“Сизларга таъзим қиламан”. Президент оилавий болалар уйи ташкил этганлар билан учрашди

Жамият 9357
image

Бугун, 21 апрель куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев оилавий болалар уйи ташкил этган ота-оналар билан учрашди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, давлат раҳбари Қашқадарёга сафари чоғида оилавий болалар уйи ташкил қилган меҳрибон инсонлар — Ҳусан Холлиев ва Гулбаҳор Хонимова, Шокир Суюнов ва Гулбаҳор Ҳамидова, Бахтиёр Тўраев ва Гулбаҳор Алланазарова оилалари билан учрашган.

“Давлатимиз сиёсатини амалга ошириб, болаларнинг бошини силаб, оилангиз бағрига олганингиз учун сизларга таъзим қилиб, раҳмат айтаман. Сиз ўзлигимизни, халқимиз маънавиятини намоён этиб, намуна бўляпсиз. Бу қийин, буни ҳамма ҳам тушунмаслиги мумкин. Лекин бу савоб ишнинг ажру мукофоти жуда улкан. Сиз тарих яратяпсиз, ўзингизга маънавий ҳайкал қўйяпсиз. Халқимиз бундай олийжаноб фазилатларни юксак қадрлайди”, деган Мирзиёев.

Шу билан бирга Президент болажонларга ҳам мурожаат қилиб, далда берган.

“Ҳаёт ўнқир-чўнқир, синовлардан иборат. Ҳозир сизлар учун синов. Лекин, мен ишонаман, келажакда тенгдошларингга ўрнак бўласиз. Меҳнат, машаққатсиз муваффақиятга эришиб бўлмайди. Мен ҳам болалигимда қийинчилик кўриб, катта бўлганман. Сизлар ҳар доим давлатимизнинг эътиборида бўласиз: таълим-тарбиянгиз, ўқишларга киришингизни назоратга оламиз. Худо хоҳласа, камолингизни кўриш ҳаммамизга насиб этсин”, дея таъкидлаган давлат раҳбари.

Маълумот учун, Қашқадарё вилоятида жами 16 та оилавий болалар уйлари ташкил этилган бўлиб, уларда 98 нафар ўғил-қиз меҳр оғушига олинган. Китоб туманидаги 5-сон ва Қамашидаги 4-сон Меҳрибонлик уйлари ёпилган. У ерда тарбияланганларнинг бир қисми яқинлари бағрига қайтган бўлса, бир қисми оилавий болалар уйларига қабул қилинган.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 149
Рейтинг: 3.2
t
×