CAFA турнири Россиясиз ўтади. Бунга сабаб нима?
Спорт
−
19 Апрель 2023
7501Россия терма жамоаси Марказий Осиё чемпионатида иштирок этишдан бош тортди. Футбол мутахассиси Алишер Никимбаев бу борада ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
“Россия мусобақадаги иштироки бўйича таклифни рад этишининг сабаби муҳим эмас. Россия футбол иттифоқи (РФИ) кўплаб сабаблар келтириши мумкин. Масалан, РФИ қийин тақвим ёки иссиқ иқлимни мисол келтира олади. Россия футбол жамоатчилиги термани CAFA'да иштирок этишига очиқ салбий муносабат билдирди”, дейди мутахассис ўз “Футболиум” Telegram саҳифасида.
Никимбаенинг маълум қилишича, CAFA Россиянинг жавобини узоқ кутган.
“РФИ расмий мактубда турнирда иштирок этишга рози бўлди, аммо кейин шартномани имзолашдан бош тортди. Ва шартнома имзолаш муддати тугаганидан деярли уч ҳафта ўтгач, расман мусобақада қатнашмалигини маълум қилди. Бошқа жамоаларда шундай ҳолат кузатилганида 1 апрель куни ўша иштирокчи рўйхатидан ўчирилган бўлар эди. Аммо CAFA кейинги барча қадамларни кечиктириб, Россиянинг фикрини кечагача кутди. CAFA Россия учун ҳомий излаш, қуръа ташлаш, тақвимни тасдиқлаш, телерадиокомпаниялар билан шартномалар имзолаш ва Россия рад жавоб берса ўрнига бошқа жамоани таклиф қилишни ортга суриб турди”, дейди Никимбаев.
Шунингдек, мутахассис ўтган йили ноябрь ойида бўлиб ўтган Ўзбекистон-Россия баҳси ҳам сиёсий каналлар орқали ташкиллаштирилганини маълум қилди.
“CAFA ташкилотга аъзо бўлган федерацияларнинг бирортасидан расмий жавобни шунчалик сабр билан кутган бўлишини тасаввур ҳам қила олмайман. Яна бир нарсани айтиш керак, менинг маълумотларимга кўра, Сречко Катанец ноябрь ойида Россия терма жамоасига қарши ўйин ўтказишни истамаган, аммо Тошкентдаги ўйин сиёсий каналлар орқали ҳал қилинган”, дея қўшимча қилди у.
Ҳолат бўйича фикрлари якунида Никимбаев ЎФАдаги ходимларнинг бирига шама қилиб ўтди.
“Айтганча, Ўзбекистон футбол ассоциацияси ЎФА ходимларидан бири Тошкентда РФИ делегацияси олдида таъзим қилиб, ўз ҳамкасблари орасида довдираб қолганди. Умид қиламанки, бу “мутахассис” айни дамда ўзини яхши ҳис қилмоқда. Сизни ҳурмат қиладиганларни ҳурмат қилишингиз мумкин ва лозим. 2023 йил июнь ойида Марказий Осиё чемпионати, албатта, ўтказилади. Фақат Россиясиз”, дейилади “Футболиум” Telegram каналида.
Эслатиб ўтамиз, CAFA турнири 9-21 июнь кунлари Тошкент ва Бишкек шаҳарларида ўтказилади. Мусобақада Ўзбекистон, Эрон, Қирғиз Республикаси, Туркманистон, Тожикистон ва Афғонистон қатнашади. Тез орада Россия ўрнида иштирок этадиган жамоа номи ҳам маълум бўлади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь