“Буюк давлатлар Афғонистон учун ҳеч нарса қила олмади”. Комилов Эрон Президенти билан
Жамият
−
27 Октябрь 2021
5046Ўзбекистон ва Эрон ўзаро муносабатларни ривожлантириш учун катта салоҳиятга эга ва расмий Тошкент бу салоҳиятдан фойдаланишга қатъий қарор қилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Эрон Президенти Иброҳим Раисий билан учрашувда айтди.
Шунингдек, Эрон Президенти билан учрашувда Комилов бугун, 27 октябрь куни Теҳронда бўлиб ўтаётган Афғонистонга қўшни давлатларнинг Ташқи ишлар вазирлари йиғилишига катта баҳо берган.
“Ўзбекистон Эрон Ислом Республикасининг Афғонистондаги вазиятни ўрганиш бўйича ташаббусини олқишлайди. Буюк давлатлар Афғонистон учун ҳеч нарса қила олмаганини ҳисобга олсак, Теҳрондаги учрашув катта сиёсий аҳамиятга эга”, дейди Комилов.
Ўз навбатида, Эрон Президенти минтақадаги, хусусан, Афғонистондаги вазиятдан икки давлатнинг умумий хавотирига тўхталиб, шундай деди:
“Афғонистонда бегоналарнинг, хусусан, АҚШнинг бўлиши оқибати азоб-уқубатлардан, ўлимлардан, қон тўкишлардан, ўт очишдан, Афғонистонни орқага тортишдан бошқа нарса эмас эди. Биз афғон халқига тинчлик ва хавфсизликни татиб кўришига ёрдам беришимиз керак”.
Оятуллоҳ Раиси Эронда тўрт миллионга яқин афғоннинг борлиги ва Эроннинг бу жабрдийдаларга инсонпарварлик ёрдамини беришда давом этаётганига тўхталиб, Афғонистонга қўшни давлатлар Ташқи ишлар вазирлари йиғилишида умумий ечим ва муштарак қарашлар топилишига умид билдирган.
Шунингдек, Иброҳим Раисий Эрон ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқаларга ҳам тўхталиб, уни қардошлик ва ривожланиб бораётган муносабатлар сифатида баҳолаган.
“Эрон Ислом Республикаси Ўзбекистон билан турли сиёсий, иқтисодий ва маданий соҳаларда алоқаларни ривожлантиришда ҳеч қандай чеклов кўрмаяпти”, дейди Президент.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 27 октябрь куни Эрон пойтахти Теҳронда Афғонистон бўйича ушбу мамлакатга қўшни бўлган давлатлар Ташқи ишлар вазирларининг учрашуви бўлиб ўтмоқда. Унда Афғонистондаги ҳарбий-сиёсий вазиятни ривожлантириш истиқболлари ва инклюзив ҳукуматни шакллантириш масалалари муҳокама қилинади. Шунингдек, гуманитар масалалар, оғир вазият муносабати билан афғон халқига ёрдам кўрсатиш ҳам кун тартибидан ўрин олган. Тадбирда Эрон ва Ўзбекистондан ташқари, яна Россия Федерацияси, Хитой, Покистон, Тожикистон ва Туркманистон вакиллари иштирок этмоқда.
LiveБарчаси