Чорвоқ остида ўликлар. Сув тагидан одам суяклари топилди
Бу қизиқ
−
28 Март 2023
11596Кеча, 27 март куни ижтимоий тармоқларда Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида жойлашган “Чорбоғ” (Чорвоқ) сув омбори қирғоқларида одам суяклари топилгани акс этган видео тарқалди. Ҳолат бўйича Бош прокуратура изоҳ бериб, ҳудудда тарихий қабристон бўлганини маълум қилди. QALAPIR.UZ ҳолатни ўрганиш мақсадида “Чорбоғ” (Чорвоқ) сув оборига борди. Илк хулосаларга кўра суяк қолдиқлари орасида одам суяклари ҳам бор.
Суяклар Бўстонлиқ тумани "Болодала" МФЙ ҳудудидаги “Чорбоғ” (Чорвоқ) сув омборидан топилган. Ҳудудда 135 та хонада 600 дан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Шу вақтгача ушбу маҳаллага уланган сув омборининг қирғоқ қисмидан чўкиб кетган ёки вафот этганлар бўлмаган.
Эксперт-криминалист берган маълумотларга кўра ҳудуддаги барча суяк қолдиқлари йиғилган ва экпертиза қилинади.
“Ҳудуддаги барча суяклар йиғилди. Тахминларга кўра, бу қолдиқлар орасида одам суяклари ҳам бор. Суд тиббиёт экспертизаси ўтказилгандан сўнг аниқ жавоб бериш мумкин. Суяклар орасида ҳайвонга тегишлилари ҳам бўлиши мумкин”, дейди мутахассис.
“Чорбоғ” (Чорвоқ) сув обори муҳандиси Нукриддин Обиддиновнинг QALAMPIR.UZ’га маълум қилишича, бу ҳудудда суяк қолдиқлари топилиши биринчи бор кузатилаётган ҳолат эмас.
“Ҳар йили сув сатҳи пастлаб кетади. Биз бу жойларни тозалаймиз. 2013 йилда сув сатҳи пастлаб кетганида бу ердан майитлар чиқиб келди. Ана ўшанда мозор бўлганини билдик. Сув кўтарилиб, қолган қабрларни ҳам ювиб кетмасин деган мақсадда “стяжка” қилдик. Ҳозир ҳам биз турган ерларнинг тагида қабрлар бўлиши мумкин. Ёши 90 дан ошган қишлоқдошлардан ҳам сўраганимда бу ерда қабристон бўлганидан бехабар бўлишганини айтишди”, дейди муҳандис Нукриддин Обиддинов.
"Болодала" ҳудудида туғилиб, ёшлиги ўтган Обиддинов қўшимча қилиб, “Чорбоғ” ГЭС қурилишидан олдин сув ўрнида одамлар қатнайдиган йўл бўлганини айтди.
“Бу ерлар халқ қатнайдиган йўл бўлган. Сув остида "столба" қолдиқлари ҳамон сақланиб қолган. Қолаверса, катта боғ ҳам бўларди. ГЭС қурилгандан кейин, сув кўпая бошлади ва ҳаммаси сув остида қолди. Лекин ўша вақтларда ҳам бу ерларда қабристон бўлганини эслай олмайман. Катта эҳтимол билан қабристон ундан ҳам олдинроқ бўлган”, дейди Нукриддин Обиддинов.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Бўстонлиқ тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Шунингдек, суд тиббиёт экспертизаси ҳам тайинланади.
LiveБарчаси