Чиқиндиларни қайта ишловчи кластерлар ташкил этилади
Жамият
−
10 Август 2020
5409Ўзбекистонда чиқиндиларни қайта ишлашни тартибга солиш бўйича 14 та ҳудуддаги туманлар кесимида алоҳида қарорлар қабул қилиниши ҳамда уларнинг ижроси юзасидан назорат тизими йўлга қўйилиши белгиланди. Бу ҳақда Президент раислигида ўтказилган йиғилишда таъкидланди.
Қайд этилишича, нодавлат сектор чиқиндиларни йиғиш ва қайта ишлашда яхши самара бермоқда. Қаерда шундай корхоналар ишлаётган бўлса, хизмат сифати ҳам юқори, аҳоли ҳам рози. Мисол учун, “Био Техно Эко” компанияси 6 миллион доллардан зиёд кредит ҳисобига 78 та махсус техника ва ускуналар харид қилиб, Термиз шаҳри, Термиз ва Ангор туманларидаги 285 минг аҳолига тозалаш хизмати кўрсатмоқда.
Жойларда шундай лойиҳа қиламан, деган тадбиркорлар кўп. Шундан келиб чиқиб, мутасаддиларга Қорақалпоғистон ва вилоятларда давлат-хусусий шериклик асосида жами 31 та кластер ташкил этиш юзасидан кўрсатма берилди.
Ушбу лойиҳалар ҳисобига маиший чиқиндиларни қайта ишлаш даражасини йил якунигача 25 фоизгача, 2021 йилда камида 35 фоизга етказиш зарурлиги белгиланди.
Санитар-экологик талабга жавоб бермайдиган 51 та чиқинди полигонини мақбуллаштириш, бундан ташқари, қурилиш чиқиндилари учун 26 та полигон ҳамда уларни қайта ишловчи кластерлар ташкил этиш муҳимлиги айтилди.
Йиғилишда халқаро молия ташкилотларидан жалб этилган маблағлар натижадорлиги ҳам муҳокама қилинди.
Мутасаддиларга бу маблағлар эвазига бошланган лойиҳаларни жадаллаштириб, қисқа муддатларда фойдаланишга топшириш юзасидан кўрсатмалар берилди. Давлатимиз раҳбари соҳани камхарж ва тежамкор техникалар билан таъминлаш муҳимлигини таъкидлади.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15