Черковдаги отишма: Туркияда марказий осиёликларга ҳукм ўқилди
Олам
−
16:47 923 2 дақиқа
Жорий йилнинг 6 февраль куни Истанбул оғир жиноятлар суди Сариер туманидаги Санта-Мария католик черковига уюштирилган террор ҳужуми бўйича икки тожикистонлик ва бир россияликни ҳар бири учун икки марта умрбод қамоқ ва қўшимча 143 йил қамоқ жазосига ҳукм қилди. Бу ҳақда “T24” хабар берди.
Истанбулдаги католик черковига ҳужум 2024 йил 28 январда содир бўлган эди. Ниқобли икки киши ибодатхонага бостириб кириб, одамларга қарата ўт очган ва воқеа жойидан қочиб кетган. Оқибатда 52 ёшли Туркия фуқароси Тунжер Жиҳан ҳалок бўлган.
“Агар ҳужумчилардан бирининг қуроли ишламай қолмаганида қурбонлар сони анча кўп бўлиши мумкин эди”, дейди черков руҳонийси.
Тергов маълумотларига кўра, ҳужум учун масъулиятни “Исломий давлат” (ИШИД) террорчилик ташкилоти ўз зиммасига олган. Текширув доирасида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари 60 дан ортиқ одамни ҳибсга олган. Ҳужумни бевосита амалга оширганлар – тожикистонлик Амиржон Ҳоликов ва россиялик Давид Тандуев бўлган. Улар бу ишни “Адам Абу-Даррар ал-Шишани” лақабли тожикистонлик Адам Ҳамирзаевнинг кўрсатмаси билан қилган.
Учала шахс ҳам Туркия Жиноят кодексининг “Конституциявий тузумни зўравонлик йўли билан ағдаришга уриниш” ва “қотилликни оғирлаштирувчи шароитларда қасд қилиб ўлдириш” моддаларида айбдор деб топилиб, ҳар бир модда бўйича умрбод қамоққа ҳукм қилинган. Бундан ташқари, суд уларга “оғирлаштирувчи шароитларда қасд қилиб ўлдиришга уриниш” бўйича 143 йил қамоқ жазоси тайинлаган.
Яна беш тожикистонлик ҳам айбдор деб топилди
Тожикистон фуқароси бўлган Шамшулло Ражабов, Алишер Раҳимов, Фарруҳ Солиев, Абдулазиз Абдуллаев ва Расул Аҳмаджанов ҳам ушбу иш бўйича айбдор деб топилган. Ҳар бирига қуйидаги жазолар тайинланган:
Конституциявий тузумни зўравонлик йўли билан ағдаришга уринганлик учун — 15 йил;
Қотилликни оғирлаштирувчи шароитларда ёрдам бериш ва рағбатлантирганлик учун — 15 йил;
Қасд қилиб ўлдиришга уринишга ёрдам бериш ва рағбатлантирганлик учун — 71 йил 6 ой;
Оқибатда ҳар бирига жами 101 йил 6 ой қамоқ жазоси берилган.
Яна икки шахс 6 йил 3 ойга қамалди
Ишдаги бошқа икки шахс – Исминали Мирзоҳонов ва Эделхан Инажаев қуролли террор ташкилотига аъзо бўлганлик учун ҳар бири 6 йил 3 ой қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Шунингдек, барча маҳкумлар ИШИД террор ташкилоти аъзоси экани маълум бўлган, суд 31 нафар айбланувчини айбсиз деб топиб, оқлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввлроқ Туркиянинг Ялова вилоятида ИШИД террорчилик гуруҳи билан алоқадорликда гумонланиб 26 киши ҳибсга олингани ҳақида хабар берилган эди.
Эъзоза Олимова
Live
Барчаси