Бўзатов иқтидорларни кашф этишда давом этади!

Бизнес

image

Анъанавий танловлардан бирига айланаётган “Ёшлар овози”нинг янги мавсумига старт берилгани ҳақида танловнинг бош ташкилотчиси – Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев ўзининг Telegram канали орқали хабар қилди.

Мазкур танлов Президент ташаббуси билан жорий этилган бўлиб, Ёшлар ишлари агентлиги, Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ва унинг ҳудудий тузилмалари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан ҳамкорликда ўтган йили таъсис этилган бўлиб, ўша йилнинг ўзидаёқ 3 мингга яқин ёшларни ўз атрофида бирлаштира олди.

Катта фестивалга айланган танловнинг якуний босқичига Қоралпоғистон Республикасининг Бўзатов тумани мезбонлик қилган эди. Қайта ташкил топган, навқирон туман сифатида майдонга чиққан Бўзатов туманининг овозаси биргина танлов орқали бутун республикага ёйилди. Мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудидан сараланган 87 нафар ёш айнан шу масканда жам бўлишиб, ҳаётларини янги ёрқин саҳифалар билан безатишга сабаб бўлди. Овоз имкониятларидан келиб чиқиб, нуфузли ҳакамлар ҳайъати аъзолари 21 нафар ёшни энг истеъдодли деб топиб, ғолибликка муносиб кўришди. Ғолиблар ўз ўринларига қараб, 50 млн, 25 млн ҳамда 15 млн сўм пул мукофоти билан тақдирландилар. Шунингдек, қолган иштирокичларни рағбатлантириш мақсадида ҳар бир иштирокчига 5 млн сўм пул мукофоти берилди.

Шуни айтиш керакки, Қорақалпоғистон Республикаси номидан қатнашган 6 нафар иштирокчининг 5 нафари танлов якунида ғолибликни қўлга киритишга мушарраф бўлди. Тошкент вилояти вакиласи Гўзал Абдуллаева танловнинг республика босқичида фаол иштирок этган бўлиб, янги марраларни забт этиши учун қайсидир маънода танловнинг ўрни бўлди. У Президентимиз томонидан “Келажак бунёдкори” медали билан тақдирланди. Бундан кўриниб турибдики, танлов ўз олдига қўйган мақсадларига эришишда дадил одимлаб бормоқда.

Ўтган йилги мавсум ҳақида сўз борганда шуни айтиш керакки, ҳудудий кастинг босқичларида чиққан ҳар бир иштирокчининг чиқишлари тўлиқ тасвирга олиниб, танловнинг Telegram’даги расмий каналларига жойлаштирилди. Шунингдек, танловнинг республика босқичида ҳам шундай йўл тутилди. Мақсад эса танловда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, ҳеч бир эътирозларга ўрин қолдирмаслик эди. Танловнинг ҳудудий кастинг босқичидан ўта олмаган, бироқ уларнинг келажакка бўлган умидини сўндирмасдан, уларни рағбатлантириш борасида ҳудудий гала-концертлар уюштирилди. Милт этган истеъдод эгаси катта саҳнада ўз санъатини намойиш қилиши учун шу ернинг ўзида имконият яратилди.

Танлов ҳақида сўз борганда унинг мадҳияси ҳақида ҳам тўхталмай илож йўқ.  Таниқли эстрада  юлдузлари билан биргаликда мавсум иштирокчилари томонидан куйланган ушбу мадҳия тез фурсатлар ичида оммалашди.  Таниқли санъаткорлар иштирокида “Юлдузлар Бўзатовга чорлайди!”, республика босқичи иштирокчилари орасида эса “Бўзатов бизни кут!” каби флешмоблар ҳам ёшларни танловга бўлган қизиқишини ортишига ҳисса қўшди.

Бу йил танлов Низомига бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилгани боис, унда 10 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар уч ёш тоифасида (10-15 ёш, 16-22 ёш ва 23-30 ёш) иштирок этадилар. Ўтган йили эса 6 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар 3 та йўналиш (анъанавий ижро ва бахшичилик, опера, эстрада)нинг бирида қатнашиш имкониятига эга эди. Танлов йўналиши биттага ортиб, анъанавий ижро ва бахшичилик йўналишлари иккита йўналишга ажратилди. Бу ҳам иштирокчилар учун ўз овоз имкониятларини синаб кўришлари ва истеъдодларини намоён қилишлари учун яна бир афзалликдир. Шунингдек, танлов ҳар бир маҳалладан бошланиб, сектор, туман, вилоят ва республика босқичларини ўз ичига олади. Олис ҳудуддан тортиб яқин манзилларда яшаётган ҳар бир ёшнинг овози, иқтидори рағбатсиз қолмаслигини таъминлаш, уларнинг истеъдодлари бўй кўрсатиши учун замин ҳозирлаш – бош мақсад.

Янги овозларни кашф этиш, уларни қўллаб-қувватлаш, катта саҳналарда ўз санъатини намойиш этиши учун кенг йўл очиб беришга қаратилган танловнинг якуний босқичи бу йил ҳам Қоралпоғистон Республикасининг Бўзатов туманида бўлиб ўтади.

Эслатиб ўтамиз, ҳар бир йўналиш бўйича биринчи ўрин соҳиби 50 млн, иккинчи ўрин эгаси 30 млн ва учинчи ўрин совриндори 20 млн сўмдан пул мукофотига сазовор бўлади. Шунингдек, республика босқичининг қолган иштирокчилари 10 млн сўмдан рағбатлантирилади. 

Танловда иштирок этишни истаган ёшлардан Telegram’даги @YoshOvozBot орқали рўйхатдан ўтиш сўралади.

Қўшимча маълумотларни танловнинг ижтимоий тармоқлардаги расмий каналлари ҳамда маҳаллалардаги Ёшлар етакчиларидан олиш мумкин. 

“Ёшлар овози” танлови медиа штаби


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

20

Рейтинг

3.3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг