Чандиқ юзли “мафия отаси”. Ал Капоне жиноий империясини қандай қурган? (1-қисм)

Бу қизиқ 16265
image

“Душманни ўлдиришдан олдин уни боқинг ва семиртиринг”.
“Мафия отаси” Ал Капоне

Ўтган асрнинг 80-90 йилларида “мафия” деган сўз одамлар орасида оммалашди. Баъзилар бу сўзни эшитиши билан дағ-дағ қалтирашга тушади. Бошқалар эса ўта қизиқувчанлик билан мафия сирларини билишни истайди. Сабаби мафия жиноятнинг энг қонли ва зулматли оламидан ҳикоя қилади. 1972 йилда машҳур ёзувчи Марио Пьюзо томонидан ёзилган “Чўқинтирган ота” (Валинеъмат) романи мафия сирларини дунёга фош этди. Одамлар орасида “Дон Корлеоне (Валинеъмат) реал ҳаётда ҳам мавжудми”, деган саволлар туғилди.

Бугун жиноят дунёсининг тубидан, мафия отаси даражасига кўтарилган энг машҳур америкалик гангстер Ал Капоненинг жиноят йўли ҳақида ҳикоя қиламиз.

Ал Капоненинг ёшлиги

Ал Капоненинг асл исми Алфонсо Габриэл Капоне бўлиб, унинг қаерда туғилгани ҳақида аниқ маълумот йўқ. Мафия отасининг АҚШ полициясига берган маълумотида, у ўзини 1899 йил 17 январь куни Нью-Йорк шаҳрида дунёга келганлигини айтган. Лекин у ҳақдаги баъзи маълумотларда Ал Капоне 1895 йилда туғилганлиги қайд этилган. У оилада тўққизинчи фарзанд бўлган.

Ёш Капоне ёшлигидан тажовузкор бўлган. Унинг бу характери мактабда яққол намоён бўлди. Бўлажак мафия сардори мактабдаги синфдошларини аямай дўппослар ҳатто, ўқитувчиларга ҳам қўл кўтарган. Ўн тўрт ёшида Капоне мактабни ташлаб кетиб, Нью-Йоркдаги таниқли “Беш нуқта” жиноий тўдасининг сафига қўшилади. Жиноий гуруҳ раҳбари Жонни Торрио ёш Капонеда истиқболни кўрди. Торрио бўлажак мафия отасига жиноят оламининг қонун қоидаларини, сир-асрорларини ўргатди.

Машҳур чандиқ тарихи 

Ал Капоне Торрио тўдасининг макони ҳисобланган бильярд клубида бармен бўлиб ишлади. Унинг вазифаси мижозларга ичимлик қуйиб бериш ва маст бўлиб қолганларни клубдан ҳайдашдан иборат бўлган.

Капоне юзидаги чандиқни айнан шу бильярд клубида орттириб олган. У бир куни клубдаги гўзал қизга қўпол муомала қилди. У гўзал ўша ерда ўтирган гангстер Френк Галлучиони синглиси (баъзи манбаларда хотини ҳам дейилган) эди. Натижада Капоне ва Галлучио ўртасида муштлашув бошланиб кетади. Галлучио бўлажак мафия сардорининг юзига пичоқ тортади. Пичоқ Капоненинг чап яноғида учта машҳур чандиқни қолдирди.

Жиноят оламидан узоқлашиш

Ўсмирлигиданоқ жиноий давраларда айланиб юрган Капоне енгил табиатли аёллар билан кўп алоқада бўлган. Бунинг оқибатида 16 ёшида мафия сардори сифилис касаллигига чалинди.

Ал Капоне 19 ёшида ирландиялик Мэри Жозефина Кафлинга уйланди. Айнан шу иш мафия отасининг жиноят оламидаги фаолиятини бир муддат тўхтатишга сабаб бўлди. Қизиғи шундаки, вояга этмагани сабабли Капоне ота-онасининг розилигисиз никоҳ ўқита олмасди. Сабаби, ота-она никоҳ учун расмий идорага ёзма рухсатнома ёзиб бериши шарт бўлган. Ал Капоненинг отаси Габриэл ўз ўғлига бундай розиликни фақат биттагина шарт билан берди. Бу ҳам бўлса Капоне жиноят оламини тарк этиши керак эди. Мафия сардори отасини жуда ҳурмат қилган. Шунинг учун отасига қарши чиқмай жиноят оламини бир муддатга тарк этди. 

Ёш оила Балтимор шаҳрига кўчиб ўтди. Собиқ жиноятчи бир компанияга бухгалтер бўлиб ишга кирди. Бироқ, Ал Капоне ҳалол ҳаётда узоқ яшай олмади. 1920 йилда Капоненинг отаси вафот этди. Шу вақтда Алфонсо ўзининг эски таниши Жонни Торрио билан кўришиб қолди. Ўша вақтда Жонни Торрио Чикагода бир нечта фоҳишахона ва клублар очган “Катта Жим” лақабли Жеймс Колозимо қўл остида ишлаётган эди. Торрио Капонени ишга таклиф қилди. Бўлажак гангстер бунга рози бўлиб, Чикагога кўчиб ўтди.

Омад келтирган Чикаго

Айнан Чикаго шаҳрида Ал Капоне мафия оламида шуҳрат қозонди. Ўша вақтда шаҳарда турли жиноий гуруҳлар мавжуд бўлиб, улар ўртасида қонли тўқнашувлар юз бериб турган. Чикагога келган Капоне Жеймс Колозимо қўл остидаги фоҳишахоналарнинг бирида иш бошқарувчи бўлиб ишлади.

1920 йилда АҚШ ҳукумати спиртли ичимликларни ишлаб чиқаришга қарши қонун жорий қилди. Унга кўра, мамлакат бўйлаб спиртли ичимлик сотиш ва ишлаб чиқариш тақиқланди. Бунинг натижасида АҚШда спиртли ичимликлар нархи 10 баробарга ошди. Бу жиноий тўдалар учун ҳақиқий бойлик эди. Улар бу вазиятдан усталик билан фойдаланишди. Кўплаб гангстерлар спиртли ичимликларни ишлаб чиқариш ва контрабанда орқали мамлакатга олиб кириш билан шуғулланди.

Жонни Торрио хўжайини Жеймс Колозимога спиртли ичимлик савдоси билан шуғулланишни таклиф қилди. Аммо, Колозимо бунга рад жавобини берди. Бироз вақт ўтгач, у кафелардан бирида отиб кетилди. Бу қотиллик ким томонидан уюштирилганлиги номаълум. Аммо, иккита тахмин бор. Биринчи Жонни Торрио. Иккинчиси Ал Капоне.

“Катта Жим” ўлгач Жонни Торрио унинг вориси бўлди. Капоне эса унинг ўнг қўлига айланди. Чикагода мафия тўдалари ўртасида спиртли ичимликлар бозорини қайта тақсимлаш бошланди. Торрио гуруҳи Чикагодаги ирландиялик жиноий тўда билан рақобат қилди. Дастлаб, томонлар фақат бир-бирига тегишли бўлган алькогол ортилган юк машиналарини талон-тарож қилишди. Аммо, ирландлар бир куни Торрио пиво заводни сотиб олаётган вақтда уни полицияга тутиб беришди. Жонни Торрио катта пора эвазига қамоқхонадан чиқди ва дарҳол ирландларнинг етакчиси Дино Обаненга суиқасд режалаштирди. Бу операцияга шахсан Ал Капоне бош-қош бўлди. Обaнен ўзнинг гул дўконида ваҳшийларча отиб ўлдирилди. Албатта, ирландлар бунга жим қараб туришмади. Бунга жавобан улар Торриога ҳужум қилиб, машинасини ўқ билан илма тешик қилишди. Аммо, бу унинг ўлими учун етарли бўлмади. Жонни Торрио бир нечта жиддий жароҳат олди. Ўша вақтда Ал Капонега ҳам суиқасд уюштирилган эди. Бироқ, Капоне бундан қутулиб қолган. 

Мафия сардори

Торрионинг жароҳатлари жуда оғир эди. Шу сабабли у бошқарувни Ал Капонега топшириб нафақага чиқишга мажбур бўлди. Шундай қилиб бир неча йил олдин бармен бўлиб ишлаган Ал Капоне Чикагодаги энг кучли жиноий тўданинг гангстери бўлди. 

Янги эълон қилинган босс биринчи бўлиб ишни шу пайтгача жиноят оламига номаълум бўлган “рэкет” тушунчасини киритишдан бошлади. Яъни ишбилармон ва тадбиркорлардан унга катта миқдорда товон тўлаб турушни, бунинг эвазига эса уларни бошқа тўдалардан ва баъзан полициядан ҳимоя қилишини таклиф қилди. Агар тадбиркорлар буни рад этса, унинг корхонаси ёки ўзи “йўқолиб” қолиши мумкин эди.

Вақт ўтиши билан Капоне “пул ювиш” эвазига яъни, полиция ва юқори мартабали сиёсатчиларни пора эвазига сотиб олди. Айтганча, “пул ювиш” схемасининг ихтирочиси айнан Ал Капоне ҳисобланади.

Мафия отаси шаҳар чеккасидан тўрт қаватли бинони сотиб олиб ўз бизнесини йўлга қўйди. Капоне тўрт қаватли бинони муҳташам барга айлантирди. У ерда пиво зали, казино ва фоҳишахона қаватма-қават жойлашган эди. Мафия гангстерлари ўртасида фоҳишалик билан шуғулланиш энг камситувчи касб ҳисобланган. Аммо, Ал Капоне буни ниҳоятда катта фойда келтирувчи бизнесга айлантирди. Бу иш унга йилига 35 миллион доллар фойда келтирди. Бугунги кунга ҳисобланадиган бўлса, бу тахминан 420 миллион долларни ташкил этади.

Пул қандай ювилади?

Ал Капоненинг шахсий бизнеси АҚШда ўша йилларда тақиқланган спиртли ичимликлар контрабандаси билан бевосита боғлиқ ҳисобланган. Бу эса ноқонуний даромадни қонунийлаштириш заруратини туғдирган. Бунинг учун мафия аҳолига кир ювиш хизматларини кўрсатувчи тармоқларни очди. Бу шохобчаларда хизматлар нархи шунчалик паст бўлганки, мижозлар сонини ҳисоблаб бўлмасди. Шундай қилиб, аслида спиртли ичимликлар савдосидан олинган катта фойда ҳужжатларда расмий равишда кир ювиш шохобчаларидан келган қилиб кўрсатилган. Бу усул “пул ювиш” деб номланган.

Пул дарё бўлиб оқиб кела бошлади. Бир ҳафтада Ал Капоне 300 минг долларга яқин даромад олди. Албатта, бу даромад тўда аъзолари ўртасида тенг тақсимланган. Гангстер шаҳар полицияси ва ўнлаб мансабдор шахсларга юз минглаб доллар пора бериб, уларнинг оғзини “мойлаб” турган.

Ўша вақтдаги Чикаго шаҳрининг мэри Уильям Томпсон (Томпсон АҚШ тарихидаги энг бузуқ ва принципсиз сиёсатчилардан бири ҳисобланади) Ал Капонедан катта “совғалар” олиб турган. Бунинг эвазига шаҳар мэри Капоненинг қилмишларига кўз юмган. 1927 йилги сайловда мафия сардори Уильям Томпсонни ҳар томонлама қўллаб-қувватлади. Бу қўллаш ортидан Томпсон мэрлик “кресло”сида яна умргузаронлик қилди. 1944 йилда Томпсон ўлимидан сўнг унинг уйдаги сейфи текширилганда 2 миллион долларга яқин нақд пул топилган.

Ал Капоне ўзининг энг асосий душманини йўқ қилиш учун айёрона режа тузиб, қирғин уюштирди. Бу қирғин 1929 йил 14 февраль куни бўлиб ўтди. Ушбу воқеа “Авлиё Валентин куни қатлиоми”, деган ном билан тарихда қолди. Қирғин ҳақида батафсил Ал Капоне ҳақидаги кейинги мақоламизда тўхталиб ўтамиз. Шундай қилиб, Алфонсо Чикагода ирланд, рус ва мексикан тўдаларини йўқ қилиб, шаҳарда ўзининг мафия империясини яратди.

Ал Капоне Чикагода ўз ҳукмронлигини ўрнатгач, АҚШдаги бошқа йирик тўдалар билан алоқа ўрнатиб, бир яхлит оила тузишни режа қилди.

QALAMPIR.UZ мафия отаси Ал Капоненинг жиноят йўлини ёритишда давом этади. Кейинги мақоламизда, Капоне ва Лаки Лучано асос солган “Cosa Nostra” мафия тўдасининг ташкил этилиши ҳамда мафия сардорининг аянчли қисмати ҳақида маълумот берамиз.
 

Сардор Али Нурматов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 571
Рейтинг: 3
t
×