Coca-cola’нинг давлат улуши сотилиши бўйича изоҳ берилди

Жамият 5110
image

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 октябрдаги “Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонининг 3-иловасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 7 июлдаги фармойишига асосан, “Coca-cola Ichimligi Uzbekiston, Ltd” МЧЖ (кейинги ўринларда - Компания) устав капиталидаги давлат улушини хусусийлаштиришдан олдин тайёрлаш орқали сотиш белгиланган.

Монополияга қарши курашиш қўмитасига кўра, компаниядаги давлат улушини сотишнинг халқаро амалиёт қоидаларига мувофиқ, шаффоф тарзда ташкил этиш мақсадида, “Rothschild & Co” инвестиция банки молиявий маслаҳатчи сифатида, “Dentons” юридик фирмаси юридик маслаҳатчи сифатида танлаб олинган. Шунингдек, компаниянинг молиявий ва солиқ масалаларини ўрганиш учун “KPMG” халқаро компанияси жалб қилинган.

Маълум қилинишича, компаниядаги давлат улушини савдога чиқариш учун белгиланган талаблар компания фаолиятини тартибга солувчи таъсис ҳужжатлари ва бошқа ички меъёрий ҳужжатлар талабларини, компания фаолиятининг ўзига хос жиҳатларини инобатга олишни тақозо этган. Шунга кўра ҳамда Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилиги талабларидан келиб чиқиб, компаниядаги давлат улушини ошкора сотув механизми асосида савдога чиқариш бўйича Давлат тендер комиссиясининг 2020 йил 15 декабрдаги 5-сон қарори қабул қилинган.

Компаниядаги давлат улушини ошкора сотув механизми орқали савдога чиқариш бўйича ҳужжатлар Қўмита томонидан ўрганиб чиқилган.

Хабарга кўра, бугунги кунда ошкора сотув механизмининг биринчи босқичида компаниядаги давлат улушини сотиб олиш бўйича кўплаб талабгорлардан таклифлар келиб тушган бўлиб, Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан кўриб чиқилмоқда.
 
Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрисида”ги Қонуни талабларига асосан Монополияга қарши курашиш қўмитаси ваколати доирасида савдо жараёнларини очиқ ва шаффоф ўтказилиши тарафдори эканлигини ҳамда бу жараёнларда қонунчилик талаблари асосида ҳаракатларни амалга ошираётганини билдирган.

Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 100
Рейтинг: 3.1
t
×