Даҳшат! 2021 йилда уруш ва зўравонликлардан қочган одамлар сони 8 фоизга ошди

Олам 3137
image

2021 йилда дунёда урушлар ва зўравонликлардан қочган одамлар сони 8 фоизга ўсиб, 89,3 миллион кишини ташкил этди. Бу маълумотлар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар бўйича Олий комиссари бошқармасининг (ҚОКБ) бугун, 16 июнь куни эълон қилинган ҳисоботида келтирилган.

“Ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлганлар сони сўнгги ўн йилликда йилдан-йилга ўсиб бормоқда ва ҳозирда энг юқори даражага етди. 2021 йил охирига келиб урушлар, зўравонликлар, таъқиблар ва инсон ҳуқуқлари бузилишидан қочганлар сони 89,3 миллион кишига етди, бу ўтган йилга нисбатан 8 фоизга ва ўн йил аввалги кўрсаткичдан икки баравар кўпдир” дейилади ҳисоботда.

Ўтган йилнинг охирида Ернинг ҳар 88-аҳолиси мажбурий қочқин бўлган. 2012 йилда бу нисбат 167 кишига биттани ташкил қилган. Ҳисоботга кўра, 2021 йилда дунёда 27,1 миллион қочқин, 4,6 миллион бошпана изловчи, 53,2 миллион ички кўчирилганлар ҳисобга олинган. Бундан ташқари, БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги ўз ватанини тарк этган 4,4 миллион венесуэлаликларга ёрдам кўрсатган, улар статистикада алоҳида тоифа сифатида белгиланган.

Туркия ўтган йили энг кўп қочқинни қабул қилган – тахминан 3,8 миллион. Ундан кейин Уганда (1,5 миллион киши), Покистон (1,5 миллион) ва Германия (1,3 миллион) қочқинларга энг кўп бошпана берган. Бироқ, жон бошига ҳисобланганда, 2021 йил охирида қочқинларнинг энг юқори улуши Ливанда қайд этилган, у ерда мамлакатнинг ҳар саккизинчи аҳолисидан бири бундай мақомга эга. Иккинчи қаторни Иордания (ҳар бир 14-резидент), учинчи ўринда Туркия (ҳар 23-резидент) эгаллаган. Ўз ватанларидан ташқарида 6,8 миллион суриялик, 4,4 миллион венесуэлалик, 2,7 миллион афғон ва Мянмадан келган 1,2 миллион киши бошпана топган.

2021 йил давомида 5,7 млндан ортиқ одам ўз яшаш жойига қайтган, жумладан, 5,3 млн ички кўчирилганлар ва 429,3 минг қочоқлар.

Қайд этиш керакки, бу рақамларга ҳали Укаинадаги уруш сабаб уйини тарк этган қочоқлар киритилмаган. Хусусан, БМТ маълумотларига кўра, Россиянинг Украинага ҳужуми натижасида 4,3 миллион украиналик мамлакатни тарк этган, 7,1 млн нафари эса мамлакат ичида кўчишга мажбур бўлган.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 15
Рейтинг: 3.1
Теглар
t
×