COVID-19 ва жаҳон – сўнгги 24 соат ичида қандай ҳодисалар юз берди?
Олам
−
15 Апрель 2020
9287Сўнгги 24 соат ичида дунёда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ қандай янгиликлар бор? Қандай воқеа-ҳодисалар юз берди? Буларнинг бари QALAMPIR.UZ’нинг 15 апрель кунги дайжестида.
Дунёда 1 981 239 киши айни дамда коронавирусга чалинган. Вафот этганлар сони эса 126 681 кишини ташкил этмоқда. Инфекциядан шифо топаётганлар сони ортган. Сўнгги маълумотларга кўра, 486 000 атрофида бемор тузалган.
Ўзбекистонда ҳам кўрсаткичлар ўзгарди. 14 апрель соат 23:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 1165 нафарни ташкил қилмоқда. Бугунгача беморларнинг 99 нафари соғайди, 4 нафари вафот этди. Айни вақтда мавжуд беморлар сони 1062 нафарни ташкил этмоқда.
Қозоғистонда коронавирус билан касалланганлар сони 29 нафарга кўпайди. Мамлакатда умумий ҳисобда инфекция билан боғлиқ 1261 та ҳолат қайд этилган. Беморларнинг энг кўпи Олма-ота шаҳрига (364), пойтахт Нур-Султонга (291) ва Қарағанда вилоятига (80) тўғри келмоқда.
Туркия Ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушоғлунинг маълум қилишича, Анқара БМТ Хавфсизлик Кенгашининг коронавирус тарқалиши атрофидаги вазиятга кечиктирилган жавобини кўриб чиқади ва уни эрта ислоҳ қилишга чақиради. “Ўйлашимча, Хавфсизлик Кенгаши COVID-19 га кеч муносабат билдирди. Улар пандемия рўй берганидан деярли 4 ой ўтгач, уни муҳокама қилиш учун йиғилишди. Бу ақлга сиғмайди!”, деди у. Чавушоғлунинг фикрича, коронавирус билан боғлиқ вазият, шунингдек, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг халқаро муаммоларни, хусусан, Сурия, Ливия ва Яман масаласини ҳал қилишдаги самарасиз тажрибаси, “Хавфсизлик Кенгашига жиддий таркибий ўзгартиришлар киритиш” зарурлигидан далолат беради.
АҚШ Мудофаа вазирлиги барча денгиз ва ядровий кучларини коронавирус синовидан ўтказади, деди Бирлашган штаб бошлиқлари раиси генерал Марк Милли. “Барча кемаларнинг экипажлари 14 кун давомида хавфсиз ҳолатга келтирилади. Ядро стратегик сув ости кемалари ва сув ости флоти, айниқса, ядровий триадага алоҳида эътибор қаратилади”, деди у. Текширишлар тўғрисида қарор Теодор Рузвелт авиа ташувчи кемасида коронавирус тарқалишидан кейин қабул қилинди.
Боливия Президенти Жанин Аньес мамлакатда умумий карантин ва комендантлик соатлари 30 апрелгача узайтирилишини эълон қилди. “Илмий кенгашнинг тавсияларига биноан карантин 30 апрелгача узайтирилади, аммо 7 кундан кейин биз ушбу чораларнинг енгиллаштирилиши масаласини кўриб чиқамиз”, деди у.
Бразиялиялик 99 ёшли Иккинчи жаҳон уруши фахрийси коронавирусдан шифо топди. Эрнандо Армелиндо Пивета 13 апрель куни Бразилиадаги касалхонага коронавирус ташхиси билан қабул қилинган ва кеча, 14 апрель куни унга жавоб берилган. Фахрийнинг тест жавоби чиқишидан аввал, саломатлиги яхшилиги боис шифокорлар унга рухсат берган.
Дунёнинг бошқа мамлакатларида эса қуйидаги ҳолат кузатилмоқда: Молдовияда 15 апрелгача 40 дан зиёд бемор коронавирус туфайли ҳаётдан кўз юмди. АҚШда эса вафот этганлар сони 25 мингдан ошди. Россия пойтахти Москва шаҳрида бу кўрсаткич 106 кишини ташкил этмоқда.
LiveБарчаси