Cоғлом турмушни тарғиб қилганларга 15 млн сўмгача мукофот берилади

Спорт

image

Ўзбекистонда маҳаллаларда соғлом турмушни тарғиб қилганларга 15 млн сўмгача мукофот берилади. Бу ҳақда бугун, 7 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.

Қайд этилишича, яқин 9 йилда мамлакатда 1 774 та замонавий спорт майдончаси ва 200 дан ортиқ йирик спорт иншооти очилган, 4 мингга яқин хусусий спорт клублари ташкил этилган. Шу даврда профессионал спортчилар ва олимпиада терма жамоаси аъзолари сони икки баробарга, паралимпиада спортчилари уч баробарга кўпайди. Ўзбекистон спортчилари халқаро мусобақаларда 452 та олтин, 418 та кумуш ва 501 та бронза медали қўлга киритган.

Видеоселектор йиғилишида мактaблардаги спорт тўгаракларини ташкил этиш ва болаларни жалб қилишдаги камчиликлар танқид қилинди. Масалан, Тошкентда 15 та мактабда спорт тўгараклари номига мавжуд, аммо атиги 3–4 нафар бола иштирок этаётгани маълум қилинди. Шу боис ҳокимларга мактабларда спорт тўгараклари учун шароит яратиш вазифаси қўйилди.

Ихтисослашган спорт мактаблари ҳам оддий мактаблардан фарқ қилмаётгани танқид қилинди. Термиз шаҳридаги 4 та ихтисослашган мактаб натижаси Жарқўрғондаги ягона спорт мактаби билан солиштирилганда пастлиги аниқланган. Мураббий ва директорларнинг маоши спорт натижасига боғлиқ бўлиши тавсия қилинган.

Олий таълим муассасаларида спорт йўналиши ҳам етарли даражада ривожланмаган. Шу билан бирга, Термиз давлат университети тажрибаси ижобий баҳоланган: университет 4 та клуб ташкил қилиб, 5 минг талабани 18 та спорт турига жалб этган ва халқаро мусобақаларда 18 та медал қўлга киритган. 207 та олийгоҳ ректорларига ушбу тажрибани ўрганиш ва спорт бўйича йиллик режа ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган.

Жиззах, Навоий ва Сурхондарё каби ҳудудларда мавжуд спорт инфратузилмасидан тўлиқ фойдаланилмаётгани қайд этилган. Спортчиларни жароҳатдан тиклаш ва профилактика асосан хорижда амалга оширилаётгани таъкидланиб, эндиликда ихтисослашган тиббиёт марказлари спорт федерациялари билан ҳамкорликда спортчилар саломатлигини ҳар ойда кузатиб бориши уствор вазифа этиб белгиланган. Шунингдек, янги ўқув йилидан Тошкент тиббиёт университети ва Фармацевтика институтида спорт ва соғлом овқатланиш мутахассислари тайёрлаш бошланиши маълум қилинган.

Йиғилишда федерациялар ва тадбиркорлар ҳамкорлиги ҳам муҳокама қилинган. 26 та федерацияда бош котиб ва бошқарув кадрлари таҳлил қилинади, фаолиятга лаёқатсизлар алмаштирилади. Уларнинг спортга ҳомий жалб қилмаётгани кескин танқид қилинган.

Йиғилишда қайд этилишича, маҳаллада спорт қамрови ва аҳолининг саломатлиги яхшиланса, волонтёр ва маҳалла раисига йил якунида 15 млн сўмгача, мураббийга эса 200 фоизгача ойлик устама берилади.

Рамазон Усанов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Ўзбекистон мукофот Cоғлом турмуш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг