоҳиятини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

BBC маълумотига кўра, 2024 йилда Данияда тўрт ойлик муддатли хизматни 4700 нафар фуқаро ўтаган, уларнинг деярли 24 фоизи аёл кўнгиллилар бўлган. Янги тартибга кўра, 2033 йилгача бу кўрсаткични йилига 6500 нафарга етказиш режалаштирилган. Данияда, шунингдек, 9000 га яқин профессионал ҳарбий хизматчи мавжуд.

Маълумот учун, Норвегия аёллар учун ҳарбий мажбуриятни 2013 йилда, Швеция эса 2017 йилда жорий этган.

Эслатиб ўтамиз, Дания Мудофаа вазири Троэльс Лунд Поульсен жорий йилнинг  март ойида мамлакат ҳукумати аёллар учун мажбурий ҳарбий хизматни жорий этишини маълум қилган эди. Дания Қуролли кучлари штабининг амалдаги бошлиғи Майкл Хилдгард ҳам ушбу чора мудофаа учун зарурлигини таъкидлаган.


Мақола муаллифи

Теглар

ҳарбий хизмат аёллар Дания

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг