Чилонзордаги чинор ноқонуний кесилган – Экология қўмитаси

Жамият 2019
image

Айни кунларда ижтимоий тармоқлар орқали Тошкентнинг Чилонзор тумани Гагарин кўчасида ноқонуний дарахт кесилиши билан боғлиқ хабарлар тарқалди.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат инспекциясининг маълум қилишича, Тошкент шаҳар экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан мазкур масала юзасидан ўрганиш ўтказилган.

Маълум бўлишича, Чилонзор туман ободонлаштириш бошқармаси томонидан аҳолининг кўп сонли мурожаатларига асосан юқорида баён этилган манзилда қуриган дарахтларни санитар кесиш юзасидан хулоса тақдим этиш тўғрисида мурожаат қилинган. Мазкур мурожаат жойига чиқиб ўрганилган ҳамда фуқароларнинг соғлиғи ҳамда юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулкига зарар етказилишининг олдини олиш мақсадида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган, олтита қуриган ҳамда касалланган дарахтларга хулоса берилган.

Кеча, 18 ноябрь куни Давлат экология қўмитаси, Тошкент шаҳар экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси, Чилонзор тумани Ободонлаштириш бошқармаси ҳамда жамоатчилик вакилларидан иборат гуруҳ ҳолат жойига чиқиб, баён этилган масалани жойида ўрганган.

Давлат экология қўмитаси ўрганиш якунларига мувофиқ олтита дарахт табиий омиллар таъсирида зарарланиб, қуриган дарахтлар қонуний кесилганлигини, шунингдек, бир дона чинор дарахти Чилонзор тумани Ободонлаштириш бошқармаси ходимлари томонидан ноқонуний кесилганлигини маълум қилган.

Айни дамда ноқонуний кесилган дарахт юзасидан ҳужжатларни расмийлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Ўсимлик дунёсига келтирилган зарар 42,9 млн сумни ташкил этди. Ушбу зарарни ундириш учун ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этиш учун тайёрланмоқда.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 44
Рейтинг: 3.2
Теглар
t
×