Чикаго мафияси “қироли”. Аль Капоне жиноий империясининг интиҳоси (2-қисм)

Бу қизиқ

image

“Баъзилар йўқотишлардан қўрқишади. Эҳтиёткорлик билан ўйнасангиз, албатта, мағлуб бўласиз
“Мафия отаси” Аль Капоне


1986 йил. Америка телевидениеси тарихдаги энг юқори рейтингга эга дастурлардан бирини намойиш этаётган вақт. Икки соатли жонли эфирни 34 миллиондан ортиқ инсон томоша қилаётган эди. Сизнингча, бу кўрсатув нима ҳақда бўлган: cпорт ўйиними ёки сиёсий дебат? Йўқ, бундай эмас. Томошабинлар чикаголик таниқли гангстер Аль Капоненинг тунги клубидаги махфий хонаси эшигининг очилишини диққат билан кузатиб туришган.

Куни кеча эълон қилинган “Чандиқ юзли “мафия отаси”. Аль Капоне жиноий империясини қандай қурган?” номли мақоланинг 1-қисми ўқувчилар орасида катта қизиқишга сабаб бўлди. Бугун яна қоронғилик дунёсига саёҳат қилиб, Америка тарихидаги таниқли мафия сардори Аль Капоне жиноий империясининг интиҳоси ҳамда гангстернинг аянчли тақдири ҳақида сўз юритамиз.

Севишганлар кунидаги қирғин

Альфонсе Чикагода ўз ҳукмронлигини ўрнатиш учун кўплаб гангстерлар билан жиддий уруш олиб борди. Беш йил ичида 200 дан ортиқ мафия сардори йўқ қилинди.

Айнан Капоне одатий бўлган тўппончаларни енгил автоматларга, сўнгра пулемётларга алмаштириш ғоясини ўйлаб топди. Шунингдек, унинг хоҳиши билан автомобилга ўтирган инсон калитни бураши билан осмону фалакка учиб кетган.

Аль Капоне ўзининг энг асосий душманини йўқ қилиш учун бир айёрона режа тузиб, қирғин уюштирди. Бу қирғин 1929 йил 14 февраль санасида бўлиб ўтди. Бу воқеа “Авлиё Валентин куни қатлиоми” деган ном билан тарихда қолди. Қирғин Чикагодаги жиноий тўдаларнинг виски сақланадиган ертўласида юз берди. Капоне ўзининг асосий рақиби бўлган гангстер Багс Моранни келишув учун бир виски сақланадиган ертўлага таклиф қилган. Учрашувга Моран тўдасининг етти нафар аъзоси келган. Музокара бўлиб ўтаётган вақтда Аль Капоненинг одамлари полиция кийимида ертўлага бостириб киришди. Уларни кўрган рақиб тўда вакиллари “қонун ҳимоячилари”га қаршилик кўрсатмади ва қўлини бошига қўйиб, деворга тисарилди. Шунда “полициячилар” уларни отиб ташлади.

Бундай даҳшатли қотилликлар бир неча маротаба такрорланган. Бу қирғинлар ортида Капоне турганлиги барчага аён эди. Бироқ Аль Капонени айблаш учун аниқ далиллар бўлмаган. Шунинг учун гангстер ва унинг одамлари жазодан қутулиб қолишган. Бу эса мафия сардорининг қанчалик қўли узунлигини исботлайди. Шундай қилиб, Альфонсе Чикагода ирланд, рус ва мексикан тўдаларини йўқ қилиб, шаҳарда ўзининг якка империясини яратди.

“Cosa Nostra” тўдасининг ташкил этилиши

1929 йилнинг қонли февраль қирғинидан сўнг Аль Капоне Америкадаги мафия оилаларининг барча раҳбарларини Атлантик-Сити шаҳрига таклиф қилди. Учрашувга Меер Ланскининг тўйи сабаб бўлди. Таклифга биноан Американинг барча мафия раҳбарлари Атлантик-Ситида йиғилди.

1929 йилнинг 13 майидан 16 майигача давом этган ўзига хос конференцияда Чикаго “қироли” оилалар ўртасида ўзаро ҳамкорлик қилиш ва урушга барҳам беришни таклиф қилди. Бундан ташқари, Аль Капоне “қуруқ қонун” (АҚШда 1920 йилда спиртли ичимликларни ишлаб чиқариш ва сотишга қарши жорий этилган қонун) тез орада бекор қилиниши мумкинлигини айтди. Агар “қуруқ қонун” бекор бўладиган бўлса, асосан, мафия тўдалари шуғулланувчи спиртли ичимлик бизнеси қулаб тушар эди. Буни яхши тушунган Чикаго “қироли” бизнеснинг янги йўналишларини кашф этиш зарурлигини айтди. Шунда йиғилишга келган Нью-йорклик Лаки Лучано барча оилаларни бирлаштириш ғоясини илгари сурди. У мафия оилалари ўртасидаги мавжуд тартибни ўзгартириш кераклигини ва жиноий тўдалар ўртасида янги ҳокимиятни жорий этишни таклиф қилди. Бу ғояни бошқа оила раҳбарлари ҳам қўллаб-қувватлади. Шундан сўнг мафия гангстерлари якуний қарорни қабул қилишди.

Қарорга кўра, биринчи навбатда Америкадаги барча итальян мафия оилалари “Cosa Nostra” номи остида бирлаштирилди ва Олий Кенгаш тузилди. Кенгашга барча жиноий гуруҳ раҳбарлари аъзо бўлди. Кенгашнинг вазифаси ўзаро низоларни ҳал қилиш ва бегона тўдалар билан алоқа ўрнатишдан иборат бўлди. Бундан ташқари, йиғилишда ҳудудлар оилалар ўртасида тенг тақсимлаб олинди. Шундай қилиб, Америкада Сицилия қонунлари асосида “Cosa Nostra” мафия тўдаси пайдо бўлди. 

“Cosa Nostra” мафия оиласини Олий Кенгаш томонидан овоз бериш орқали сайланган Дон (итальянчада “Художўй ота”) бошқарган.

Аль Капоне империясининг қулаши

Ўтган асрнинг 30-йилларига келганда Аль Капоне ўзидан анча кучли душманга дуч келди. 1929 йилги АҚШ президентлик сайловида Герберт Гувер ғолиб бўлди. Ҳокимиятни ўз қўлига олган Гувер мамлакатдаги мафия тўдаларига қарши уруш бошлади. Президент Чикагодаги воқеалар бўйича ёпиқ йиғилиш ўтказди. Унда маҳаллий амалдорларнинг пора олиши ва Чикаго полициясининг сирлари фош бўлди. Герберт Гувер Аль Капонени қандай бўлмасин қамоққа тиқиш йўлини излади. Бунинг учун Элиот Несс бошчилигидаги махсус гуруҳ Чикагога жўнатилди. Аввалига Аль Капоне ўзига нисбатан очилган урушга аҳамият бермади. У Элиот Нессга пора таклиф қилиб кўрди. Бироқ у пулни рад этди. 

Бир куни Капоне Филадельфиядан уйига қайтаётганда ёнида ноқонуний қурол сақлагани учун ҳибсга олинди. Бу Капоненинг кетма-кет ўн учинчи марта ҳибсга олиниши эди. Адвокатларнинг саъй-ҳаракатларига қарамай, Чикаго “қироли” бир йил қамоқ жазосига ҳукм қилинди. 

Аль Капоненинг қамоқхонадалигидан фойдаланган Элиот Несс гангстерга тегишли бўлган ўттиздан ортиқ ноқонуний виски заводларини, кўплаб омборларни йўқ қилишга муваффақ бўлди. Капоне қамоқдан чиққач, Чикаго полицияси уни биринчи рақамли жамоат душмани сифатида қайд этди. Лекин бу ҳали ҳаммаси эмас эди.

Аль Капоненинг сахийлиги

1929 йил 24 октябрда АҚШ фонд бозори қулаб тушди. Мамлакатда буюк депрессия даври бошланди. Шаҳарлар қашшоқ, ишсиз америкаликларга тўлиб кетди. Шунда Аль Капоне муҳтожлар учун бепул овқатланадиган хайрия ошхоналарини ишга туширди. Аммо бу саҳоватпешалик уни қамоқдан сақлаб қололмади.

Қамоқ

Шахсан Президентнинг буйруғига кўра, бир гуруҳ солиқчилар мафия отасининг “нозик жойи”ни излашга тушди. Бу гуруҳ “Тегиб бўлмайдиганлар” деб ном олган бўлиб, баъзан уларга қонундан ташқарига чиқишга рухсат берилган. Ўша вақтга келиб, АҚШ ҳукумати солиқ масаласида янги қонунни жорий қилди. Бу қонун мафия тўдаларини йўқ қилиш учун ўйлаб топилган эди. Унга кўра, ноқонуний равишда даромад топаётган ҳар бир тадбиркор давлатга солиқ тўлаши шарт этиб белгиланди ва бунга бўйсунмаганлар жиноий жавобгарликка тортилди.

Вақт ўтиши билан Аль Капоне бизнесининг бир қисмини қонунийлаштиришга ҳаракат қилди ва ҳатто, давлатга солиқ тўлашни бошлади. Лекин ҳукумат ундан пул олишни эмас, балки уни йўқ қилишни кўзлаган эди. Аль Капонени қўлга олиш учун бир нечта агентлар тўдага киритилди. Уларнинг вазифаси Капоненинг бухгалтерия сирларини фош этиш бўлган. Чунки мафия отаси расмий равишда ҳеч қандай мол-мулкка эга бўлмаган. Ҳатто, унинг банкда ҳисоб рақами ҳам йўқ эди. 

Охир-оқибат федераллар Капоненинг ишончли одами бўлган адвокатни ўз томонларига оғдириб олишди. Бунинг натижасида гангстернинг барча бухгалтерия сирлари фош бўлди. 1931 йилда Аль Капонега нисбатан ҳақиқий айблов эълон қилинди. У қотиллик ёки “рэкет” учун эмас, балки солиқ тўламагани учун жавобгарликка тортилди.

Капоненинг адвокати мижозига нима таҳдид солаётганини яхши тушуниб, уни айбига иқрор бўлишга чақирди. Агар гангстер айбига иқрор бўлса, прокуратура уни икки йилга озодликдан маҳрум қилишини билдирди. Аль Капоне айбини тан олди. Бироқ суд уни 10 йил озодликдан маҳрум этиб, 250 минг доллар жаримага тортди. Бу ҳам етмаганидек, судья Капоне судга ҳурматсизлик қилгани учун унга қўшимча бир йил қўшиб берди. Барча ҳайратда қолди. Ўшанда Аль Капоне эндигина 33 ёшга тўлган бўлиб, бу унинг учун интиҳо бўлди.

Мафия сардорининг вафоти

Гангстер АҚШдаги энг қаттиқ тартиб ҳукмрон бўлган Алькатрас қамоқхонасига юборилди. Қамоқхонадаги оғир шароит “мафия отаси”нинг соғлиғига ёмон таъсир кўрсатди. Бундан ташқари, Капоне ҳар доим маҳбуслар томонидан ҳужумга учради. Бунинг оқибатида ундаги сифилис касаллиги кучайиб, гангстер ақлдан оза бошлади. 1939 йилнинг охирида Аль Капоне суд томонидан соғлиғидаги муаммолар сабабли озод қилинди. Озодликка чиққач, мафия сардори даволанишга ҳаракат қилди, бироқ жуда кеч эди. Гангстерни текширган психиатрлар “у интеллектуал ривожланиши жиҳатидан 12 ёшли бола даражасида” деган хулосага келди.

Капоне ҳаётининг сўнгги саккиз йилини оиласи билан ўтказди. Шу вақт мобайнида у жиноий ишларда умуман иштирок этмади.

1947 йилнинг январь ойида Аль Капоне инсультни бошдан кечирди ва бир неча кундан кейин юрак хуружига учради. Бунинг оқибатида Америка жиноят оламининг йирик мафиози Аль Капоне 48 ёшида вафот этди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

537

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг