Чемпионлар лигасига қуръа ташлаш маросими санаси маълум бўлди
Sport
−
27 July 1609 2 minutes
Янги 2026-2027 йилги мавсум Чемпионлар лигасининг асосий босқичига қуръа ташлаш маросими жорий йилнинг 27 август куни бўлиб ўтади. Бу ҳақда UEFA матбуот хизмати хабар берди.
Ташкилот расмий сайтида эълон қилинган маълумотга кўра, қуръа ташлаш маросими жорий йилнинг 27 август куни бўлиб ўтади. Унда Европанинг энг нуфузли клублари мусобақасининг асосий босқичида иштирок этадиган 36 жамоанинг тақвими шакллантирилади.
Айни пайтда мусобақанинг барча иштирокчилари ҳали аниқ бўлгани йўқ. Чемпионлар лигаси саралаш босқичининг плей-офф баҳслари давом этмоқда ва қолган йўлланмалар айнан шу босқичда ҳал этилади. Жавоб учрашувлари 25 ва 26 август кунлари бўлиб ўтади.
Саралаш баҳслари якунланганидан сўнг, 27 август куни бўлиб ўтадиган қуръа ташлаш маросимида 2026-2027 йилги мавсумнинг барча иштирокчилари расман маълум бўлади.
Эслатиб ўтамиз, ягона лига формати илк бор 2024-2025 йилги мавсумдан бошлаб жорий этилган. Унга кўра, 36 та жамоа умумий жадвалда иштирок этади. Ҳар бир клуб турли рақибларга қарши 8 та ўйин ўтказади – 4 таси ўз майдонида, қолган тўрттаси меҳмонда.
Лига босқичини дастлабки саккиз ўринда якунлаган жамоалар тўғридан-тўғри нимчорак финалга йўл олади. 9–24-ўринларни эгаллаган клублар эса плей-офф босқичида икки учрашувдан иборат қарама-қаршиликларда кейинги босқич йўлланмаси учун кураш олиб боради.
Эслатиб ўтамиз, Франциянинг “Пари Сен-Жермен” клуби сўнгги икки мавсумда ҳам Чемпионлар лигаси бош совринини қўлга киритиб, янги форматдаги мусобақанинг илк икки ғолибига айланди.