Чегараларда отишма ва қурбонлар. Президентлар эса Самарқандда
Таҳлил
−
17 Сентябрь 2022
10855Шубҳасиз, Самарқандда ўтказилган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити бутун дунёда жорий ҳафта мавзуси бўлди. Аммо шу билан бир вақтда саммитга келган мамлакатлар ичида ва сарҳадларида жуда қалтис вазият содир бўлмоқда. Буни эса айрим кузатувчилар Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитини бузишга уриниш, унга халақит бериш сифатида баҳоламоқда.
Хўш, айни пайтда Ўзбекистонда бўлиб турган 14 та давлат ва ҳукумат раҳбарларининг мамлакатларида қандай ҳарбий жараёнлар кетмоқда? Ҳозир шу ҳақида.
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити бошланишига 2 кун қолганида, яъни 13 сентябрь куни ярим тунда Озарбайжон-Арманистон чегарасида қуролли тўқнашувлар бошланди. Ереванга кўра, 13 сентябрь куни Озарбайжон Қуролли Кучлари артиллерия ва дронлардан фойдаланган ҳолда Арманистон ҳудудини ўққа тута бошлаган.
“13 сентябрь куни соат 00:05 дан бошлаб Озарбайжон Қуролли Кучлари бўлинмалари Горис, Сотк ва Жермук яқинидаги арман позициялари йўналиши бўйича артиллерия, йирик калибрли ўқ отиш қуролларидан интенсив ўққа тута бошлади”.
Қуролли тўнқшаувлар авжига чиқиб, мамлакатдаги вазият издан чиқиши оқибатида меҳмон сифатида ШҲТнинг Самарқанддаги саммитига келиши керак бўлган Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ташрифни бекор қилди.
“Мавжуд вазият туфайли Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ШҲТ саммитида иштирок этмайди”, дейилади Арманистон Ҳукумати Матбуот хизмати хабарида.
Пашиняннинг саммитда иштирок эта олмаслигини ўзбек сиёсатчилари қуйидагича баҳолашди:
Сайфиддин Жўраев, профессор:
— Унинг Саммитга келмаётгани йирик ютқазиш эмас. Ташкилот доирасида ўзаро мулоқот қилишнинг онлайн шакли йўлга қўйилган. Албатта, иштирок этган тақдирда бу кузатувчи давлатларнинг, мулоқотларнинг тўлақонли бўлишини таъминлаган бўлар эди.
Озарбайжон Мудофаа вазирлиги, ўз навбатида, қуролли тўқнашувни Арманистоннинг ўзи бошлагани, арман ҳарбийларининг кенг кўламли провокация уюштирганини билдирган. Бакунинг қайд этишича, 12 сентябрга ўтар кечаси “Арманистон Қуролли Кучлари бўлинмалари Озарбайжон-Арманистон давлат чегарасининг Дашкесан, Калбажар ва Лочин йўналишларида кенг кўламли провокация содир этган...”.
15 сентябрь куни эса Озарбайжон оммавий ахборот воситаларида Озарбайжон Қуролли Кучлари давлат чегараси ҳудудидаги саккизта стратегик тепаликда назоратни қўлга олгани ҳақида хабарлар таркалди.
Аммо ўша куннинг ўзида Озарбайжон Президенти, Республика Қуролли кучлари олий бош қўмондони Илҳом Алиев Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида меҳмон сифатида иштирок этиш учун Самарқанд шаҳрига етиб келди.
Тўқнашувларда Озарбайжон томонидан 50 нафар, Арманистондан 105 нафар ҳарбий ҳалок бўлди. Томонлар 13 сентябрь куни тонгда ўт очишни тўхтатиш режими тиклашга келишиб олди.
Қирғиз-Тожик чегарасидаги қуролли тўқнашув
Саммит арафасида, аниқ қилиб айтадиган бўлсак, 14 сентябр куни Ўзбекистоннинг ён қўшнилари Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида ҳам қуролли тўқнашув содир бўлди. Чегарасидаги Булоқ Боши аҳоли манзилгоҳида юз берган отишмада ҳар икки давлат чегарачилари ҳам қатнашган ва томонлар бунда бир-бирини айблаган.
Кўп ўтмай икки давлат расмийлари Қирғизистоннинг Боткен вилояти губернатори Абдикарим Алимбоев ва Тожикистоннинг Сўғд вилояти раҳбари Ражаббой Аҳмадзода чегарадаги вазиятни муҳокама қилган ва икки давлат чегара хизматлари вакиллари алоқада бўлиб, реставрация ишлари олиб борилаётгани ҳақида маълум қилинган.
Аммо ҳудди шу куннинг ўзида чегаранинг бошқа бир пунктида яна қуролли тўқнашув содир бўлган.
“2022 йил 14 сентябрь куни Боткен туманининг Как-Сай ҳудудида Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегара қўшинлари чегарачилари Боткен чегара отрядининг “Дўстук” пости чегарачиларига қарата ўт очди. Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара хизмати чегарачилари жавобан ўқ узган”, дейилади Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг Чегара хизмати хабарида.
Томонларнинг ҳар икки тўқнашувида 8 киши яралангани, икки киши ҳалок бўлгани айтилмоқда. Уларнинг орасида эса чегарачилардан ташқари тинч аҳоли вакиллари ҳам бор.
Аммо ШҲТ давлатининг Президентлари Самарқанд саммитидаги иштирокини бекор қилмади. Қирғиз Республикаси Президенти Cадир Жапаров 14 сентябр куни, Тожикистон раҳбари Имомали Раҳмон эса 15 сентябрда Самарқандга етиб келди. Иккиси ҳам Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрини зиёрат қилди ва саммит олди учрашувларда бирга қатнашди.
Бугун, 16 сентябрь тонгида эса Тожикистон ва Қирғизистон ҳарбийлари чегарадаги яна бир қанча ҳудудларда отишма бошлашган. Томонлар доимгидек бир-бирини айблашда давом этмоқда.
Қирғизистон чегара хизматининг маълум қилишича, 16 сентябрь куни эрталаб Тожикистон Қирғизистон чегара отрядларини Эки-Тош, Чир-Добо, Қум-Мозор ва Орто-Бўз ҳудудлари ҳамда “Самарқандек” заставасини ўққа тута бошлаган. Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси маълумотига кўра, Қирғизистон мамлакатнинг аҳоли пунктларига ҳужум қилган.
Бироқ бугун, 16 сентябрнинг ўзидаёқ ўт очишни тўхтатиш ва можаронинг авж олишига йўл қўймаслик мақсадида Қирғизистон Миллий Хавфсизлик Хавлат Қўмитаси Чегара хизмати директори генерал-майор Уларбек Шаршеев ва Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара қўшинлари қўмондони генерал-полковник Ражабали Раҳмонали ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди. Музокаралар давомида чегара идоралари раҳбарлари учрашув учун соат 10:00 дан ўт очишни тўхтатишга келишиб олишган. Лекин отишмалар яна тўхтамаган.
Тожикистонлик ҳарбийлар Қирғизистон ҳудудидаги мактаб биносини эгаллаб олгани ҳақида маҳаллий ОАВда хабарлар ва видеолар тарқала бошлади. Унда эса тожик аскарлари мактаб биносига ўз байроқларини ўрнатиб қўйгани акс этган. Қирғизистоннинг Боткен шаҳри Тожикистон баравар ўт очиш реактив тизимларидан ўққа тутилгани хабар қилинди.
Энг сўнгги маълумотларга кўра, Тожикистон билан чегарадаги қуролли тўқнашувда жароҳатланган қирғизистонлик ҳарбийлар сони 18 кишига етган. Тожикистон эса ҳозирча бу бўйича рақамларни очиқлагани йўқ.
Вазият кескин тус олгач, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Самарқанддаги саммитда ҳотиржам бўла олмади. Шу сабабли у саммитни эрта тарк этишга қарор қилган ва залдан чиқиб кетди. Бу ҳақидаги хабарлар қирғиз нашрларида эълон қилина бошлади. Аммо бироз вақт ўтиб Жапаров ўз ўрнини қайта эгаллади ва саммитни тарк этмаслиги маълум қилинди.
Ўзбекистон эса қирғиз-тожик чегара келишуви учун майдон вазифасини бажариб берди. Самарқандда ҳар икки қўшни давлат Тожикистон ва Қирғизистон учинчи марта ўқ отишни тўхтатиш борасида келишувга эришди.
Гап шундаки, Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегаранинг узунлиги 980 км дан ошади, Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин унинг ўнлаб баҳсли участкалари сақланиб қолган. Ҳозиргача икки давлат ўртасидаги 660 км дан ортиқ масофа аниқланиб, делимитация ва демаркация жараёнида келишиб олинган. Айрим ҳудудларда вақти-вақти билан чегарадош ҳудудларнинг маҳаллий аҳолиси ўртасида келишмовчилик ва низолар келиб чиқади.
Россия ва Украина уруши
Хабарингиз бор, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ҳам ШҲТ саммитида қатнашиш учун Ўзбекистонга келган ва у Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин билан Самарқандда Украина масаласида гаплашди. Кўпчилик кузатувчилар саммит доирасида Украина масаласига барибир тўхтаб ўтилади, ҳамкор давлатлар Путинга Зеленский билан музокара ўтказишни тақлиф қилади, деган таҳминларга борган эди. Аммо фақатгина Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Модигина Путинга юрак ютиб Украина ҳақида гап оча олди.
“Украинадаги инқироз таъминот занжирларида жиддий узилишларга олиб келди ва бутун дунёни мисли кўрилмаган даражада энергия ва озиқ-овқат инқирозига дучор қилди”, дейди жаноб Моди.
Шунингдек, Россия Украинадаги урушга қамоқдаги маҳкумларни юборишни бошлагани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Маълумотларга кўра, маҳбусларнинг биринчи карвони Тамбов вилоятида кузатилган. Узунқулоқ гапларга кўра, Россия колонияларидан урушга 400 киши олиб кетилган.
Бир сўз билан айтганда Украина ва Россия ўртасидаги вазият ҳали-ҳануз қалтислигича қолмоқда ва сигналлар уруш яқин орада тўхтамаслигига ишора қилмоқда.
Шу сабабли Путин Самарқанддалигида АҚШ Россияга қарши санкцияларни кенгайтирди.
Хусусан, АҚШ ҳукумати Россия Федерацияси болалар омбудсмани Львова-Белова, Чеченистон Республикаси раҳбари Рамзан Қодиров ва унинг яқинлари, Запорожье вилояти давлат маъмурияти раҳбари Евгений Балицкий ва “Биз Россия билан биргамиз” ҳаракати раиси Владимир Рогов, Миллий тўлов карталари тизими раҳбари Владимир Комлев, Россия Федерацияси Президентининг ёрдамчиси Максим Орешкинга нисбатан санкциялар жорий қилди.
Шунингдек, бугун Хитойдаги баландлиги 200 метрдан ошиқ бўлган 42 қаватли “China telecom” биносига ўт кетди. Унда кўплаб одамлар тириклайин ёниб кетгани айтилмоқда. Мамлакатидаги кутилмаган вазият туфайли Си Цзиньпин Самарқанддаги саммит тугаши билан биринчилардан бўлиб Ўзбекистонни тарк этди.
Саммитда иштирок этаётган бошқа мамлакатларнинг чегараларида эса тинчлик ҳукм сурмоқда.
Ҳулкар Муртазоева
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь