“Челси”ни сотишда янги муаммолар пайдо бўлди

Спорт

image

Буюк Британия ҳукумати бугун, 24 майга қадар “Челси” ни Тодд Боэли консорциумига 4,25 миллиард еврога сотишни маъқулламоқчи. Бу ҳақда BBC хабар берди. 

Шу билан бирга, ҳукуматдаги юқори мартабали манбанинг таъкидлашича, келишувдаги асосий қийинчиликлар “ҳали енгиб ўтилмаган”. Хусусан, “Челси”нинг сотилишига Португалия ҳукумати рухсат бериши зарур, чунки клуб эгаси Роман Абрамович Португалиянинг ҳам фуқароси ҳисобланади. Ҳозирда Британия вазирлари Европа Комиссиясидаги ҳамкасблари билан зарур кафолатларни тасдиқлаш бўйича "қисқа музокаралар" олиб бормоқда.

“Биз ушбу битим бўйича ўз кафолатларини олишни истаган халқаро шерикларимизни ишонтириш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқдамиз. Вақт тугаяпти, келишув сешанба охиригача тузилиши керак, акс ҳолда муддатлар узилиши ва клуб хавф остида қолиши мумкин”, дейилади манбада.

“Европа расмийлари “Челси” келажагини хавф остига қўймоқда”

“Financial Times” газетасининг ёзишича, вазирлар кеча, 23 май куни кечқурун келишувни тасдиқлашлари керак эди.

Музокараларга яқин ҳукумат манбаларининг айтишича, Абрамович кеча вазирлар билан учрашган. Улар сотув Лондонда бир кечада маъқулланишини кутишмоқда, аммо Брюссель ва Лиссабон томонидан тасдиқланмаслик келишув ва клубни “хавф остида” қолдирмоқда. Ҳукумат Европа комиссияси ва Португалия ҳукумати ҳали “яшил чироқ” ёқмаганидан хавотирда.

Агар клуб 8 июнь куни бўлиб ўтадиган Англия Премер-лигаси акциядорларининг йиллик йиғилишигача янги хўжайин қўлига ўтмаса, у турнир ва еврокубоклардан тушиб кетиши мумкин. Бу сценарийда клубни сотиш ҳам муваффақиятсизликка учрайди.

Аввалроқ, келишувдаги тўловлар бўйича ечим топилган: унга кўра, клубни сотишдан тушган 2,6 миллиард фунт стерлинг Британия ҳукуматига ўтиши ва унинг 1 миллиард фунт стерлинги дарҳол Украинага ёрдам бериш учун ўтказилиб, қолган 1,6 миллиард фунт стерлинги эса ҳукумат назорати остидаги ҳисобда музлатилиши режалаштирилган.

“Челси” 7 май куни “Los Angeles Dodgers”нинг ҳам эгаси ҳисобланувчи Боэли консорциуми билан шартнома шартларини келишиб олганини эълон қилди.

Маълумот ўрнида, “Челси” 2003 йилдан буён Абрамовичга тегишли. 2 март куни у жамоани сотиш нияти борлигини, шунингдек, клубни сотишдан тушган маблағни Украинадаги жанговар ҳаракатлардан жабрланганларга ёрдам бериш учун ўтказишини маълум қилганди.

10 март куни Буюк Британия ҳукумати Абрамовичга қарши санкциялар жорий қилди, шу сабабли клубни сотиш тўхтатилди ва сотув фақат ҳукуматнинг махсус рухсати билан амалга оширилиши мумкинлиги белгиланди.

 

Камронбей Кенжаев

 


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

88

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг