“Челси” АПЛ тарихидаги иккинчи энг қиммат трансферни амалга оширди

Спорт

image

Англия терма жамоаси ярим ҳимоячиси Морган Рожерс “Астон Вилла”дан “Челси”га ўтди. Бу ҳақда Лондон клуби матбуот хизмати расман маълум қилди.

Томонлар ўртасидаги шартнома 2033 йилнинг ёзига қадар амал қилади. Маълумотига кўра, трансфер қиймати 117 миллион фунт стерлингни ташкил этган.

Шу тариқа, Рожерс “Челси” тарихидаги энг қиммат трансферга айланди. Бу Англия Премьер-лигаси тарихидаги иккинчи энг йирик трансфер ҳисобланади. Биринчи ўринни ўтган ёзда “Ньюкасл”дан “Ливерпуль”га 125 миллион фунт стерлинг эвазига кўчиб ўтган швециялик ҳужумчи Александр Исак эгаллаб турибди.

Жорий йил июль ойи бошида эса “Манчестер Сити” Англия терма жамоаси ярим ҳимоячиси Эллиот Андерсон учун “Ноттингем Форест”га 116 миллион фунт стерлинг тўлаган эди. Рожерснинг “Челси”га ўтиши ортидан у тарихдаги энг қиммат инглиз футболчисига айланди.

23 ёшли ярим ҳимоячи ўтган мавсум Англия Премьер-лигасида 35 та учрашувда майдонга тушиб, 10 та гол урди ва 7 та голли узатмани амалга оширди.

2026 йилги Жаҳон чемпионатида Англия терма жамоаси сафида 7 та ўйинда қатнашиб, 2 та голли узатма муаллифи бўлди ҳамда жамоаси билан бронза медалини қўлга киритди. Ҳозирга қадар у миллий терма жамоа сафида 22 та учрашувда майдонга тушган.

Ўтган мавсум якунларига кўра, “Астон Вилла” Англия Премьер-лигасида 4-ўринни эгаллаб, Чемпионлар лигаси йўлланмасини қўлга киритди. “Челси” эса чемпионатни 10-ўринда якунлаб, келаси мавсум Европа мусобақаларида иштирок этиш имкониятини бой берди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг