Чўчқа, парранда гриппи, коронавирус... Дунё қандай касалликларга мезбонлик қилди?

Олам 4299
image

Дунё яралгандан буён қанчадан-қанча урушлар, қирғинлар, оғир хасталиклар, вирусларга мезбонлик қилмади дейсиз. Дунё аҳолиси Янги йилни яна бир вирус билан қаршилади. Чегара билмас хасталик Хитойда “туғилиб” кун сайин бутун дунёга қулоч ёймоқда. Бир тарафдан қарасак, пешонамизда борини кўрамиз деймиз. Бошқа тарафдан эса, жон ширин. Аслида биз қанча-қанча хасталикларни бошдан кечирдик. Ҳали парранда гриппи, ҳали чўчқа гриппи... Санасангиз адоғи йўқдек. Қуйида XXI асрда дунёга хавф туғдирган вирусларни ёдга оламиз. 

Парранда гриппи. Бу вирус асримиз бошида аниқланган дунё ҳамжамияти учун энг хавфли дастлабки касаллик ҳисобланади. Грипп дастлаб Италиянинг Турин шаҳридаги фермер хўжалигида аниқланган. 

Кейинчалик бутун Европа бўйлаб тарқалган бу вирус билан 337 нафар одам зарарланган, уларнинг 227 нафари вирус сабаб вафот этган.

Вируснинг баъзи штаммлари одамлар учун патоген ҳисобланади ва юқори даражада ўлимга олиб келадиган оғир касалликдир. Парранда гриппи иситма, ич кетиши, қусиш, катарал синдром, бурун ва милкларнинг қонаши, кўкрак қафасидаги оғриқлар, пневмония, ўткир нафас етишмовчилиги, ўпка шиши билан бирга кечади. Парранда гриппи ташхисини тасдиқлаш учун ИФА, ПЗР, вирусологик тадқиқотлар, кўкрак қафаси рентгенограммаси каби тадқиқот усуллари қўлланилди. 

Вирус билан боғлиқ ўлим ҳолати охирги марта 2014 йил Канадада қайд этилган.

Чўчқа гриппи. (А/H1N1) Чўчқа гриппи АҚШ, Мексика, Канада, Жанубий Америка, Европа, Кения, Хитой, Тайван, Япония ва бошқа мамлакатлардаги уй чўчқалари орасида кенг тарқалган. Бундан ташқари, вирус одамлар, қушлар ва бошқа жонзотлар муҳитида тарқалиши мумкин.

“Чўчқа гриппи” номи 2009 йил бошида оммавий ахборот воситаларида пандемияга қарши кенг тарқалган эди.

Асосий симптомлар одатдаги грипп белгилари билан мос келади – бош оғриғи, иситма, йўтал, буруннинг оқиши. Шунингдек диарея, қусиш ва қорин оғриғи ҳам пайдо бўлади.

Умумий ҳисобда бу грипп билан 255716 та одам касаллаган, улардан 2627 таси касаллик сабаб вафот этган. Вирус 140 мамлакатда қайд қилинган.

Бу касаллик аниқланганда, бемор дарҳол касалхонага ётқизилиши талаб қилинади. Доимий равишда ниқоблардан фойдаланилади (ҳар 4 соат алмаштирилади) Витамин А, Б, C таркибли дорилар қабули ва медикаментоз даво (антибактериал, антивирус, иммуноформацияловчи воситалар) чоралари корилади. Шунингдек бемордан кўп суюқлик ичиши ва дам олиши талаб қилинади. Одатда даволаш курси 5 кун давом этади.

Холера (Вабо). Бу касаллик Вибрио холера бактериялари келтириб чиқарадиган ўткир ичак инфекцияси, ошқозон-ичак трактининг шикастланиши, сув-туз алмашинувининг бузилиши ва сувсизланиш билан тавсифланади. У ифлосланган сув ва озиқ-овқат орқали тарқалади ва ёмон санитария ва тоза ичимлик сувининг етишмаслиги билан чамбарчас боғлиқ. 

Вабо қадимги замонлардан ХХ асрнинг ўрталарига қадар тез-тез такрорланиб турган. Вабо энг хавфли юқумли касалликлардан бири бўлиб қолмоқда. ХХ асрда олтита кетма-кет пандемия дунё бўйлаб бир неча миллион одамнинг ҳаётига зомин бўлди. Еттинчи эпидемия 1961 йилда Жанубий Осиёда бошланиб, 1971 йилда Африкага ва 1991 йилда Америкага тарқалди. Ҳозирги вақтда касалликнинг алоҳида ҳолатлари ва тарқалиши ривожланаётган ва камбағал мамлакатларда, айниқса, оммавий табиий офатлар пайтида рўй бермоқда. Шундай қилиб, 2010 йил январь ойида Гаитидаги вайронагарчилик зилзиласидан кейин вабо қурбонлари сони 7,5 мингдан ошди, 2011 йил январь ойида Гаитидан вабо Венесуэла, Доминикан Республикаси, Испания, АҚШ ва Мексикага, 2012 йилда эса Кубага етиб борди.

ЖССТ маълумотларига кўра, ҳар йили 3 миллиондан 5 миллионгача вабо касаллиги учрайди, уларнинг 100 мингдан ортиғи ўлимга олиб келади. Ушбу касалликнинг олдини олиш учун икки хил вакциналар қўлланилади. 

Эбола. Эпидемия 2013 йил декабрда Гвинеяда бошланди ва кейин Либерия ҳамда Серра-Леонега тарқалди. Эпидемия кичикроқ кўламда Нигер ва Сенегалда ҳам ёйилди, аммо бу мамлакатларда уни тўхтатишга эришилди. 

Касалликнинг симптомлари вирус юққанидан 2 кундан 3 ҳафтагача бўлган муддатда бошланади. Одатда ҳарорат кўтарилиши, томоқ оғриши, мускуллар ва бош оғриши кузатилади. Бундан кейин қусиш, ич кетиши ва аллергиялар ҳамда жигар ва буйраклар ишлашининг сусайиши кузатилади. Бу пайтга келиб беморда ҳам ички, ҳам ташқи қон кетиш бошланиши мумкин. Агар бемор ҳалок бўлса, у одатда симптомлар бошланганидан кейин 6 кундан 16 кунгача бўлган муддатда, асосан кўп суюқлик йўқотиш сабаб келиб чиққан паст қон босими туфайли ўлади.

Эпидемия кенг тарқалган кўпгина ерда аҳоли ўта қашшоқ яшайди ва уларга касаллик тарқалишининг олдини олиш учун совун ва тоза сув етишмайди. Бундан ташқари, анъанавий тиббиётга ишониш ва ҳалок бўлганлар жасадини ювиш каби удумлар ҳам эпидемия билан курашишни қийинлаштирди. Баъзи шифохоналарда дори-дармон ва ишчи сони етарли эмас. 2016 йилнинг август ойида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳалок бўлганларнинг 10 %и тиббиёт ходимлар экани ҳақида хабар берган. 

2016 йилга келиб умумий 25000га яқин инсон шу касалликка чалингани қайд қилинган. Уларнинг 10 000га яқини вирус сабаб вафот этган.

Коронавирус. 2020 йилнинг дастлабки ойида Хитойнинг Ухан шаҳрида жойлашган ҳайвонлар бозорида келиб чиққан бу вирус ҳозирда бутун дунёни чексиз ташвишга солмоқда. Вирус келиб чиқиши ҳақида турли гап-сўзлар тарқалмоқда. 

Вирусга чалиниш ҳолатлари ХХР ҳудудидан ташқарига чиқиб, бошқа хорижий давлатларда ҳам кузатилган.

Коронавирус қурбонлари сони соат сайин ортиб боряпти. Бир кун ичида 2019-nCоV вируси сабаб ўлганлар сони 26 нафарга кўпайиб, 132 нафарга етди. Касалланганлар эса 6052 нафарни ташкил қилмоқда

Коронавирусдан тузалганлар ҳам бор. Уларнинг сони ҳозирча 103 кишини ташкил қиляпти.

Маълумот учун, вирус билан касалланиш ҳолатлари Камбожа, Гонгконг, Макао, Тайвань, Таиланд, Япония, Жанубий Корея, АҚШ, Вьетнам, Сингапур, Непал, Франция, Германия, Австралия, Малайзия ва БААда қайд қилинган.
Хитой ҳукумати вирус сабаб Хубэй провинциясидаги 15 га яқин шаҳарни тўлиқ ёки қисман ёпиб қўйди.

ЖССТ хабарига кўра вирусга қарши вакцина 3 ой ичида тайёр бўлади.
 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 139
Рейтинг: 3
t
×