“Чегарангизда нималар бўлаётганини биламиз”. Путин Раҳмон билан гаплашиб олди
Олам
−
28 Ноябрь 10175 2 дақиқа
Кеча, 27 ноябрь куни Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида Коллектив хавфсизлик тўғрисидаги шартнома ташкилоти (КХШТ) доирасида Россия Президенти Владимир Путин ва Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон учрашув ўтказди. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати хабар берди.
Путин учрашув давомида Раҳмонга Тожикистон билан алоқалар ўсиб бораётганини эслатган.
“Ҳаммаси ривожланмоқда, ҳукуматлар барча устувор йўналишлар бўйича ишламоқда. Энг муҳими – савдо айланмамиз ўсиб бормоқда. Минтақавий хавфсизлик масалалари бўйича ҳам доимий алоқадамиз. Сизнинг чегараларингизда нималар бўлаётганини тушунамиз, бизнинг махсус хизматларимиз, куч тузилмаларимиз ҳам бир-бири билан ҳамкорлик қилмоқда”, деган Росиия етакчиси.
Раҳмон ҳам Тожикистон ва Россия ўртасидаги муносабатлар изчил ўсиб бораётгани, икки давлат ўртасида ечилмай қолган масалалар йўқлигини таъкидлаган.
“Ҳа, икки томонлама муносабатларимиз изчил ўсиб бормоқда. Ўтган йилга нисбатан савдо айланмаси қарийб 20 фоизга ошган. Яъни давлатларимиз ўртасида ҳал қилинмаган масалалар йўқ, ҳаммаси режа бўйича кетмоқда. Сизнинг давлат ташрифингиз давомида келишувларга эришган эдик. Энди эса бизда мавжуд барча масалаларни яна муҳокама қиламиз”, деган Имомали Раҳмон.
Учрашув давомида Раҳмон 21 декабрь куни Санкт-Петербургда ўтказиладиган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) давлатлари раҳбарларининг норасмий саммитида қатнашиш таклифини қабул қилганини ҳам маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, Садир Жапаров Бишкекда Владимир Путин билан музокараларда Россия Қирғизистон учун стратегик иттифоқчи, ҳамкор ва дўст бўлиб келгани ва шундай бўлиб қолиши ҳақида айтган эди.