Чарльз III яна уч давлат қироли деб эълон қилинди

Олам 21967
image

Жорий йилнинг 8 сентябрь куни вафот этган қиролича Елизавета II нинг ўғли Чарльз III кеча, 11 сентябрь куни расман Шотландия, Уэльс ва Шимолий Ирландия қироли деб эълон қилинди. Тадбир BBC радиоэшиттириш корпорацияси томонидан трансляция қилинган.

Эдинбургда декларацияни Шотландия Гералдик палатаси раиси Жозеф Морроу парламент майдонида, муқаддас Эгидия собори ёнида ўқиб эшиттирди. Чарльз III Шотландия қироли деб эълон қилингандан сўнг, артиллериядан 21 та ўқ узилди. Эдинбург марказида ўтказилган маросим учун бир неча минг киши жамланди.

Кардифф қалъасида прокломация инглиз ва уэльс тилларида Уэльс Гералдик палатаси раҳбари Том Ллойд ва минтақанинг лорд-лейтенанти Морфидд Мередит томонидан ўқилди. Ўз навбатида, Хиллсборо қалъасида – Шимолий Ирландиянинг Даун округидаги расмий қироллик қароргоҳи – Чарльз III Шимолий Ирландия Гералдик палатаси раҳбари Роберт Ноэл томонидан қирол деб эълон қилинди. Шундан сўнг артиллерия отиши ва Британия мадҳияси янгради.

Қиролича Елизавета II пайшанба куни 96 ёшида Шотландиядаги Балморал қасрида вафот этди. У Британия тарихидаги энг узоқ ҳукмронлик қилди – 70 йилу 7 ой. Янги монарх унинг тўнғич ўғли, 73 ёшли Чарльз бўлди ва у Чарльз III исмини олди. 

15 давлатнинг расмий раҳбари бўлган Елизавета II вафоти муносабати билан Буюк Британияда 9 сентябрдан бошлаб миллий мотам эълон қилинган ва у дафн маросими кунигача давом этади.  

Чарльз III нинг тож кийиш маросими эса бир неча ойдан кейин бўлиб ўтади, унинг санаси ҳали эълон қилинмаган.

Аввалроқ Чарльз III Канада, Австралия ва Янги Зеландиянинг янги давлат раҳбари деб эълон қилинганди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 687
Рейтинг: 3
t
×