“Чиновник”ларнинг бизнес билан шуғулланиши тақиқланади — Президент қарори лойиҳаси

Жамият

image

Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилгани ҳақида хабар берган эдик.

Қарор қабул қилинса, Адлия вазирлиги Бош прокуратура ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2021 йил 1 октябрга қадар:

•    тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши қатъиян тақиқланган давлат органлари ва ташкилотларининг мансабдор шахслари ва ходимларини рўйхатини белгилаш бўйича таклифларни;

•    коррупцияга, шу жумладан манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган ҳолда тузилган шартномаларни ҳақиқий эмас деб топиш, давлат хизматчилари томонидан тадбиркорлик фаолиятида иштирок этишни чеклашни назарда тутувчи қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритади.

2021 йил 1 октябрдан бошлаб барча давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларида мавжуд штат бирликлари доирасида коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти йўлга қўйилади.

Коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари коррупция ҳолатларини барвақт аниқлаш ва олдини олиш, уларнинг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик ҳамда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш чораларини кўриш учун масъул этиб белгиланади.

Шунингдек, коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари раҳбарлари давлат органлари ва ташкилотлари томонидан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик) билан биргаликда ўтказиладиган очиқ танлов асосида ишга қабул қилинади, уларни лавозимидан озод этиш масаласи Агентлик билан келишилади.

Агентлик Адлия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти тўғрисидаги намунавий низомни тасдиқлайди.

2021 йил 1 авгyстдан бошлаб, давлат харидлари соҳасида шаффофлик ва қонунийликни таъминлаш, коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида давлат харидлари соҳасида ўтказилаётган тендер (танлов)ларнинг натижаларини мажбурий тарзда очиқ эълон қилиш амалиёти жорий этилади.

Молия вазирлиги Агентлик, Адлия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда давлат харидлари доирасида тузиладиган шартномаларда акс эттирилиши лозим бўлган коррупцияга қарши шартларни ишлаб чиқади ва тендер (танлов) шаклида ўтказиладиган давлат харидларида ҳамкорларни текшириш тартибини белгилайди.

Агентлик 2021 йил 1 декабрдан бошлаб ҳар йил якуни бўйича барча давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан маҳаллий давлат ҳокимияти органларида йўлга қўйилган коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини баҳоловчи рейтингни эълон қилиш амалиётини жорий этади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

159

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг